Тазйиқ, таъқиб, мажбурий меҳнат. Россия қамоғидаги ўзбек ва бошқа мусулмон маҳкумлар аҳволи ҳақида

Татаристон қамоқхонасидаги мусулмон маҳкумлар. Иллюстратив фото.

Татаристонда “Ҳизб ут-Таҳрир” иши бўйича судланган Зафар Ёқубов Самара вилоятидаги 26-сонли ахлоқ тузатиш муассасаси (АТК)да мусулмон маҳкумлар хўрланаётганини маълум қилди. У “Idel.Реалии” таҳририятига йўллаган мактубида уни ёлғон важлар билан бир неча марта жарима изоляторига қамаб қўйиб, узоқ вақт оиласи билан юз кўришиш имконидан маҳрум этишгани ҳақида ёзган.

Шунингдек, Ёқубовга кўра, АТМ маъмурияти Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлмиш маҳкумларни Украинадаги урушга кўмаклашишга мажбур этмоқда, хусусан, уларни давлат мудофаа буюртмаларини бажартириб, “инсон учун номатлуб шарт-шароит”да сақламоқда. Ёқубовнинг қариндошлари эса “Idel.Реалии”га колонияда раҳбарият қасддан диний адоват қўзғатаётганига доир маълумотлар мавжудлигини билдирганлар. Самара вилояти прокуратураси АТМда қонунбузарлик бўлмаганини иддао қилмоқда.

“Idel.Реалии” нашри Самарада жойлашган 26-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида мусулмон маҳкумларни сақлаш шароити ҳақида иккита хат олди. Бири – “Мемориал” томонидан сиёсий маҳкум деб топилган Зафар Ёқубовдан, иккинчиси эса имзосиз.

“Мен, Ўзбекистонда туғилган Ёқубов Зафар Набиевич Самара вилоятидаги 26-сонли АТМ маъмуриятининг Ўзбекистон фуқаролари шаъни ва қадр-қимматини ерга урувчи ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига эътиборингизни қаратмоқчиман”, дейилади биринчи мактубда.

Ёқубовнинг хотини Алсу Насибуллина хатни эри ёзганини тасдиқлади: “Турмуш ўртоғим ниҳоятда сабр-тоқатли одам, ушбу мактуб қамоқхонада аҳвол чидаб бўлмас даражага етганини англатади”, дейди аёл.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Вагнер” қамоқхонадан ёллаган яна бир ўзбек муҳожири дараксиз кетди

Тожик аслли Зафар Ёқубов 1984 йил 30 мартда Ўзбекистонда туғилган, Татаристон маркази Қозон шаҳрида яшаган. У Самара вилоятидаги 26-сонли АТМда жазо муддатини ўтамоқда. Ўрта махсус маълумотга эга. Қамоққа олинишига қадар тадбиркорлик билан шуғулланган. Уйланган, уч нафар ёш боласи бор. РФ ЖКнинг 205.5-моддаси (Террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил қилиш) 1-қисми ҳамда 205.1-моддаси (Терроризмни молиялаш) 1-қисми билан 17 йилга ҳукм қилинган. 2018 йил 24 апрелдан бери қамоқда.

Россия ФСБга кўра, Зафар Ёқубов Қозонда камида 40 та “Ҳизб ут-Таҳрир” тарғибот йиғинларини ўтказган”, шунингдек йиғин аъзоларидан биридан “2400 рубл аъзолик бадали олган”, бу пулга “китоб ва брошюралар чоп этиш учун зарур материаллар” харид қилган ва партиянинг қамоқ муддатини ўтаётган аъзоларига ёрдам берган. Ёқубов ва яна 13 киши 2018 йилда қамоққа олинган. “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ёқубовни сиёсий маҳкум деб эътироф этган.

“26-сонли АТМ давлатнинг йирик ҳарбий буюртмаларини бажармоқда”

Ёқубовнинг мактубида “2023 йилнинг мартидан 26-сонли АТМ маъмурияти Самара вилояти ЖИЭФХБ топшириғига асосан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон фуқароларини саноат зонасига ҳақ тўланмайдиган ишга мажбуран олиб чиқа бошлаганини, ишдан бош тортганларни жарима изоляторига қамаб, РФ Конституциясида кафолатланган ҳуқуқларини поймол қилаётгани” ҳақида ҳикоя қилинади.

“Маъмурият мажбурий меҳнатни АТМ Россиянинг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий амалиёти билан боғлиқ катта ҳажмдаги давлат мудофаа буюртмасини қабул қилгани билан изоҳламоқда. Ўтган 2022 йилда маъмурият Марказий Осиё мамлакатларининг ўнлаб фуқароларини МҲАга жўнатди, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Кейинчалик маъмурият Ўзбекистон фуқароларини давлат мудофаа буюртмасини бажаришга олиб чиқиш билан уларни МҲАга кўмаклашишга мажбур қилишни бошлади. Ишдан бўйин товлаганлар инсонга номуносиб шарт-шароитларда сақланмоқда”, деб ёзади мактубида Зафар Ёқубов.

