Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича берилган топшириқларнинг "ўз вақтида ва сифатли ижроси устидан назорат"ни ўзининг тўнғич қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёевага топширди.
Бу ҳақда 19 август куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масаласи бўйича Кегейли туманида ўтказган йиғилишида эълон қилинди.
39 яшар Саида Мирзиёева Ўзбекистон президенти администрациясининг амалдаги раҳбари ҳисобланади.
У ўтган йил августида айни лавозимга тайинлангунига қадар Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири бўлиб ишлаган.
2023 йилнинг 20 августида эълон қилинган тузилмавий ўзгаришларга кўра, Президент администрацияси раҳбари лавозими бекор қилинган ва администрация раҳбари Сардор Умурзоқов президент маслаҳатчиси лавозимига ўтказилганди.
Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон президенти администрациясининг расмий вебсайтида "Администрация раҳбарияти" бўлими янгиланмаган.
Мавзуга алоқадор Озодлик суриштируви: Мирзиëев кластерига айланаëтган Ўзбекистон (Тўлиқ матн)Қорақалпоғистондан бошланган юксалиш
Саида Мирзиёеванинг Қорақалпоғистондаги ривожланиш масалаларидаги роли нимадан иборат бўлиши ҳозирча номаълум.
Бунга қадар иқтисодий-ижтимоий ривожланиш билан бевосита ҳукумат ва унинг минтақалардаги идоралари шуғулланиб келган.
Мирзиёева раҳбари бўлган Президент администрацияси эса, Президентнинг 2018 йил 26 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармонига кўра, "мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳолати ва тенденцияларини таҳлил қилиш, амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш" учун масъул.
Унинг бошқа вазифаларига, жумладан:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари, шу жумладан давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишига кўмаклашиш;
- мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш;
- фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини кучайтиришга қаратилган самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;
- кадрларга оид ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ва давлат хизмати ишларининг давлат томонидан бошқарилишини таъминлаш;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлаш каби вазифалар киради.
Саида Мирзиёева Президент администрациясига 2022 йил июлида Қорақалпоғистонда зўравонликларга айланиб кетган қонли намойишлар ортидан бошланган кадрлар ўзгариши фонида келганди.
Администрациянинг ўша пайтдаги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов, Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, норозилик намойишлари ва қон тўкилишига олиб келган конституциявий референдумга тайёргарлик жараёнида йўл қўйган камчиликлари учун ишдан олинган.
Озодлик манбалари унинг ўрнига тайинланган Сардор Умурзоқов билан президентнинг тўнғич қизи ўртасида зиддият борлигини айтишган.
Умурзоқов ўтган йил августида ишдан олинганидан буён президент иштирокидаги ҳукумат мажлисларида бирон марта кўриниш бергани йўқ. Расман у президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.
Қорақалпоғистондаги қонли воқеалардан икки йил ўтиб, Саида Мирзиёева Ўзбекистоннинг янги конституциясида суверен мақомини сақлаб қолган автоном республиканинг ривожланиши учун масъул этиб белгиланмоқда.
Мавзуга алоқадор Алламжонов пайдо бўлди ва "дезинформация"дан огоҳлантирдиСиёсий меросхўр?
Таҳлилчилар наздида президент адмистрацияси вазифаларига кирмаса-да, Саида Мирзиёевага катта бир ҳудуд назорати берилиши ортида ворис тайёрлаш сценарийси яширинган бўлаши мумкин.
Швейцарияда яшаётган собиқ дипломат Алишер Таксанов Ўзбекистонда ҳокимиятнинг президентдан унинг қизига ўтиш сценарийси реал, деб ишонади.
“Катта эҳтимол билан, президент ҳокимияти Мирзиёевдан унинг қизига ўтади. Аммо бу иш ортиқча шов-шув ва пиарсиз, зимдан амалга оширилмоқда. Бир кун келиб Мирзиёев Саидани ворис сифатида таништиради. Халқ эса буни ҳар доимгидек итоат билан жимгина қабул қилади”, дейди ўзбекистонлик собиқ дипломат.
Аммо Лондондаги Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази раҳбари Алишер Илҳомовнинг фикрича, Саида Мирзиёева отасининг ҳокимиятига ягона даъвогар эмас. Унинг фикрича, ҳокимият ўтиш жараёнида Ўзбекистоннинг қудратли махсус хизматлари - Давлат хавфсизлик хизматининг позицияси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
"Буни Каримов вафот этганида кўрдик. Ҳозир Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Ботир Турсунов Саида Мирзиёеванинг қайнотаси бўлади. Бу унга қўл келади. Айни пайтда рақобатни ҳам назардан қочирмаслик керак. Бу ерда Президент хавфсизлик хизмати ҳам бор: у каттагина ресурслар ва нуфузга эга ташкилот. Ушбу хизматда Отабек Умаров муҳим рол ўйнайди. Биздаги маълумотларга қараганда, у билан Саида Мирзиёева ўртасида рақобат мавжуд. Отабек Умаровнинг ўз таъсир ричаглари бор: у президентга жуда яқин, сафарлар ва тадбирларда президентга ҳамроҳлик қилади, шахсий тансоқчи вазифасини бажаради. Жуда нуфузли лавозим, чунки доим президентнинг ёнида ва у билан тўғридан-тўғри гаплаша олади. Шу боис, агар келгусида Ботир Турсуновнинг нуфузи пасаядиган бўлса, Отабек Умаровнинг позицияси янада кучайиши ва Давлат хавфсизлик хизматига ўтиб, амалда "кингмейкер" бўлиши мумкин, ҳатто ўзи президентлик курсисига ўтирса ҳам ажаб эмас. Шу нуқтаи назардан, Отабек Умаровнинг имкониятлари кўпроқ. Агарда Саида Мирзиёева кексайиб бораётган Ботир Турсунов ўрнига ўз одамини қўйишга муваффақ бўла олмаса, албатта”.
Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлган 40 яшар Отабек Умаров Озодликнинг непотизм, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир қатор суриштирувлари марказида бўлган.
Олдинроқ Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси Саида Мирзиёеванинг яқин иттифоқчиси ва Президент администрациясида амалда учинчи одам бўлган Комил Алламжонов билан Отабек Умаров ҳамда ДХХ ўртасида "уруш" борлигини иддао қилган.
Бу "уруш"нинг мотиви Озодликка маълум эмас, аммо вазиятдан хабардорлигини айтган яна бир манба Отабек Умаров олдинроқ Тошкентда президент куёвига алоқадорлиги иддао қилинган "қудратли офис"нинг фош этилганидан ғазабга келганини иддао қилди. Унинг даъвосича, Умаров "маҳаллий тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босимлар ўтказиб келгани" иддао қилинган "офис"нинг фош этилишида "Алламжоновнинг қўли борлигини" тахмин қилган.
Озодлик манбалари бу хабарлар ортидан "Дархондаги офис"да текширув олиб борилгани ва унга алоқадор Умаровнинг атрофидаги қатор шахслар "Дубайга қочгани"ни иддао қилишган.
Ўзбекистон расмий идоралари бу хабарларни шарҳламаган.