Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Туркияда мигрантларга қарши рейдлар: Бедарак кетган ўзбеклар кўпаймоқда


Истанбулнинг энг кўп ўзбекистонлик муҳожирлар меҳнат қиладиган Лалели мавзеи (архив сурати)
Истанбулнинг энг кўп ўзбекистонлик муҳожирлар меҳнат қиладиган Лалели мавзеи (архив сурати)

Туркияда ҳужжатсиз юрган муҳожирларга қарши сўнгги икки ой ичида ўтказилган рейдлар давомида қарийб 36 минг мигрант қўлга олиниб, уларнинг 17 мингдан зиёди мамлакатдан чиқариб юборилган.

Президент сайловидан кейиноқ бошланган бу амалиёт ҳали поёнига етгани йўқ ва рейдлар чоғида тутиб кетилаётганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Маҳаллий пабликлар яқин кунларда Туркияда йўқолиб қолган ўзбек мигрантлари ҳам рейдлар чоғида тутиб кетилиб, депортация марказларида сақланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Охирги ҳафталарда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Ўзбекистондан Туркияга ишлашга келиб, бедарак кетганлар ҳақида эълонлар кўпайди. Фарғоналик журналист Шарифа Мурод учкўприклик 40 ёшли Дилрабо Шоққулова яқинлари томонидан қидирилаётгани ҳақида маълум қилди. Айтилишича, жорий йилнинг 17 июнида Туркиянинг Кўня шаҳрига ишлагани кетган Шоққулова 27 июлдан бери оиласи билан алоқага чиқмаяпти.

Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги ҳам Туркияга ишлашга кетган жиззахлик Гулмира Эрназарова қидирилаётгани ҳақида эълон берди. Консуллик Эрназарованинг Туркияга қачон келгани ва қачондан бери бедарак кетганига аниқлик киритган эмас.

“Туркиядаги ўзбеклар” Телеграм-канали қайдича, бу август ойининг ўзида яқинлари томонидан қидирилаётган еттинчи ўзбекдир.

“Катта эҳтимол билан буларнинг ҳаммаси депортация марказида бўлса керак”, деб ёзган телеграм-канал.

Бу каби тахминлар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қолдирган кўплаб изоҳларда ўз аксини топган.

Озодлик манбаларига кўра, аслида депортация марказига олиб келинган ва мобил телефонлари олиб қўйилган муҳожирларга яқинларига хабар бериб қўйиш учун таксофонлардан фойдаланиш имконияти берилади. Бироқ таксофондан фойдаланиш учун лозим бўлган картага ёки карта сотиб олиш учун пулга эга бўлмаган мигрантлар бу имкониятдан фойдалана олмайди, натижада яқинлари уларнинг қаерда эканидан хабарсиз қолишади.

Туркияда ноқонуний юрган муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар президент сайловидан кейиноқ – июнь ойида бошланган.

Истанбулнинг марказий осиёликлар кўп ишлайдиган Қумқапи мавзеида “товуқ гриль” сотадиган ўзбекистонлик муҳожир ноқонуний мигрант ови икки ойдан буён тинмаётганини айтди:

Икки ойдан бери деярли ҳар куни тутиб кетишяпти ҳужжати йўқ кишиларни. Фақат бугун кўрганим йўқ, холос. Бошқа кунлари “кимлиги” (яшаш учун рухсатномаси демоқчи – таҳр.) йўқларни ҳар куни қўлига кишан солиб, олиб кетишаётганди”, деди у 13 август куни Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Унинг сўзларини пойабзал сотиш билан шуғулланувчи ўзбекистонлик аёл ҳам тасдиқлади.

Ҳозир полициячилар асосан фуқаро кийимида текшириб юришибди. Кимлиги бўлмаганларни ушлаб, “Ениқапи” метроси ёнидаги автобусга олиб бориб тиқишяпти. Кейин ҳаммасини йиғиб, олиб кетишяпти. Тутиб кетилаётганлар фақат “нелегалний” юрган мигрантлар эмас, ҳужжати йўқ туркияликларни ҳам ушлаб кетяпти ҳатто”, деди сотувчи аёл.

Суҳбатдошларга кўра, ҳужжатсиз мигрантларни тутиш бўйича рейдлар марказий осиёликлар кўп ишлайдиган Оқсарой, Лалели ва Қумқапи каби мавзелардагина эмас, Истанбулнинг бошқа туманларидаги ишхоналарда, хусусан, текстиль цехларида кўп кузатилмоқда.

Аввалроқ Туркия Ички ишлар вазири Али Ерлиқая сўнгги икки ойда ноқонуний муҳожирларга қарши бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган 2 минг 548 та махсус амалиёт ортидан 35 минг 867 нафар ҳужжатсиз мигрант ушлангани, улардан 17 минг 258 нафари депортация қилинганини очиқлаган.

Вазир Ерлиқаяга кўра, қолган мигрантларни Туркиядан чиқариб юборишга оид жараён давом этмоқда.

Мазкур рейдлар ортидан Истанбулнинг Тузла тумани Тепеўрен маҳалласидаги депортация маркази тўлиб кетган, шунинг учун, Озодлик манбаларига кўра, ҳужжатсиз муҳожирларни бошқа депортация марказларига жўнатиляпти. Депортация қарори чиққанидан кейин эса улар қайта Истанбулга олиб келиниб, ватанига йўлланмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон июль ойида мамлакат аҳли тез орада “ноқонуний мигрантлар масаласида сезиларли ўзгаришларни ҳис этишлари”га оид баёнот берган эди. Бу баёнотдан кўп ўтмай муҳожирларга қарши рейдлар кўпайган.

Туркияда юрган ўзбекистонликларнинг аксарияти 2022 йил бошидан буён ўзлари учун бу мамлакатда яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олиш жараёни жуда қийинлашиб кетганини айтишади. Шу сабабдан кўплаб муҳожирлар яшаш учун рухсатнома ололмай, Туркияда ноқонуний юрганлар мақомига тушиб қолган.

Туркияда ишлаётган ўзбеклар бу муаммо жорий йил май ойида ўтган президент сайловидан кейин ижобий томонга ҳал бўлишига умид қилишаётган эди. Бироқ сайловдан кейин ўзбекистонликларнинг Туркия расмий идораларидан ҳужжат олиш жараёни олдингидан ҳам қийинлашиб кетгани кузатилмоқда.

Таҳлилчилар буни маҳаллий аҳоли орасида мигрантларга қарши кайфият кучайгани, ҳукмрон партия кейинги йил баҳоридаги маҳаллий сайловларни муваффақиятли ўтказиш учун мигрантлар борасида омма кайфиятини ҳисобга олишга мажбур экани билан изоҳлашяпти. Уларга кўра, мигрантларга қарши рейдлар тинмаётганининг ҳам асосий сабаби шу.

Туркия ўзбекистонлик мигрантлар энг кўп ишлайдиган давлатлардан бири ҳисобланади. Qalаmpir.uz нашриЎзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигига таяниб хабар қилишича, ҳозирда Туркияда 300 мингдан зиёд ўзбекистонлик мигрант бўлиб, улардан тўртдан бир қисмигина (78 минг нафар) мамлакатда қолиш учун расмий ҳужжатга эга.

Форум

XS
SM
MD
LG