Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Хорижда яшаëтган 150 мингга яқин ўзбекистонлик МХХ махсус қайдига олинди


Тошкент жамоат транспортида милиция ходимлари.
Тошкент жамоат транспортида милиция ходимлари.

Ўзбекистон Ички ишлар идоралари 20 февралдан бери олиб бораëтган кенг кўламли “Тозалаш - Антитеррор” тадбири давомида чет элда яшаëтган 75 минг ўзбекистонликка оид шахсий маълумотлар тўпланиб¸ улар махсус қайдга олинган. Айни пайтда¸ яқинда чет элдан қайтган 70 минг киши билан “профилактик” суҳбат ўтказилиб¸ улар ҳам махсус рўйхатларга киритилган.

Бу рақамлар Ўзбекистон ИИВ нинг расмий нашри бўлган “Постда” газетасида келтирилди.

Айни нашрга кўра¸“Тозалаш - Антитеррор” тадбири доирасида 261 нафар хорижлик ва фуқаролиги йўқ шахслар мамлакатдан чиқариб юборилган ва 306 киши руҳий касалларни даволайдиган ëпиқ муассасаларига мажбурий муолажа учун ётқизилган.

ИИВ ахборотига кўра¸ сўнгги бир ой ичида қишлоқлар, маҳаллалар, корхона, ташкилотлар ва таълим муассасаларида 13 минг 800 дан зиёд учрашув ҳамда давра суҳбатлари ўтказилиб, фуқаролар огоҳликка чақирилган.

Бу рақамлар ортидаги тафсилотларни ўрганиш давомида Озодлик мухбири суҳбатлашган навоийлик 27 яшар шахс¸ Истанбул орқали Тошкент аэропортига қўнганида жиддий текширув объекти бўлганини айтиб берди:

- Наврўз ҳамда қариндошимизнинг тўйи учун боргандим. Тошкент аэропортининг ўзида 4 соат қолиб кетдим. Олдинига сурув қўйлар каби битта пода қилишди. Кейин Европадан келган ўзбекларни бир гуруҳ¸ Туркиядан келганларни бир гуруҳ қилишди. Россиядан келганлар катта гуруҳ бўлди. Кейин тез-тез савол жавоб қилиб гуруҳдагиларни яна айиришди. Мени жиддий савол-сўроқ қилинадиганларга қўшишди. Мени сўроқ қилган одамнинг қўлида Чехия бўйича шпаргалка-вопросник бор экан. Ўшанга қараб савол-сўроқ қилди. Масжидга борасанми¸ журналистлар билан учрашганмисан¸ деган саволлар. 4 соат ўтиб аэропорт ташқарисига чиқиб Навоийга кетадиган машинага ўтириб уйга кетдим. 6 соатларча юриб уйга борсам¸ аллақачон маҳалла посбони келиб кутиб ўтирган экан. Уйга кириб юкларимни қўйдиму посбонга қўшилиб маҳалла идорасига бордим. У ерда яна қайтадан саволларга жавоб бердим. Бир неча қоғозларга қўл қўйдиришди ва СПИД аниқлайдиган докторхонага йўлланма берди¸ дейди суҳбатдош.

Махсус чиғириқдан ўтказилган бу манбанинг айтишича¸ тўрт кун ичида ўзини яна икки марта қайта ”суҳбатга” чақиришган:

- Бир мартасида Навоий вилоят ИИБ профилактика бўлимида суҳбат бўлди. Кейин СНБнинг ҳужжатини кўрсатган киши СПИД аниқлайдиган докторнинг кабинетида суҳбатлашди¸ дейди навоийлик суҳбатдош.

Бу йигит Ўзбекистон ИИВ ва МХХ ходимлари томонидан кейинги бир ой ичида суҳбатдан ўтказилган 70 минг четдан қайтган Ўзбекистон фуқаросидан бири¸ холос.

“Тозалаш - Антитеррор” тадбири қандай ҳуқуқий асосларга эга?

Самарқандлик адвокат Дмитрий Владимиров Озодлик мухбири билан ëзишув асносида бунга ойдинлик киритди:

- Чет элдан қайтганлар билан “Профилактик суҳбат” процессуал нормалар қўпол тарзда бузилган тергов сўроғига ўхшайди. Бу тергов Ўзбекистон фуқаросининг аэропортга келиши билан бошланиб¸ участка милиция нозирининг тунги ташрифлари билан давом этади. Ўзбекистонга кириш ва чиқиш эркинлиги мамлакат конституциясида кафолатланганини эслатиб қўйгим келади. 70 минг фуқарони санкциясиз ҳолда сўроқ қилган мулозимларни ўз хизмат вазифасинни суъистеъмол қилиш ҳамда мансаб ваколатларини ошириш каби моддалар билан жавобгарликка тортиш мумкин¸ дейди адвокат.

Айни пайтда¸ адвокат айтган қоидалар қоғозда қолиб кетмоқда.

Озодликка маълум бўлишича “Тозалаш - Антитеррор” тадбири Тошкент шаҳрида фаол ўтказилмоқда.

Жиззахлик машина устаси Дилшод Наврўз байрами арафасида автомобил эҳтиёт қисмлари сотиб олиш учун Тошкентга борганида¸ бир куннинг ичида 14 марта тўхтатиб сўроқ қилингани, кунни милиция бўлимларида ўтказиб, Жиззахга қуруқ қўл билан қайтиб келганини айтади.

Тозалаш тадбирида иштирок этаëтган “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасидаги Озодлик манбасига кўра¸ айни кунларда бошқа давлатларга узоқ муддатга чиқиб кетганларнинг шахсини аниқлаштириб, махсус рўйхатни МХХдаги кураторларга ëзма равишда топшириш ишларига жиддий эътибор қаратилган:

- Олдинлари четда юрганлар шунчаки назорат қилинар эди. Бир-икки кунга кетди¸ эрта-индин келиб қолади¸ деб қўя қолардик. Ҳозир унақа эмас. Маҳаллага СНБдан наводка келади ким қаердалиги ҳақида. Шу асосда ишлаяпмиз. Мени ўзим бир ой давомида 130 кишининг оиласига бориб тушунтириш хати ëздириб олдим. Тушунтириш хатининг образеци бор. Паспорт-прописка режимини бузганлар билан алоҳида гаплашаяпмиз¸ дейди суҳбатдош.

Манбанинг айтишича¸ бир ой ичида Тошкент шаҳрида мақсадсиз кезиб юрган 1268 киши ушланиб профилактика марказига олиб кетилган.

Озодлик манбаларига кўра, айни кунларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегара постларида ҳам назорат кучайтирилган.

Шу кунларда ёпиқ қолаётган ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон томони чегараолди ҳудудларни кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG