Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:51

Алламжонов пайдо бўлди ва "дезинформация"дан огоҳлантирди


Комил Алламжонов 17 июль куни Ўзбекистон президенти администрациясида ўтган йиғилишда.
Комил Алламжонов 17 июль куни Ўзбекистон президенти администрациясида ўтган йиғилишда.

Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда "фейк ва дезинформациялар сони ошиб бораётганидан" огоҳлантирди.

Ўзининг расмий каналидаги хабардан англашилишича, бу ҳақда у 17 июль куни Тошкентда маҳаллий ОАВ раҳбарлари ва журналистлар билан учрашувда гапирган.

Алламжоновнинг баёноти унинг "лавозимдан четлатилгани ва хорижга қочиб кетгани" ҳақидаги гап-сўзлар фонида янграмоқда.

Президент администрациясининг ахборот сиёсати бўйича масъул мулозими ўтган ой жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлгани ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида унинг тақдири билан боғлиқ турли тахмин ва фаразларга йўл очган эди.

Жумладан, таниқли журналист Анора Содиқова шу йилнинг 8 июль куни "Алламжоновнинг Администрациядаги амалдорлик миссияси якунига етаётган кўринади" деб ёзди.

Алламжоновнинг ўзи 17 июль кунги баёнотида бу тахмин ва фаразларга бевосита муносабат билдирмаган.

Аммо у "медиадаги носоғлом муҳит ва журналистика этикасини тартибга солиш" ҳақида гапирган.

Алламжонов раҳбарларидан бўлган президент администрацияси ҳам унинг тақдири билан боғлиқ тармоқлардаги чиқишларга бирон-бир шаклда изоҳ бергани йўқ.

Алламжоновнинг гўёки ишдан олингани ҳақидаги фаразлар бундан олдин ҳам пайдо бўлган, аммо ана шундай фаразлар ортидан у шу йилнинг 10 май куни пайдо бўлган ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро матбуот рейтингидаги ўрнига изоҳ берган эди.

У блогерларга қарши жиноят ишлари мамлакатнинг халқаро сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнига салбий таъсир кўрсатганини тан олган.

Алламжоновнинг қайтиши: Матбуот эмас, 'мафкура котиби'
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00

"Учинчи одам"

39 яшар Комил Алламжонов президент Шавкат Мирзиёев администрациясининг энг таниқли юзи ҳисобланади.

Ўтган йил августида президент администрациясининг янгиланган таркибида Ахборот департаменти раҳбари этиб тайинланган Алламжоновни Озодлик манбалари "администрация вертикалидаги учинчи одам" деб таърифлашган.

Илк бор 2018 йилда тадбиркорликдан ҳукуматга келган Алламжонов монополия ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ қатор иддаолар марказида бўлган.

Унинг ўзи халқаро журналистларнинг ҳокимиятдаги лавозимидан бизнес манфаатларини илгари суришда фойдалангани ҳақидаги иддаоларини рад этган.

2018 йилдан буён президентнинг тўнғич қизи ва амалда администрация раҳбари бўлган Саида Мирзиёева билан тандемда ишлаб келаётган Комил Алламжонов ўзини сўз ва матбуот эркинлиги ҳимоячиси ҳамда ислоҳотларнинг фаол тарафдори сифатида тақдим қилиб келади.

У 2022 йил июлида президент администрациясига қайтганидан сўнг эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви боис "барча бизнес лойиҳалари, компанияларини бошқа эгаларига топшириши"ни эълон қилган эди.

Аммо Алламжоновнинг бизнес манфаатлари билан боғлиқ иддаолар шундан кейин ҳам давом этган.

"Алламжонов қаерда?"

Ҳукумат йиғилишлари ва президентнинг хорижий сафарларида тез-тез кўриниш берадиган, тармоқларда фаол Комил Алламжоновнинг бир ойдан кўпроқ вақт давомида жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлиши турли фаразларни урчитди.

Тармоқларда "Алламжонов қаерда?" деган саволлар ва ҳукуматга унинг тақдирига ойдинлик киритиш ҳақидаги чақириқлар пайдо бўлди.

Айрим блогерлар унинг "Америкадан бошпана сўрагани ёки у билан нимадир содир бўлгани" ҳақида ёзишди.

Гарчи маҳаллий матбуот унинг тақдири билан боғлиқ фаразларга ўрин бермаган бўлса-да, бу саволлар журналистлар орасида муҳокама қилингани Озодликка маълум.

Алламжоновнинг ўзи ҳозирча бу фаразларга ойдинлик киритгани йўқ. Аммо унинг сўнгги баёноти ўзи ҳақида тарқалган, унинг таъбирича, "фейк ва дезинформация"га ишора қилаётгандек.

Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси Комил Алламжонов билан президентнинг кичик куёви ҳамда президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров ва ДХХ ўртасида "уруш" борлигини иддао қилди.

Бу "уруш"нинг мотиви Озодликка маълум эмас, аммо вазиятдан хабардорлигини айтган яна бир манба Отабек Умаров олдинроқ Тошкентда президент куёвига алоқадорлиги иддао қилинган "қудратли офис"нинг фош этилганидан ғазабга келганини иддао қилди. Унинг даъвосича, Умаров "маҳаллий тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босимлар ўтказиб келгани" иддао қилинган "офис"нинг фош этилишида "Алламжоновнинг қўли борлигини" тахмин қилган.

Озодлик манбалари бу хабарлар ортидан "Дархондаги офис"да текширув олиб борилгани ва унга алоқадор Умаровнинг атрофидаги қатор шахслар "Дубайга қочгани"ни иддао қилишган.

Ўзбекистон расмий идоралари бу хабарларни шарҳламаган.

Озодлик бу борада изоҳ олиш учун Комил Алламжоновнинг ўзига боғланишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлгани йўқ.

Президент администрациясида юқори лавозимни эгаллагунича Алламжонов бир муддат Давлат солиқ қўмитасида ишлаган ва ундан сўнг тадбиркорлик билан шуғулланган. "Автотест" инновацион автомактаби ва Миллий ТВ га асос солган Алламжонов давлат лавозимидан ўзининг бизнес манфаатларини илгари суришда фойдалангани ва монополия яратишга урингани ҳақидаги айбларни, жумладан, Озодлик билан суҳбатда қатъиян рад этган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG