Чўзилиб кетган қишлаш. Россиялик "релокантлар" Ўзбекистонда қандай яшамоқда?

Россиялик сайёҳ. Иллюстратив сурат.

Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ва у билан боғлиқ репрессиялар, санкциялар ва сафарбарлик кўплаб россияликларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилди. Россиялик қочқинлар учун энг машҳур жойлар Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёнинг постсовет давлатлари бўлиб, улар жўғрофий ва маданий жиҳатдан яқинлиги, визасиз режим ва нисбатан арзон нархлар туфайли муҳожирларни ўзига жалб этади. Озодликнинг «Idel.Реалии» лойиҳаси русларнинг Ўзбекистондаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистонга 400 мингдан ортиқ Россия фуқароси келган. Бу рақамга Ўзбекистонга узоқ муддатга кўчиб келганлардан ташқари сайёҳлар, ишбилармон саёҳатчилар ва транзит йўловчилар ҳам киради. Украинада уруш бошланганидан бери Ўзбекистонга аниқ қанча "релокант" келгани маълум эмас.

Ўзбекистон давлат статистикасига кўра, 2022 йилда доимий яшаш учун мамлакатга расман икки мингга яқин хорижлик кўчиб келган. Янги муҳожирлар бўлса, эҳтимол, бир неча баравар кўп – кўпчилик ўзини вақтинчалик ёки доимий бўлмаган муҳожир сифатида расмийлаштиради. Мессенжерлардаги турли хил «релокантлар» чатлари иштирокчилари сони кўрсатадики, ҳозирда Ўзбекистонда камида 10 мингга яқин янги келган россиялик истиқомат қилади, уларнинг аксарияти пойтахтда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мобилизациядан қочаётганлар. Мигрантми ё релокант?

Янги муҳожирлар мезбон мамлакат ҳақида қандай фикрда экани ва уларнинг кириб келишига маҳаллий аҳолининг муносабатини билиш учун Idel.Реалии бир неча россиялик ва бир тошкентлик билан суҳбатлашди.

"Етарлича авторитар давлат"

Маркетинг бўйича мутахассис Алина (фамилиясини айтмасликни сўради) 2022 йил сентябрь ойида «қисман» сафарбарлик эълон қилинганидан кейин севгилиси билан Россияни тарк этди. Улар кўчиб ўтиш учун Ўзбекистонни танлашди – Алинанинг фикрича, ўша пайтдаги энг арзон вариантлардан бири шу бўлган. Бундан ташқари, уларга бу мамлакат аллақачон таниш эди.

– Ҳар қандай давлатнинг ижобий ва салбий томонлари бўлади, ҳар бир эмигрантнинг диди ва эҳтиёжи турлича. Шахсан мен Ўзбекистондаги ижобий жиҳат сифатида маҳаллий аҳолининг дўстона муносабати ва Россиядан кўчиб келганлар учун қулай бўлган рус тилининг кенг қўлланилишини айтишим мумкин. Салбий томонлари – иқлим, ёмон экология. Тошкентда радарлар ҳаво сифати соғлиқ учун хавфли эканлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, бу ерда нархлар Санкт-Петербургга жуда ўхшайди ва маошлар сезиларли даражада паст, – дейди маркетолог.

Алина, шунингдек, муҳожирларга унча хуш келмайдиган айрим хусусиятлар ҳақида гапиради: “Ҳайдовчиларнинг агрессивлиги, шахсий масофа сақланмаслиги, бўшашган одамлар ва масъулиятсизлик. Шунингдек, «таниш-билиш»чилик ҳам бор. Бунақаси ҳар ерда учрайди. Одамлар шифокор қабулига навбатда турмасдан ўтиши мумкин, сиздан олдин овқатга буюртма бериши мумкин, агар кассада «ака»нгиз ўтирган бўлса. Бу кенг тарқалган ҳодиса. Сиз ҳам шу оқимга қўшилишингиз керак, акс ҳолда, ҳаётингиз қийинлашади."