Маҳкумга кўра, “кичкина совуқ камерага олти нафаргача одамни тиқиб қўйишлари мумкин; 6:00 дан 22:00 гача каравотлар кўтарилиб, деворга маҳкамлаб қўйилади”; “жарима изоляторидан чиққан маҳкумлар тиббий ёрдам олишга улгурмасдан қайтадан изоляторга қамалади. Изолятор камераларида чироқ жуда хира: на ўқиб, на ёзиб бўлади. Улар учун овқатни техник сувда пиширишади”.

Ёқубов “кўплаб Ўзбекистон фуқароларининг соғлиғи яхши эмас ва юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар уларнинг аҳволини бадтар қилмоқда”, дея урғулаган. “АТМ қошидаги тиббиёт бўлимига мурожаат қилишса-да, уларга ёрдам беришмаяпти. Бизга маълум бўлишича, Россиянинг бошқа ахлоқ тузатиш муассасаларида ҳам Ўзбекистон фуқароларига шундай муносабатда бўлишмоқда экан”, дейди у.

Зафар Ёқубов фикрича, Владимир Путин “МҲА”да иштирок этганларга Россия фуқаролиги соддалаштирилган тартибда берилиши тўғрисида фармон имзолагач хусусий ҳарбий ширкатга аскарликка ёлланиш Марказий Осиё фуқароларига жозибали кўрина бошлаган.

“Россия хаёлий таҳдидларни баҳона қилиб Марказий Осиёда ҳарбий кучини сақлаб туришга интилмоқда. Россия расмийлари КХШТ ҳамда минтақадаги ҳарбий базалардан мақсад дўст мамлакатлар, жумладан Ўзбекистон манфаатларини ҳимоя қилиш эканини иддао қиладилар. Бироқ Россия ҳукумати мулозимларининг Ўзбекистон халқига муносабати – бунга тамом тескари. Тобора яққол кўринаётган иккиюзламачилик табиий савол туғдиради: ўз чегараларини қўриқлаш учун Марказий Осиёнинг одам ресурсларига эҳтиёжманд бўлаётган Россия иттифоқчи мамлакатлар хавфсизлигини таъминлай оладими?” дейди Ёқубов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Вагнерчи муҳожирлар қабристони. Яна икки нафар ўзбекнинг урушда ўлгани хабари чиқди

У “Ўзбекистон фуқароларининг инсон ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва Россия ҳукумати мансабдор шахслари томонидан улар шаъни ва қадр-қиммати камситилиши ҳолатларини аниқлаш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, муаммога Марказий Осиё мамлакатлари расмийлари эътиборини жалб қилиш”ни сўрайди.

“Изоляторга тушасан-ку, сенга учрашув нима керак?”

Иккинчи – имзосиз мактубда 26-сонли АТМда “мусулмон маҳкумларга нисбатан репрессив сиёсат” давом этаётгани ҳақида сўз боради. Муаллиф 2023 йил 1 июнь куни муассаса қошидаги махсус комиссия Зафар Ёқубовни 10 суткага жарима изоляторига қамаганини тилга олган.

Ушбу маълумотни “Idel.Реалии” билан суҳбатда Ёқубовнинг хотини Алсу Набиуллина тасдиқлади. Аёл колония эрининг жарима изоляторига қамалиши биринчи марта эмаслигини, маъмурият оиласи билан учрашишига йўл қўймаслик учун қасддан шундай қилаётганини таъкидлайди.

“Турмуш ўртоғимни сўнгги бор январда кўрдим. Ўшандан бери Зафарни жарима изоляторига қамаб, бизни камида уч марта учрашувдан маҳрум қилишди. Шу тариқа эримни ашаддий қоидабузарга чиқариб, қаттиқ тартибли сақлаш шароитига ўтказмоқчи бўлишса керак. Ўтган сафар жарима изоляторига май ойида тушганди. Эрим маъмурият штабига ариза кўтариб борса, учрашув кунларини белгилайдиган Ерёмин деган ходим “Сенга учрашув нима керак, барибир жарима изоляторига тушасан-ку”, деган экан”, дейди Набиуллина.

Бу 26-сонли АТМда мусулмонлар камситилаётгани ҳақидаги биринчи хабар эмас

Аввалроқ “Idel.Реалии” 2021 йил декабрда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди “Ҳизб ут-Таҳрир”га алоқадорликда айбланиб, қамалган уч маҳкум – Озот Загиев, Ирек Мухаметов ҳамда Зафар Ёқубовлар фойдасига 11 500 евро ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди. Европа суди Россия ҳукумати жарима изоляторига қамалган маҳкумларга учрашувларни ман этиб, уларнинг хусусий ва оилавий ҳаёт ҳуқуқини поймол этган, деб топди. Суд Россия ҳукуматига Зафар Ёқубовга 3500 евро (унинг ишончли вакили бажарган ишлар учун яна 1100 евро) товон тўлаш мажбуриятини юклаган.

