Ўзбекистон шаҳарларида, хусусан, пойтахт Тошкентда ҳатто қисқа муддатга чет элга чиқиб келганлар ҳам милиция суҳбатига чақирилаяпти. Хорижга чиққан айримлар мустасно - участка нозирлари қарийб барчанинг эшигини тақиллатиб келяпти.
Азиятерра сайтининг ёзишича, Тошкентнинг Миробод туманида яшовчи ва яқиндагина Озарбайжонга чиқиб келган аёлга (хавфсизлик важидан унинг исми келтирилмаган) участка нозири қўнғироқ қилиб, ўз сафари ҳақида тушунтириш хати ёзиб бериш учун бўлимга кириб кетишни сўраган. Нозир уларда Тошкент аэропорти маълумоти асосида тузилган, Озарбайжон ва Белоруссияга борган фуқаролар рўйхати борлигини айтган.
Тушунтириш хатида сафарга чиқиш ва қайтиш муддати, сўралувчи шахс хориждалик пайтида яшаган аниқ манзилини кўрсатиш талаб қилинган.
Бундан ташқари, милиция ходими аёлдан паспорти нусхасини ҳам сўраган, унга оид маълумотлар махсус қайд базасига киритилиши учун туман ички ишлар бўлимига бориши лозимлигини айтган.
Участка нозирига кўра, бу ишларнинг барчаси “хавфсизлик мақсадида амалга оширилмоқда” экан.
Аёл Миробод туман ички ишлар бўлимида ўзига ўхшаб сўроққа тутилаётган ўнлаб кишини учратган. Уларга дини, касб-кори ва яна қайси мамлакатларда бўлиб қайтгани ҳақида саволлар берилган. Жавобларнинг барчаси компьютерга киритилган. Суҳбатдан сўнг милиционерлар сўроққа чақирилганлар билан мулойим оҳангда хайрлашганлар.
Ўзбекистонлик сайёҳлар сўроққа тутилаётгани ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Фейсбукдаги гуруҳлардан биринингиштирокчилари бўлмиш ўзбекистонлик фойдаланувчилар Туркия, Россия ва Қозоғистонга борганларидан кейин милицияга чақирилгани ҳақида ёзганлар.
Гуруҳ иштирокчиларига кўра, уларни туман ички ишлар бўлимига чақирув қоғози ва таҳдид билан чақирганлар, бўлимга келмаган тақдирда тегишли модда билан жавобгарликка тортилишдан огоҳлантирганлар.
Хусусан, форум иштирокчиси бўлган бир қизнинг ёзишича, милицияда унга: “Агар келмаганингизда, бундан буён чет элга чиқишларингизни тақиқлаб қўярдик”, дейишган.
Бу жараённинг таҳқирли эканини қайд этган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Ўзбекистонда “чиқиш визаси” деб аталадиган стикерни олиш тизими ҳалигача сақланиб қолаётганига, собиқ Совет Иттифоқининг бошқа ҳеч қайси давлатида бунақа тизим қолмаганига эътибор қаратганлар. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқароларидан виза талаб қилинган мамлакатларга ўзбекистонликлар ана шундай стикерсиз кира олмайди, акс ҳолда, уларга “чегарадан ноқонуний ўтган” ёрлиғи ёпиштирилиши ҳам мумкин.
Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, милицияга чақирилаётган ўзбекистонлик сайёҳлар тушунтириш хати ёзиш билан бирга туман поликлиникаларига тиббий кўрикдан ўтишга ҳам даъват қилинаётган экан. Тармоқ фойдаланувчиларига кўра, хорижга чиқиб келган одамларнинг поликлиникага паспорти билан келиши ва тиббий кўрикдан ўтиши мажбурийдир.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги шу йил феврал ойида чет элда яшаëтган 75 минг ўзбекистонлик шахсига оид маълумот тўпланиб, улар махсус қайдга олингани, айни пайтда, чет элдан қайтган яна 70 минг киши билан “профилактик” суҳбатлар ўтказилганини расман маълум қилган эди. Айни пайтда бу одамлар хорижда узоқ вақт ишлагани қайд этилганди. Чет элга 2-3 кунга чиқиб келганлар ҳам сўроққа чақирилаётгани эса яқиндан бери кузатилаётган ҳолатдир.