– Ўзбекистонда аёлларга бўлган муносабат ҳам ўзига хос. Мисол учун, агар йигитим ёнимда турган бўлса, қайтимни унга беришади. Кўпинча одамлар мен билан эмас, фақат у билан гаплашишади. Бир гал ҳатто очиқ елкам ҳақида гапиришди. Бу мен учун ёқимсиз, лекин индамай қўя қоламан, бу бошқа бир маданият. Эҳтимол, маданий хусусиятларга яна аниқ қоида ва кўрсатмаларнинг йўқлиги ҳам киради. Банкка қўнғироқ қилсангиз бир гап айтса, бориб гаплашсангиз, бошқа гап айтишади. Ҳатто солиқ идорасида ҳам кун бўйи кабинетма кабинет сарсон бўлишингиз мумкин, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, – дейди муҳожир аёл.

Яна Алина шундай таъкидлайди: “Ўзбеклар ҳам ҳар хил бўлади, дунё кезган ёки чет эл университетларида ўқиганлар ҳам бор, эрта турмушга чиқиб, урф-одат бўйича яшаб юрганлар ҳам бор, бу икки хил дунё. Баъзилар билан тил топишиш осонроқ. Бу ерда маҳаллий дўстлар орттирдим, лекин менинг атрофимда асосан Россиядан келган «муҳожирлар» ва бу ерда ишлайдиган бошқа чет элликлар.

– Ўзбекистон етарлича авторитар давлат экан деган таассурот қолди. Ҳатто замонавий Россиядан ҳам кўпроқ авторитарроқ. Бу ерда концерт ва фестивалларни бекор қилишади, митинглар ва намойишлар тақиқланган. Ўтган йили, адашмасам, бир қиз ҳовузда сузиш кийимида рақсга тушгани учун жаримага тортилди. Ҳамон дин ва урф-одатлар қонунларга кўп аралашади. Биз бу каби ҳолатларнинг кўпидан бехабар қоламиз – чунки у камдан-кам ҳолларда ёритилади ва маҳаллий аҳоли ҳатто сиёсий мавзуларни ҳам кўтаришни ёқтирмайди. Ҳаммаси яхши дейишади, – дейди рус аёл.

Келажакдаги режалари ҳақидаги саволга Алина шундай жавоб берди: “Албатта кетаман. Бир йил ўтгач, деярли барча «релокантлар» кетишни истаб қолади – иқлим жуда ёмон, экология ёмон, тиббиёт ёмон, иш йўқ, уй ҳайвонларига муносабат яхши эмас, менталитет ҳамма учун мос эмас. Инфратузилма муаммолари ҳам бор: электр ва интернет тез-тез ўчирилади, қишда газ ўчади. Уйдан ишлашга бўлмайди бу. Умуман олганда, Россияга қайтиш ниятимиз йўқ, бошқа жойга кетамиз. Тўғри, биз бир-биримизга нисбатан қўполликни жуда соғинамиз. Ўзбекистонда барча муаммоларига қарамай, клиникада беадаблик, норози одамлар, қўполлик йўқ”.

Чўзилиб кетган қишлаш

Талаба Глеб (фамилиясини айтмасликни сўради) Россияни Алинадан бироз кечроқ – 2022 йил октябрь ойида тарк этган. Унинг айтишича, «қисман» сафарбарлик туфайли бутун оиласи Тошкентда «қишлаш»га қарор қилган. Натижада «қишлаш» чўзилиб кетди – Глеб ҳали ҳам Ўзбекистонда.

– Олдин хорижда кўп бўлмаган бўлсам ҳам, кетишга қарор қилиш мен учун жуда осон бўлди. Икки сабабга кўра Ўзбекистонни танладик. Биринчидан, ўзбекистонлик дугонам бор, у бу мамлакат ҳақида кўп нарсани биларди. У менга мослашишга ёрдам берди, барча нарсани тушунтирди, кўчиш мен учун жиддий стресс эди. Иккинчи сабаб – яшаш учун рухсат олиш зарурати йўқлиги ва озиқ-овқат ва уй-жой нархи пастлиги.

Глебнинг айтишича, у ҳали Ўзбекистон билан яқиндан танишишга улгурмаган: “Кўчишнинг ўзига жуда кўп куч сарфланди, масофадан туриб кўп ишлашга мажбур бўлдим, шунингдек, битирув йилини ҳам масофадан ўтказдим. Шу нарса ўқишимга салбий таъсир қилди. Мен кўп юрмасдим, амалда янги танишлар орттирмадим, айниқса, ичмаганим, барларга бормаганим сабабли. Менга шаҳар сифатида Тошкент ёқади. Тўғри, Самарқандга нисбатан диққатга сазовор жойлари унчалик кўп эмас”.

– Кўпчилик россияликлар Ўзбекистон иқлимидан нолийди, лекин шахсан менга бу ёқади. Ёзда 50 даража иссиқ бўлади деб қўрқитишганди, лекин қишда кўпроқ қийин бўлди – ўтган қиш аномал келди, инфратузилма учун ҳақиқий синов бўлиб чиқди. Умид қиламанки, бу бошқа такрорланмайди. Салбий жиҳат сифатида антидепрессантларни топиш қийинлиги ва ижара нархларини айтишим мумкин – улар пастроқ бўлиши мумкин эди, жуда бўлмаганда Қозоғистон ва Грузиядан пастроқ бўлиши мумкин. Бу ерда ҳайвонларга муносабат менга ҳам ёқмайди. Ҳеч қандай маданий тўсиқларни ҳис қилмайман, фикримча, одамлар ҳамма жойда бир хил. Тўғри, ҳали ҳам мулоқот қилишни яхши билмайман, иш ва ўқиш туфайли кучим ҳам, вақтим ҳам етарли эмас, – дейди муҳожир.

Глеб диплом ишини ҳимоя қилиш учун Россияга қайтиб, кейин эса хорижда – Ўзбекистонда эмас, учинчи давлатда аспирантурага ўқишга киришни режалаштирмоқда. "Ҳозирча бошқа режам йўқ. Балки, бирор сабаб билан қайтишим тезлашар ёки кечикиб кетар", дейди россиялик йигит.

"Ўзингизникига айланади"

«Idel.Реалии»нинг яна бир суҳбатдоши, татаристонлик Қосим (фамилиясини айтмасликни сўради) Ўзбекистон ва Тошкент ҳақида айниқса мақтаб гапиради. У Украинага босқин бошлангандан бери узоқ вақт давомида бир неча бор чет элга саёҳат қилган ва кўчиб ўтиш учун турли мамлакатларни "яқиндан ўрганган".

Ўзбекистон татаристонликка ёқиб қолди. Қосим бу мамлакатнинг минтақадаги қўшниларига нисбатан афзалликлари қаторида таомлари хилма-хиллиги ва юқори сифатли маҳсулотлар, арзон нарх, яхшироқ тиббиёт ва ижтимоий муҳитнинг ўзига хослигини санайди – Тошкентда у ўзини ўз ватанидагидек ҳис қилди. Қозоғистонда эса тўлиқ интеграцияни тасаввур қила олмайди.

Бундан ташқари, у татар тилини билгани сабабли ўзбек тили унга айниқса осон эканини айтади. Тарихан татарларнинг Марказий Осиёдаги энг яқин қариндошлари қипчоқ тиллари – қозоқ, қирғиз ва қорақалпоқ тилларидир. Ўзбек тили бошқа гуруҳ – қарлуқ лаҳжасига мансуб, аммо Қосимнинг таъкидлашича, қадимий ёзма анъаналарнинг муштараклиги туфайли ўзбекча унинг она тилига айниқса яқин.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Қамагани яхши, лекин урушга бормайман!" Руслар сафарбарлик ҳақида қандай фикрда?

"Одамлар ва уларнинг ички маданиятини тушуниш муҳим"

Ўзбекистонга русларнинг кириб келиши ҳақида гапирар экан, маҳаллий турғун Артур (фамилиясини айтмасликни сўраган) 2021 йил билан солиштирганда Тошкент кўчаларида аҳоли таркиби кам ўзгарганини, аммо муҳожирлар сони кам бўлса ҳам, дарҳол кўзга ташланишини айтади.

– Ўтган йил баҳорида мен янги келганларга муайян эҳтиёжларни қондириш – ҳужжатларни тайёрлаш, уй-жой топиш, керакли нарсаларни сотиб олиш ёки ҳатто болани мактаб ёки боғчага беришга кўмаклашиш учун тўлиқ қўлланма тайёрлаган ташкилотда ишладим. Очиғи, релокантларга нисбатан салбий муносабат, айниқса, бошида жуда оз эди. Миллатидан қатъи назар, вазият даҳшатли эканлигини ҳамма тушунарди. Балки бу фақат менинг атрофимда шундай бўлгандир, лекин менимча, деярли ҳамма жойда одамлар меҳмондўст эди”, дейди ўзбекистонлик.

Унинг айтишича, бир йилдан сўнг вазият ўзгарди: "Салбийлик пайдо бўла бошлади. Бу қисман келганларнинг кундалик талаблари билан боғлиқ. Табиийки, улар фарқни ҳис қила бошлашди – улар бу ерда ҳамма шароит ҳам уларнинг уйларидагидек эмаслигини билишди. Улар бундан нолишарди. Бу айрим маҳаллий аҳолининг ғазабини қўзғатди. Бу айниқса уй-жой ижараси нархининг кескин ва сунъий оширилиши бўлди. Ўзим ҳам яқинда уй эгалари талабни ошириб юборганига гувоҳ бўлдим. «Релокантлар» яхши шароит ва қулайликка интилиб, мавжуд ўртача нархдан юқорироқ тўлашга тайёр эди. Уй эгаларига, албатта, бу шартлар ёқарди, шунинг учун нархлар кўтарилди. Улар кета бошлашига қарамай, нархлар тушмади.”

– Муҳожирлар оқими меҳнат бозорига ҳам таъсир қилди. Баъзида маҳаллий бўлмаган мутахассисларни юқорироқ маош билан ишга олишади. Эҳтимол, ҳозир бу нарса камайган. Мамлакатимизда кўплаб соҳаларда одамлар ва уларнинг ички маданиятини тушуниш жуда муҳим. Янги келганлар орасида бунинг уддасидан чиққанлар кам, дейди тошкентлик.

Умуман олганда, Артур россияликлар билан мулоқотни ижобий деб таърифлайди: "Мен бир нечаси билан дўстлашдим, ҳатто баъзилари билан яхши дўст бўлдим. Менимча, бу ерда қолишни истаганлар бор – бу уларнинг шу жой ҳақида таассуроти ижобийлигини англатади. Кимдир маҳаллий ҳийла-найрангларни тушунмаган бўлиши мумкин, лекин кейин сўраб суриштириб билиб олишади ва мослашишади. Империяча ва мустамлакачи қарашдагиларини учратмадим. Менимча, бу менинг ижтимоий доирам билан боғлиқ, улар билан асосан дўстларим орқали танишганман. Эҳтимол, шунинг учун потенциал ноқулай танишлар бўлмаган”.

– Кўпчилик муҳожирлар ўзбек тилидаги алоҳида сўзларни ўрганишга қизиқади, лекин бу одатда оддий кундалик иборалардан нарига ўтмайди – амалда бунга кундалик ҳаётда ҳам, ишда ҳам эҳтиёж сезилмайди. Ҳеч бўлмаганда Тошкентдаги вазият шундай. Бухоро ва Самарқандда, билишимча, ўзбек тили тожик ва рус тилига қараганда камроқ қўлланади, шунинг учун у ерда ҳам вазият шундай, – дейди ўзбекистонлик.

“Релокантлар” мамлакатда узоқ қоладими, жамиятга тўлиқ қўшила оладими, деган саволга жавоб берар экан, Артур шундай тушунтиради: “Буни айтиш жуда қийин, лекин менимча, «ҳа»дан кўра «йўқ» кўпроқ. Бу ерда ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам кўпинча кетишни истайди – ҳеч бўлмаганда олий маълумот олиш учун. Қизиғи шундаки, кетганда ҳам ўзбеклар кўпинча ўзгармай қолади, асосан Ўзбекистонга этник яқин бўлган ва урф-одатларга кўпроқ содиқ бўлганлар бирлашади. Мен Ўзбекистондаги хорижликлар орасида шунга ўхшаш нарсани кузатмаганман – авваллари улар камроқ бўлгани учундир балки”.