Қозоғистон ерости бойликларини кимлар қазиб олмоқда?

Жанаозендаги нефт кони ишчилари Қозоғистон энергетика вазирлигига маошларни ошириш талабини етказиш учун тўпланишган. Остона, 11 апрель, 2023 йил.

Қозоғистоннинг табиий бойликлари нефт билан газдан иборат эмас. Мамлакатда Менделеев даврий жадвалидаги 118 элементдан 99 таси мавжуд. Бу бойликларни кимлардир қазиб оляпти. Озодлик қозоқ хизмати уларнинг кимлигини аниқлади. Қуйида суриштирувнинг асосий хулосалари.

  • Қозоғистоннинг нефт ва газдан бошқа фойдали қазилма конларини ишлатувчи ширкатларнинг қарийб ярми офшор ёки офшор белгиларига эга юрисдикцияларда рўйхатдан ўтган. Яъни, бу юрисдикциялар бизнес учун жуда паст ёки нул солиқ ставкалари таклиф қилади ва фирма эгаларининг анонимлигини таъминлайди.
  • Оқибатда мамлакатда фаолият олиб бораётган аксар қазиб олувчи фирмалар якуний бенефициарларининг шахсини аниқлаш ё жуда қийин, ё имконсиз бўлиб қолаётир. Қозоғистон эса бундан солиқлар ҳисобига юзлаб миллион доллар зарар кўраётган бўлиши мумкин.

ОФШОРЛАР

Босиброқ қаралса, қозоқ замини бағридаги кўмир, олтин, нодир металлар ва бошқа анвойи бойликларни соҳиблари сайёрамизнинг энг экзотик ўлкаларида рўйхатдан ўтган фирмалар қазиб олаётгани аён бўлади.

Озодлик Қозоғистон саноат ва қурилиш вазирлигининг ер қаъридан фойдаланиш шартномалари рўйхатидаги 264 та нефт-газ ширкатини ўрганди. Маълум бўлдики, улардан 40 фоизи офшор ёки “шунақа белгиларга эга” юрисдикциялардаги ташкилотларга бевосита ёки билвосита тегишли экан. Фақат қазиб олувчи ширкатларни ҳисобга оладиган бўлсак, уларнинг улуши 44 фоизга (171 фирмадан 76 таси) етади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путиннинг Қозоғистон президенти исмини адаштириши тасодифми ëки...?

Мамлакат табиий бойликларини, масалан, Британия Виргин ороллари ёки Кайман оролларида рўйхатдан ўтган ширкатлар қазиб олади. Самоа Мустақил Давлатига оид ширкат ҳам бор. Бу мўъжаз ороллар туркуми бўлиб, Қозоғистондан жуда олис – Тинч океанининг бир бурчагида жойлашган. Гернси деган ернинг фирмаси ҳам бор. Бу ҳам орол, фақат Ла-Манш бўғозида, Британияга қарайди.

Қозоғистон табиий бойликларини қазиб олувчи ширкатлардан яна бир талайи унчалик экзотик бўлмаса-да, солиқ сиёсати ва махфийликни таъминлаш нуқтаи назаридан жуда жозибадор бўлмиш Кипр, Нидерландия, Шотландия, Сингапур, Люксембург ва Британия каби мамлакатларда рўйхатдан ўтган.

ЁПИҚ ОФШОРЛАР

Собиқ “солиқ жаннатлари”дан бири – Кипр, Қозоғистон бойликларини қазиб олувчилар уни жуда севишади. 2019 йилда Кипр ўз қонунчилигига ўзгартишлар киритиб, реестрларни очиқлагач ортиқ офшор бўлмай қолди. Аммо у ерда рўйхатдан ўтган ширкатларнинг соҳибларини билиб олиш учун ҳануз ўбдан тер тўкишга тўғри келади. Офшор ширкатлар билан боғлиқ жиддий муаммолардан бири – улар фаолияти шаффоф эмаслигидир.

Бир неча мисол келтирамиз. “БАС” савдо-саноат ширкати Қарағанда вилоятида рўйхатдан ўтган, кўмир қазиб олишга лицензияси ва уни экспорт қилишга эксклюзив ҳуқуқи бор. Ягона акциядори – Кипрнинг CIGARDES LIMITED ширкати. Директор деб Денис Черкашин деб кўрсатилган. У Кипрда рўйхатдан ўтган яна учта ширкатнинг директори ҳисобланади.

Очиқ ҳужжатлар ва базаларда CIGARDES LIMITED мулкдорларини топа олмайсиз. Уларнинг исми шарифларини аниқлаш учун Кипр ҳукуматига сўров киритиш ёки воситачи сайтларга пул тўлаш керак бўлади.

“СТС-1” кўмир ширкатининг якуний эгасини қидирганда ҳам шу аҳвол. У ҳам қозоқ кўмирини экспорт қилиш ҳуқуқига эга. Акциядори – Кипрнинг MD ENLIGHTEN FUTURE LIMITED ширкати, директори – Михаил Тасос. Кипрда директори худди шунақа исм-фамилияли одам директорлик қиладиган яна камида 20 та ширкат бор.

2022 йилга қадар “СТС-1” акциядори Илдар Закиров эди. Уни “кўмир корчалони” деб атардилар. 2011 йилда пул ювиш ва солиқдан бўйин товлаш айби билан Закиров устидан жиноят иши очилган эди. Шундан сўнг у мамлакатдан қочиб кетди. 2012 йилда айблов бекор қилинди. Ҳозирда Закиров – Қарағанда ГРЭС-1 муассиси. У “БАС” билан ҳам боғланган эди, аниқроғи, 2009 йилда “БАС”ни таъсис қилган ширкатлардан бирига эгалик қилган.

Қозоқ кўмирини экспорт қилиш эксклюзив ҳуқуқи SatKomir ва “Разрез Кузнецкий”га ҳам берилган. Уларнинг таъсисчилари Сингапурда рўйхатдан ўтганлар. Ушбу мамлакатда ширкатлар соҳибларини билиб олиш имкони бор, аммо бунинг учун бир қанча бюрократик тўсиқлардан ўтиш керак.

Эксклюзив кўмир экспортчиларидан яна бири – “Транскўмир”. Унинг мулкдорларидан биттаси Кипрда, яна бири эса БААда рўйхатдан ўтган. Амирликлар ўз юрисдикцияларида фирмалар эгаларининг махфийлигини тўлиқ кафолатлайди.

2023 йилда қозоқ кўмирини чет элга сотиш ҳуқуқи жами 33 ширкатда бўлган. Улардан қарийб учдан бири (ёки 10 таси)нинг мулкдорлари Нидерландия, Сингапур, Кипр ёки БААда рўйхатдан ўтганлар.

ОФШОР ЗАНЖИРЛАРИ: БЕНЕФИЦИАРНИ ИЗЛАБ

“Анонимлик”нинг яхши томони ҳам бор: мулкдорларга оид бирон маълумот ўртага чиқса, калаванинг учини топиб олиш мумкин.

Масалан, машҳур офшор ҳудуд бўлмиш Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган фирмалар эгаларининг исмларини оддий йўллар билан аниқлай олмайсиз – уларга тўлиқ анонимлик кафолатланган. Бироқ сиздирма маълумотлар бенефециарларни барибир фош этиб қўяди. Қозоғистонда 2006 йилдан бери мавжуд “Тоқтар” тоғ-кон ширкати соҳибининг исми шу тариқа очиқланган эди.

“Тоқтар”га “КАМЛ Казахстан Холдинг” МЧЖ орқали – Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган WILDORF HOLDING LTD ширкати эгалик қилади. Офшорлардан сизиб чиқадиган маълумотларни таҳлил қилувчи суриштирувчи журналистлар консорциумига кўра, ушбу МЧЖ соҳибининг исми Муҳамеджан Турдахунов бўлиб, у “КАМЛ Казахстан Холдинг” раҳбари ўлароқ қайд этилган.

WILDORF HOLDING LTD – Турдахунов “Соколов-Сарибой тоғ-кон бойитиш ишлаб чиқариш бирлашмаси” бошқаруви раиси бўлган пайтларда ташкил қилинган. У Eurasian Resources Group (ERG ёки Евроосиё гуруҳи)га қарашли. Афтидан, “Тоқтар”ни Қўстанай вилоятидаги Тоқтар конидан олтин қазиб олиш шартномасини қўлга киритиш мақсадида таъсис этганлар.

Айрим ширкатларнинг узун бошқарув занжири бемалол А4 бичимли қоғозга жо бўлади, аммо бу занжирни ҳалқама-ҳалқа текшириб, бир офшордан иккинчисига ўтиб, алалоқибат бенефициар номини билиб олса бўлади. Масалан, “Қазақстан алюминий” ширкати амалда, “Соколов-Сарибой тоғ-кон бойитиш ишлаб чиқариш бирлашмаси” каби, Евроосиё гуруҳига тегишли.

Бу қоғозда қуйидагича акс этади: “Қазақстан алюминий” эгаси – EKT Holding МЧЖ, МЧЖнинг эгалари эса NC Eurasian Holding B.V. ҳамда Eurasian Resources Group B.V.

Занжир бўйлаб давом этамиз: ERG Sales AG – ENRC N.V. – ENRC Finance Limited – Eurasian Natural Resources Corporation Limited – Eurasian Resources Group B.V – Eurasian Resources Group – Қозоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки ва хусусийлаштириш қўмитаси 40 фоиз, ALM Management S.a.r.l 20,72 фоиз, Silverfjord Holding S.a.r.l. 20,71 фоиз, Eleanore Luxembourg II S.a.r.l 18,57 фоиз; ALM Management S.a.r.l – ALM Luxembourg Holdings S.a.r.l – ALM Group S.a.r.l – STAK ALM Holdings I – Машкевич Александр (Исроил давлати); Silverfjord Holding S.a.r.l. – Westfjord Capital S.a.r.l – Ибрагимов Алижон (Қозоғистон, 2021 йилда вафот этган, активлари оила аъзоларига ўтган – Таҳр.); Eleanore Luxembourg II S.a.r.l – Eleanore Luxembourg I S.a.r.l – Шодиев Патох (Белгия) 100 фоиз.

ERG Қозоғистон металлургия саноатининг катта қисмини назорат қилади ва 26 та корхонани ўз ичига олади. Юқорида тилга олинган “Қазақстан алюминий” билан Соколов-Сарибой ТКБИЧБ, шунингдек “Павлодар машинасозлик заводи” ҳам шулар жумласидан.

Eurasian Resources Group’нинг асосий мулкдорлари кўп йиллар Александр Машкевич, Патох Шодиев ҳамда 2021 йилда вафот этган Алижон Ибрагимов эди. 1990-йиллар ўрталаридан ширкат Eurasian Natural Resources Corporation номи билан танилди. Хусусийлаштириш даврида у металлургия саноати активларини сотиб олди. Ширкатга асос солган олигархлар Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга яқин бўлгани айтилади. Хусусан, Франциядан вертолётлар сотиб олиниши билан боғлиқ жанжалли “Вертолёт Қозоқгейт” ишида уларнинг исмлари бирга келган эди.

ENRC Лондон биржасида олди-сотди билан шуғулланган, 2013 йилда эса делистинг қилинган. Ўшанда Британия ҳукумати Африкадаги бизнес операциялари туфайли ширкатни тафтиш қилган эди. Тафтиш ўтган йили, “далиллар етишмаслиги муносабати билан” ёпилди. ENRC ҳозирда тўлиғича, Люсембургда рўйхатдан ўтган Eurasian Resources Group хусусий ширкатига тегишли. Сайтида айтилишича, акцияларининг 40 фоизига Қозоғистон ҳукумати эгалик қилади. Директорлар кенгаши раислари сифатида Машкевич, Ибрагимов ва Шодиевнинг ўғиллари – Собир Шодиев ва Шуҳрат Ибрагимовлар қайд қилинган.

