АҚШдаги Аризона давлат университети профессори Маргарет Хэнсоннинг ёзишича, шу ой бошида Қорақалпоғистонда конституцияга ўзгартириш киритилишига қарши ўтган қонли норозилик намойишлари марказий ҳукумат вазиятдан яхши хабардор эмаслигини кўрсатиб қўйган.
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева 8 июль кунги баёнотида Нукусдаги воқеалар ҳокимият аҳоли муаммоларига ўз вақтида ечим топишга уринмагани натижаси эканини тан олганди.
"Ҳар қандай кичик деб қаралган масала ўз ечимини топмаган тақдирда, албатта бир куни катта муаммога айланади", деган Норбоева хоним.
Аммо америкалик профессор Маргарет Хэнсоннинг Eurasianet нашридаги мақоласида ёзишича, Ўзбекистонда аҳоли норозиликларига қарамасдан аллақачон катта муаммога айланиб улгурган снос - аҳоли уйларининг ноқонуний бузиб ташланиши ҳануз давом этмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мақола муаллифига кўра, Тошкент шаҳрида қурилиш ширкатлари ҳамда хусусий мулк эгалари ўртасидаги тортишувларни ҳал қилишда "судьялар порахўрликка қўл урмоқда".
"Тошкентнинг Миробод кўчасидаги гавжум маҳаллаларнинг бирида икки қаватли уйнинг ён томонида катта ҳарфлар билан инглиз тилида «БМТ SOS – инсон ҳуқуқларининг бузилиши: ўз уйимдан мажбуран кўчиришмоқда» деган ёзув кўзга ташланади", деб ёзади муаллиф.
Уй эгаси Дилмурод Мирусмонов ўз мулки Golden House Development хусусий фирмаси томонидан тортиб олиниши олдини олиш учун бир неча йилдан бери судлашиб келади.
Профессор Хэнсонга кўра, Мирусмонов ва бошқа шахсларнинг қисмати Мирзиёевнинг қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда кенг тарқалган коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги ваъдалари ҳақида саволларни туғдиради.
Фақат бугина эмас.
"Бундай ҳолатлар ортидан марказий ҳукуматнинг қудрати ҳақида ҳам савол туғилади", дейди америкалик тадқиқотчи.
"2016 йилда Мирзиёев ҳокимиятга келганидан бери Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлар жадал ривожланди. Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан мулкни тортиб олиш ҳолатлари ҳамда ижтимоий норозилик кўпайди. Бунга жавобан, 2019 йилда вазирлик фармони билан мусодаралар музлатиб қўйилди. Бунга қарамай, судлар фармонга қадар маҳаллий ҳокимлар томонидан берилган рухсатномага эга ширкатларнинг ёнини босишда давом этмоқда. Рухсатномаларнинг қонунийлиги ҳақидаги шубҳалар бунга тўсиқ бўла олмаяпти. Уй-жой кодексининг 71 ва 73-моддаларига кўра, фақат шаҳар уй-жойлари ва давлат эҳтиёжлари учун зарур бўлган мулк мусодара қилиниши мумкин.
Дарҳақиқат, Мирусмоновга қўшни оилаларнинг бири ишини кўриб чиққан бош прокурор мулкка даъвогар хусусий ширкат эканлигини айтиб, уйни мусодара қилиш тўғрисидаги қарорни ноқонуний деб топди. Бунга қарамай, Мирусмонов суд тизимининг барча босқичида мағлуб бўлди", дея давом этади муаллиф Eurasianet нашридаги мақоласида.
У тошкентлик фаол Фарида Шарифнинг бундай ҳолат кўп учраши ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.
Шарифга кўра, бошқа ҳолларда мулк эгалари судда ғолиб чиқишади ёки ширкатлар билан келишувга эришишади, аммо Олий суд бу қарорларни бекор қилади.
Судлашиб келаётган мулк эгаларига судьялар қурилиш ширкатларидан пора олаётганини иддао қилишади.
Суд коррупциясини исботлаш қийин бўлса-да, буни кўпинча судьяларнинг хатти-ҳаракатларидан хулоса қилиш мумкин, дейди муаллиф.
Масалан, мулк эгалари муайян судьялар ширкатлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриш сўровларини эътиборсиз қолдираётгани ёки қарор бундай ҳужжатларни кўриб чиқиш учун атиги бир неча дақиқа бериб, қарор чиқараётганини айтишмоқда.
Мирусмоновнинг фикрича, унинг ишида судьяларга "қистирганлар" ғолиб чиққан.
"Буни бошқача изоҳлаб бўлмайди", - деб айтган Мирусмонов Eurasianet нашрига.
Суд қароридан норози Мирусмонов Олий судга шикоят қилган.
Яна бир фуқаро Ольга Абдуллаева сўнгги тўрт йилдан бери ўз уйидан ҳайдаб чиқарилишига қарши курашиб келади. Абдуллаева судьялардан бири уни шахсий учрашувга чақиргани ҳақида гапириб берди.
"Пора таклиф қилиш хаёлимга келмаган", - деди у.
Абдуллаева судья «келишиш» жумласи билан нимани назарда тутганини кейинроқ англаб етган. Унинг иши бўйича қарор чиқараётганда ўша судья унга:
«Сизни чиқариб юборишга ҳеч қандай сабаб йўқ, лекин мен барибир сизни ҳайдаб чиқараман», - деган.
Бундай тортишувларда суд турли хил қарор чиқараётгани адвокатларнинг фуқаролик ва иқтисодий ишлардаги коррупция ҳақидаги даъволарига мос тушади. 2019 йилда адвокатлар билан 20 интервью ўтказиб, мунтазам равишда судьялар пора олаётганини эшитгандим. Ўшанда менга ўртача ҳисобда барча фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг 40 фоизи порахўрлик билан боғлиқ эканлигини айтишганди.
Муаллифнинг таъкидлашича, бу ҳолат Ўзбекистонда судьялар кўпчилик ўйлагандан кўра мустақилроқ эканлигидан далолат беради.
"Коррупция энди тизимли бўлмаслиги, балки индивидуал судьяларнинг пора олишга нақадар тайёрлигига кўпроқ боғлиқ бўлиши мумкин. Гарчи суд ҳокимиятининг мустақиллиги қонун устуворлигининг пойдевори сифатида кўрилаётган ҳамда Мирзиёевнинг чет эл сармоясини жалб қилиш уринишлари учун муҳим бўлса-да, судларнинг жавобгарликсиз мустақиллиги уларнинг нейтрал ҳакамлар сифатида ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон ўз иқтисодиётини жонлантириб, хорижий сармояни жалб қилишга интилар экан, мулк ҳуқуқларининг бузилиши ва норозилик жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, фаоллар конституцияга киритиш таклиф қилинаётган ўзгартиришлар борасида қўшимча хавотирларни изҳор қилмоқда. Қўшни Қозоғистонда маҳаллий амалдорлар мулкни мусодара қилиб, бойиётганликларини ҳужжатлаштирганман. Хитойда эса хусусий мулк ҳуқуқининг бузилиши норозиликларнинг асосий сабабчисидир", дея хулоса қилади Маргарет Хэнсон.