2021 йил августда эса Зафар Ёқубов колония ҳудудидаги дўконга боргани учун жарима изоляторига йўллангани хабар қилинган. Ўшанда Ёқубов ФЖИЭХ ходимларининг ғаразли ва шафқатсиз муносабатига жавобан очлик эълон қилган эди.

2022 йил декабрда “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзо бўлганликда айбланиб, қамалган Эдуард Низомовнинг онаси колониядаги хўрликлар ҳақида сўзлаб берган. Рима Низомовага кўра, Самарадаги 26-сонли АТМда қамоқ муддатини ўтаётган ўғли “уйидан жўнатилган кийим-кечак, пойафзал ва қўл соатини ўғирлаган” ходимлар устидан шикоят ёзишга қарор қилганидан сўнг маъмурият босимига учраган.

“Ҳозирча шу ерда ўтир, кейинроқ СУСга жўнайсан”

Алсу Набиуллина айтишича, 26-сонли АТМда 50 дан зиёд мусулмон бўлиши мумкин.

“Сўнгги пайтларда эрим колония ходимлари томонидан бўлаётган камситиш ва хўрликлар ҳақида гапирмай қўйганди, чунки телефонлар эшитилаётган экан. Бироқ у олдинроқ айтган маълумотлардан биламанки, АТМ ходимлари маҳкумларни бир-бирига гижгижлашни одат қилишган, мусулмонлар билан миллати ва дини бошқа маҳкумлар ўртасида диний адоват қўзғатишади. Бунақа можаролар даҳанаки жанг, баъзан ҳатто муштлашув билан тугайди”, дейди аёл “Idel.Реалии” мухбири билан суҳбатда.

Таҳририятга келган аноним мактубда баён қилинишича, 2023 йил 1 июнь куни комиссия Зафар Ёқубовни жарима изоляторига йўллаганидан сўнг Хидирбоев Азиз Нуруллаевич исмли ўзбек маҳкумни ҳам чақиртириб, уни СУСга (“строгие условия содержания – қаттиқ тартибда сақлаш жойи”) ўтказиш тўғрисида “апил-тапил” далолатнома тузган. Лекин кейинроқ бу қарорни ўзгартириб, уни жарима изоляторига қамашган ва “Ҳозирча шу ерда ўтиратур, СУСга кейин ўтказамиз”, дейишган.

“Айни пайтда жарима изолятори ва СУСда сохта қоидабузарликлар учун қамалган бир қанча мусулмонлар бор. Булар бари АТМнинг Храмов Д.А. ва Борисов И.А. каби ходимларнинг ўзбошимчалигини деб бўляпти. Прокуратура ва бошқа идораларга шикоят қилган мусулмонларнинг аҳволи бешбадтар бўлади. Шунга қарамай айримлар 26-сонли АТМдаги муаммоларга жамоатчилик эътиборини тортиш учун ўзларини хатарга қўйишмоқда”, дейилади мактубда.

Очиқ маълумотларга кўра, исмлари келтирилган шахслар ростдан ҳам ушбу АТМ ходимлари бўлиши мумкин. Хусусан, Храмов Дмитрий Александрович муассаса бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлайди, ички хизмат майори унвонига эга. Хатда қайд этилган иккинчи ходим исмини аниқлаштириш имкони бўлмади. 26-сонли АТМ маъмурияти эса изоҳ беришдан қатъиян бош тортди.

“Қонунбузарлик аниқланмади”

“Idel.Реалии” таҳририяти Самара вилояти ахлоқ тузатиш муассасаларида қонунларга риоя этилишини назорат қилиш прокуратурасига сўров йўллаб, 2023 йил 24 май санасида жавоб хати олди. Унда “мурожаатда келтирилган барча важлар бўйича текширув ўтказилгангани, аммо жиноят-ижроия қонунчилиги талаблари бузилиши ҳолатлари ва прокурор томонидан тегишли чора кўриш учун асослар аниқланмагани” маълум қилинган.

Назорат идораси “26-сонли АТМ маъмурияти томонидан маҳкумларга ноқонуний таъсир ўтказилаётгани”га доир мурожаат нусхаси прокуратура текшируви хулосаси билан бирга Россия ИИВ ҳудудий бошқармасига йўлланганини қўшимча қилган.

Зафар Ёқубовнинг турмуш ўртоғи ушбу жавобни “қуруқ расмиятчилик” деб атайди:

“Биз Бош прокуратурага ҳам шикоят қилгандик, лекин барча мурожаатлар барибир ҳудудий мансабдорларга йўналтириляпти, улар эса, табиийки, бир-бирининг кўзини чўқимайди”, дейди Алсу Набиуллина.