Қозоғистон кончилик саноатидаги “матрёшка”лар ичидан катта олигархларни ҳам, таниқли ажнабий ширкатларни ҳам топиш мумкин. Чунончи, Aktobe Steel Production МЧЖ Виргин ороллари орқали Асаубаевлар оиласига олиб боради. “ҚазГеоруд”, “Коппер Текноложи” ҳамда “Ақтўбе мис ширкати”нинг Ҳолландия ва Кипрдаги соҳиблари ортида эса “Русская медная компания”нинг қулоғи кўринади.

Лекин баъзан занжирнинг сўнгги ҳалқаси ҳеч нимани очиқламаслиги ҳам мумкин. Олтин қазиб чиқарувчи “Қазақалтин” ширкатини олайлик. Ҳозирда у “Алтиналмас” АЖга тегишли. Ушбу АЖ ўзини Қозоғистондаги энг йирик олтин қазувчи деб атайди.

Унинг акциялари назорат пакети Нидерландиядаги Gouden Reserves B.V.га тегишли. Кичикроқ пакет – Владимир Жуманбаевга. Нидерланд ширкати – Сингапурдаги Trustee Pte Ltd мулки экан, у эса, аудиторлик ҳужжатларига кўра, Family Trust ширкати номидан иш кўради. Бироқ Family Trust қанақа ширкатлигини аниқлаб бўлмади: аффилланган шахсларга доир ҳеч бир ҳужжатда манзил кўрсатилмаган. Аммо у Нидерландиянинг Gardien B.V. ширкатига қарайди. Чуқурлашиб бораверсангиз, пировардида бу қудуқ қаърида Россия ва Нидерландия фуқароси бўлмиш Анна Берёзина исмли хонимга дуч келасиз.

Мавзуга алоқадор Қозоғистонда ким миллиардер бўла олади?

Қозоғистон олтин қазиб чиқариш бизнесида камида 2013 йилдан бери ишлаб келаётганига қарамай, Берёзина ҳақида жуда кам маълумот бор. Уни қозоқ тадбиркорлари Владимир Ким ва Эдуард Огай билан боғлиқ кўрилади.

Олтин қазиб олувчилар мавзусини давом эттирадиган бўлсак, Павлодар вилоятида фаолият олиб борувчи “Майқайин алтин” эгаси – Кипрда рўйхатдан ўтган Rence Enterprises Limited ширкатидир. Унга Сербия фуқароси Милан Попович директорлик қилади. Жаноб Попович Кипрдаги яна саккиз ширкатда шу лавозимни эгаллаган. Уни “Русская медная компания” асосчиси бўлмиш российлик олигарх Игор Алтушкин билан боғлайдилар. Алтушкин, Forbes талқинидаги Россиянинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 37-ўринни эгаллаб турибди.

“Майқайин алтин”, бир неча ой муқаддам ичида тўрт қутқарувчи бўлган автобус унинг шахтасига қулаганида яна бир бор тилга тушган эди. Икки қутқарувчининг жасадлари ҳануз топилмади. Қидирув тўхтатилган. Йўқолганлар ўлган деб тан олингани йўқ, уларнинг оилалари эса товон пули ололмаяпти.

ҚОЗОҚ ҚАЗУВЧИЛАРИНИНГ ЭНГ ЭКЗОТИК ОФШОРЛАРИ

Гернси ва Жерси ҳудуди Норманд ороллари таркибига киради. Улар расман Британия тожи остида бўлса-да, кўп жиҳатдан мустақил – ўз солиқ тизими, рамзлари, банклари ва пул бирлиги бор. Гернли ва Жерси бир замонлар энг машҳур офшорлар сирасидан эди, аммо кейинчалик ЕИ ва Британия босими остида солиқ қоидаларини ўзгартиришга мажбур бўлиб, бурунги жозибасини бирмунча йўқотган.

Қозоғистон конларидан фойдаланувчи икки корхонанинг мулкдорлари Гернли ва Жерсида рўйхатдан ўтганлар. Биринчиси – AltynEx Company – Ақтўбедаги Юбилейное конидан олтин қазиб олади. Унинг чин эгаларини аниқлаш мушкул. Электрон ҳукумат қайдларига кўра, ширкат акциялари Жерсида рўйхатдан ўтган Terra Minerals Exploration Limited ҳамда LINKORN LIMITED’га тегишли. Paradise Papers сиздирма маълумотларида биринчи ширкат директори деб қозоғистонлик тадбиркор Динмуҳамет Идрисов, эгаси деб эса Ҳиндистоннинг SUN Gold концерни кўрсатилганди. Linkorn Limited соҳиби эса россиялик Борис Лунин экани айтилган. ОАВлар ёзишича, 2016 йили ширкатда янги акциядорлар пайдо бўлган, улар орасида Динмуҳамет Идрисов (салкам 25 фоиз) ҳамда Анна Берёзина (қарийб 6 фоиз) ҳам бор.

Бироқ Қозоғистон фонд биржаси маълумотларига кўра, AltynEx Company’нинг барча акциялари Сарсенов Элдар Рашитович деган кишининг қўлида. Сарсеновлар оиласи Forbes’нинг Қозоғистон рўйхатига кирган, улар Нурбанк, “Француз уйи” тармоғи, “Бютимания” ва бошқа активларга эгалик қилишади.

Гернси ороли билан “Балауса” фирмаси боғланган. У Қизилўрда вилоятидаги дунёнинг энг йирик ванадий кони – Баласаусқандиқни юргизади. Ванадий маъданидан металлургия, электроника ва кимё саноатида фойдаланилади. Кон шуниси билан диққатга сазоворки, ундаги руда характеристикаси қазиб олишга анча кам маблағ сарфлашга имкон беради. “Балауса” мулкдори – акциялари Лондон фонд биржасида сотиладиган Ferro-Alloy Resources Limited ширкатидир.

Бу ширкатнинг асосий акциядори эса Theseus (Guernsey) Ltd деб аталади ва у яна шу Гернси оролида рўйхатдан ўтган The Athol 3 Settlement ширкатининг ишончли бошқарувчи сифатида иш кўради. The Athol 3 Settlement, ўз навбатида, 2020 йилда таъсис қилинган Vision Blue Resources Limited инвестиция фонди билан аффилланган. Фондга эса Британия консерваторлар партиясининг собиқ ғазначиси Мик Дэвис асос солган.

Ferro-Alloy Resources Limited’нинг иккинчи йирик акциядори ва бош операцион директори – Андрей Кузнецов. 1990-йилларда у Россия Альфа-Банкининг Қозоғистондаги шуъбаси бош директори эди, 2006 йилда эса “Балауса”га директор бўлган.

Самоа Мустақил давлати – Полинезиядаги атиги 200 минг аҳоли яшайдиган мамлакат. У ерда офшор ширкатлар барча маҳаллий солиқлар – даромад солиғи, капитал ўсиши солиғи, транзакция ва шартномалар бўйича солиқлардан озод этилган. Хуллас, шу овлоқ гўшада рўйхатдан ўтган Shine Lead Group Limited отли ширкат олтин қазиб чиқарувчи IRG Kazakhstan фирмасига эгалик қилади. Фирмани 2010 йилда International Resources Group Limited ширкати ва Берикболов Сирим Бахитжанов таъсис қилган. Ташкил этилгани ҳамон “Шаралтин” ширкати унга Шар олтин-руда конини ишлатиш ҳуқуқини берган эди.

Shine Lead Group Limited ширкати IRG Kazakhstan’ни 2017 йилда сотиб олган. Аудиторлик ҳисоботларига кўра, унинг икки аккиядори бор – Dragon Presper Investments Limited ва Dragon Sum International Limited. Иккиси ҳам Британия Виргин оролларида рўйхатдан ўтган. Иккисининг ҳам соҳиби – Хитойнинг Tianjin Dragon Fly Invest Development Co Ltd ширкати бўлиб, бу ширкат икки нафар Хитой фуқаросига қарашли.

ОФШОРЛАР, ТРЕЙДЕРЛАР, СОЛИҚЛАР

Кончилик тармоғининг “Қазатомсаноат”, “ҚазМинералс”, “Қазхром” ва “Қазгеология” каби гигантлари ҳам айрим корхоналарга тўғридан-тўғри эмас, балки чет эл юрисдикциялари орқали эгалик қилади. Экспертлар фикрича, бунинг сабаби оддий.

“Фойдали қазилмаларни экспорт қилиш билан шуғулланувчи бизнес ўз мижозлари билан тўғридан-тўғри эмас, трейдерлар орқали ишлайди. Агар бу Осиё бозори бўлса – кўпинча Сингапурдан фойдаланишади. Европа бозорида эса Швейцариядан. Яъни, агар Чилига кўмир сотиладиган бўлса, Чили ширкати учун пулни Швейцарияда еврода, долларда, франкда ёки бошқа валютада тўлаш қулайроқ, тўлов у ёғига қаерга бориб тушиши уларни қизиқтирмайди. Бу ерда банк тизими мутлақ шаффоф, бунақа схемалар минг йилдан амал қилади ва юқори даражада ишончли. Шунинг учун ҳам ундан тез-тез фойдаланишади. Сингапур ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин”, дейди суриштирувчи журналист Дмитрий Сухарев.

Бироқ бу Қозоғистондаги нефтдан бошқа қазилма конларини ишлатувчи ширкатлар соҳибларининг деярли ярми махфий қолаётганини инкор этолмайди. Уларни топиш учун чет элдаги реестрларни хўп титкилаш, сўров устига сўров йўллаш, узун калавалар чигилини ечиш керак бўлади. Шунда ҳам якуний бенефициар аниқланишига кафолат йўқ. Баъзан эса улар буткул аноним бўлиб қолади.

Экспертларга кўра, бу чуқур муаммолар аломати ҳам бўлиши мумкин.

“Агар ширкат ўзи ишлаб турган мамлакатда рўйхатдан ўтган бўлса, рейдерлик йўли билан босиб олиниши эҳтимоли баланд бўлади: бирон бир корчалон ёки давлат ушбу активларга кўз олайтиради ва истаса, олиб қўяди ҳам. Денгиз орти ҳудудларида рўйхатдан ўтган ширкатга нисбатан бунақа йўл тутиш анчагина қийин. Назаримда, мамлакатдаги йирик ширкат ёки унинг соҳиблари расман бошқа бир юрисдикцияларда бўлиши ушбу мамлакатнинг ҳуқуқ тизими ёмон ишлаётганини ёки умуман ишламаслигини, инвестиция муҳити нобоплигини ва катта бизнесменлар шу тариқа активларини яширишга уринаётганини билдиради”, дейди Сухарев Озодликка берган изоҳида.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Операция “G”: Путиннинг Ўзбекистондаги махфий омбори

Қозоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси маълумотларига кўра, 2018–2022 йилларда Қозоғистондаги резидент юридик шахслар офшор юрисдикцияларга даромад солиғи сифатида салкам 505 млрд танга тўлаганлар, шундан қарийб 285 млрд тангани айнан кончилик ширкатлари тўлаган.

Қўмита Озодлик сўровига жавобан, офшор юрисдикцияларда рўйхатдан ўтган ширкатлар Қозоғистонда ҳам солиққа тортилишини билдирди.

“Солиқ кодексининг 646-моддаси 2-бандига мувофиқ, Кодекснинг 644-моддаси билан белгиланган ваколатли орган томонидан тасдиқланган рўйхатдаги имтиёзли солиққа тортиш тизими мавжуд давлатда рўйхатдан ўтган шахслар даромадларининг тўлов манбасидан 20 фоиз солиқ ундирилади”, дейилган қўмита жавобида.

Қозоғистон кончилик ширкатлари орасида жуда машҳур бўлмиш Нидерландия, Кипр ёки Сингапурни имтиёзли солиққа тортиш тизими мавжуд давлатлар сирасига қўшмайди. Айни чоғда улар билан икки томонлама солиққа тортмаслик тўғрисида шартномалар имзоланган. Бу дегани солиқ тўловчи солиқни фақат бир мамлакатга тўлаши мумкин.

Шу ўринда, мис қазиб олиш билан шуғулланувчи KAZ Minerals Aktogay ширкати билан бўлган воқеани эсга олиш жоиз бўлур эди. У 100 фоиз KAZ Minerals Aktogay Finance Limited’га яъни KAZ Minerals’нинг британиядаги ширкатига тегишли. 2023 йилнинг ёзида Олмаота прокуратураси KAZ Minerals Aktogay 2018 йилдан бошлаб 4 йил Қозоғистонда тўланадиган солиқ миқдорини атай камайтириб, кўпроқ пулни дивиденд сифатида британиялик акциядорига ўтказиб келганини маълум қилган эди. Прокуратура ўшанда 8 млрд танга давлат ғазнасига тушмай қолганини айтган, бироқ солиқ текширувидан сўнг пул давлатга тўланган эди.

Британиянинг Tax Justice Network Қозоғистоннинг солиқ қонунчилиги бузилиши туфайли кўраётган йиллик зарари миқдорини камида 183 миллион долларга баҳолаган. Шундан 118 миллион доллар – ширкатлар рўйхатдан ўтган офшор юрисдикцияларга кетмоқда.

Tax Justice Network экспертларига кўра, бу фақат айсбергнинг учи бўлса ҳам ажаб эмас.

“Ушбу пул оқимларининг табиати рақамларни аниқлашни қийинлаштиради. Пулларни мумкин қадар пинҳон тутишади, бу тушунарли. Бироқ бизда кўламни баҳолашнинг билсовита усуллари ҳам мавжуд. Tax Justice Network’нинг сўнгги очиқ маълумотларида миллий корпорациялар даромадларини офшорларга кўчириши ва бойлигини яшириш орқали солиқ тўлашдан бўйин товлаши оқибатида дунёда йўқолиб қолаётган пул миқдори йилига 470 млрд долларга баҳоланган. Бу ўзига хос мўлжал бўлиб, ноқонуний молиявий оқимларнинг бошқа турлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради”, дейди Карлов университети иқтисодиёт профессори, Tax Justice Network тадқиқот бўлими раҳбари Мирослав Полански.

Полански айтадики, кўплаб мамлакатларда вазият ўзгаришига нуфузли шахсларнинг статус-кводан манфаатдорлиги ва “тизимдан фойда кўраётган элитанинг лоббистлари” халал бериши мумкин.

“Бунақа одамлар қанча кўп бўлса, сиёсатчиларнинг босимга чидаши ва шаффофлик ҳамда адолатли солиқ тизими томон қадам қўйиши шунчалик қийинлашади. Нуфузли кишиларнинг ушбу ўзгаришлар учун курашишни истамаслиги катта муаммо деб ўйлайман. Уларнинг манфаатлари қолган бутун жамият манфаатларига уйғун эмас”, мулоҳаза қилади Полански.

Аммо журналист Дмитрий Сухарев офшорлар вақт ўтгани сайин “пул ювувчи ёки бирон нимани яширишга уринувчи одамлар учун хавфсиз бўлмай қолади”, деган фикрни илгари сурмоқда.

“Ё маълумот сизиб чиқади, ё офшор ҳудудларнинг ҳукуматлари уларни ўзлари очиқлайди. Биз рақамли оламда яшаяпмиз, бундан ҳеч ким ҳимояланмаган. Кимдир пинҳон тутаётган ҳар қандай пулларни, агар хоҳиш бўлса, топиш мумкин”, дейди Сухарев.

Саноат вазирлиги қайдларига кўра, Қозоғистонда қарийб 350 та углеводород конлари ва 950 дан зиёд қаттиқ фойдали қазилма конлари мавжуд. Расмий статистикага қараганда, 2023 йилда тоғ-кон саноатининг мамлакат ЯИМдаги улуши 13 фоизни ташкил қилган.