Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:59

Хитой модели: Пекин ўз сиёсий тизимини бошқа давлатларга экспорт қилмоқда - ҳисобот


Хитой ҳукуматининг 1000 дан ортиқ ўрганилмаган ҳужжатлари таҳлилига асосланган янги ҳисоботга кўра, Пекин ўзининг авторитар сиёсий моделини махсус таълим ва алмашинув дастурлари орқали Глобал Жануб, Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилмоқда.

Пекин ўзининг авторитар тизимини чет элга фаол экспорт қилаётгани борасида баҳслар ўнлаб йиллардан бери давом этмоқда, бироқ илгари ўрганилмаган ҳукумат ҳужжатлари асосида тайёрланган янги ҳисобот Хитой ўз моделини бошқа давлатларга тарқатишга қандай уринаётганини кўрсатади.

Вашингтондаги “Атлантика Кенгаши” таҳлил маркази томонидан 13 июнь куни чоп этилган янги ҳисобот Хитой Савдо вазирлиги 2021 ва 2022 йилларда онлайн нашр этган 1691 та файлга асосланган. Ушбу ҳужжатларда Шарқий Европа, шунингдек, Глобал Жануб деб аталадиган давлатлар – Лотин Америкаси, Африка ва Осиё давлатларида Хитой иқтисодий ва сиёсий моделини тарғиб қилиш учун хорижий расмийлар билан ўқитиш ва алмашинувдан иборат 795 та давлат дастури баён қилинган.

“Бу экспертлар орасида тобора кенг тарқалган фикрни тасдиқловчи ҳақиқий далил”, дейди ҳисобот муаллифи ва «Атлантика кенгаши»нинг Глобал Хитой маркази ходими Нива Яу «Озодлик» радиосига берган изоҳида. "Энди биз Хитойнинг ўз сўзларига таяниб, унинг нима қилмоқчи эканлигини кўрсатишимиз мумкин."

Хитой расмийлари Пекин ўзининг авторитар бошқарув тизимини экспорт қилмаётганини бир неча бор таъкидлаган, бироқ ҳисоботдаги ҳукумат ҳужжатлари тўплами Хитой ўз модели фазилатларини бутун дунё бўйлаб амалдорларга сотишга уринаётгани ҳақида кўплаб далилларга яна қўшимча бўлди.

Хитой модели

Хитой Коммунистик партияси (ХКП) 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатда эксклюзив ҳокимиятга эга. У сўнгги ўн йилликларда бир партиявий авторитар сиёсий бошқарув ва давлат капитализмига асосланган моделдан фойдаланган ҳолда иқтисодий ўсишга эришди.

Таҳлилчилар фикрича, дунёнинг бошқа жойларида ўз тизимини тарғиб қилиш орқали Пекин глобал институтларни қайта ташкиллаштиб, Ғарбнинг Хитойга қарши иқтисодий санкциялари, унинг ҳудудий даъволари ёки инсон ҳуқуқлари аҳволини танқид қилиш билан яккалаб қўйишга уринишига қарши туришга ёрдам берадиган дўст авторитар сиёсий блокни яратмоқчи.

Ҳисоботдаги кўплаб ҳужжатларда савдо билан боғлиқ соҳалардаги таълим дастурлари баён этилган, масалан, портни бошқариш бўйича йўриқномалар, Хитойнинг АҚШда қурилган Глобал Навигация Сунъий йўлдош тизимига қарши йўлга қўйган BeiDou дастурини амалга ошириш, блокчейн ва бошқа соҳалар.

Бироқ, таҳлил қилиш учун тўпланган файллар одатда Савдо вазирлиги ваколатига кирмайдиган бошқа соҳаларга тегишли. Баъзи ҳужжатлар маҳаллий таҳлил марказлари Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасини амалга оширишга қандай ёрдам бериши, этник озчиликларни қандай қилиб интеграциялаш, ОАВнинг янги шаклларни бошқариш каби дастурлар орқали Хитой ҳукумати сиёсатини илгари суришига қаратилган алмашинув дастурларини баён қилган. Шунингдек, хорижий президентлар маслаҳатчилари учун Хитой бошқаруви амалиёти бўйича тренинглар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Дастурларнинг ўзи икки томонлама келишувлар ёки Хитой етакчилигидаги кўп томонлама минтақавий ташкилотлар орқали яратилган бўлиб, улар муайян географик минтақалар ва бир тилда сўзлашувчи давлатлар гуруҳларига мўлжалланган.

Хитой ва “камбағалликка қарши кураш“. “Катта оға” тажрибаси ва Ўзбекистон
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:58 0:00

Масалан, кўплаб ҳужжатларда “рус тилида сўзлашувчи мамлакатларнинг” маҳаллий ҳокимият раҳбарлари, университет ректорлари ва сиёсий маслаҳатчилар учун ўқув курслари тасвирланган бўлса, бошқа дастурлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар – Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари учун махсус мўлжалланган.

Яунинг айтишича, бу дастурлар Хитойнинг сўнгги ўттиз йилликда эришган жадал иқтисодий тараққиёти авторитар ёндашувнинг бевосита натижаси эканлигини Глобал Жанубдаги мамлакатларга етказиш учун мўлжалланган.

“Ушбу ҳужжатлар Хитой нафақат ўзининг иқтисодий муваффақиятини таъминлаган амалий ноу-хауни экспорт қилаётганини, балки бу муваффақият тўғридан-тўғри [Хитой Коммунистик] партиясининг бошқарув усуллари туфайли экани ҳақидаги ғояни тарқатаётганини кўрсатади”, дейди эксперт.

"Разведка маълумотлари тўплаш" ва бошқалар

Яу ҳужжатлаштирган файлларда миллий ОАВни тартибга солиш, интернетдаги маълумотлар оқимини назорат қилиш каби масалаларга нодемократик ёндашувлар дангал маъқулланган.

Яу ҳисоботидаги яна бир жиҳат шундаки, кўплаб дастурлар, айниқса ҳукумат амалдорларига қаратилганлари, "ҳар бир иштирокчидан у ва бошқа хорижий давлатлар ўртасидаги илгариги алмашинувлар ва ўзаро алоқалар ҳақида батафсил маълумот беришни" талаб қилиш орқали "разведка маълумотлари тўпланади".

Яунинг таъкидлашича, ушбу дастур талаблари бир нечта мақсадларга хизмат қилади, хусусан, хорижий ҳукумат амалдорлари тўғрисида маълумот билан таъминлайди. Бироқ, дея қўшимча қилади Яу, бу ҳар бир мансабдорнинг алмашинувда илгари сурилаётган қарашлар ва сиёсатларга очиқлигини ўлчаш усули бўлиши ҳам мумкин.

"Бу [Хитой томонига] ўша шахс Хитой ва унинг давлати ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун воситачи бўла оладими ёки йўқлигини ҳал қилиш имконини бериши мумкин", дейди таҳлилчи.

Хорижий ҳукуматлар билан ишлаш ва уларни тайёрлаш бўйича Хитой дастурлари ўнлаб йиллар давомида ХКП Марказий Қўмитаси қошидаги агентлик бўлган Халқаро алоқалар бўлими томонидан тайёрланган бўлиб, унинг асосий вазифаси партиялараро дипломатиядир.

Бироқ, ушбу бўлимга анъанавий равишда бир партиявий бошқарув ёки шунга ўхшаш коммунистик тузилмаларга эга давлатлар билан алоқа қилиш вазифаси юкланган бўлса-да, сўнгги йилларда у сиёсий партиялар йўналишидан қатъи назар, дастурлар ва алмашинувларни ўтказишни кенгайтирди ва яқинда шу каби мамлакатларнинг, жумладан, Қозоғистон ва Сербиянинг юқори лавозимли амалдорлари билан учрашувлар ўтказди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитой ҳукуматининг бошқа бўлимлари ҳам худди шундай алмашувларни ўтказа бошлаган. Яу тадқиқотига кўра, Хитойнинг Савдо вазирлигидан ташқари камида 10 та вазирлик ва идоралари сўнгги уч йилда хорижий давлат амалдорлари учун таълим дастурларини ўтказган.

Яунинг айтишича, янги кўриб чиқилган ҳужжатлар ва бошқа далилларни ҳисобга олсак, Пекин ўз сиёсий моделини хорижга экспорт қилишга уринаётгани аниқ. Унинг айтишича, бу саъй-ҳаракатларнинг бутун дунё бўйлаб таъсири қандайлиги аниқ эмас.

"Ушбу ҳужжатларда биз Пекин эришмоқчи бўлган мақсадларни кўришимиз мумкин", дейди Яу. "Таъсир ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлиши мумкин, аммо бу дастурлар 2010-йилларнинг охиридан бери сезиларли даражада кенгайиб, бутун дунё бўйлаб минглаб расмийларни қамраб олди."

Форум

XS
SM
MD
LG