Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг видеоанжуман шаклида Женева шаҳрида ўтказиладиган галдаги йиғилишида Ш. Мирзиёев Ўзбекистондаги “демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталиши” кутилмоқда.
Душанба куни бошланадиган йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олган.
Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллар иштирок этиши режаланган.
Ўзбек расмийлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини иддао қилиб келаётган бўлса-да, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда бу борада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар мўллигини айтиб, мамлакатдаги аҳволни танқид қилишда давом этмоқдалар.
Дейлик, Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ўтган ой ёйинланган ҳисоботида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қарамай, сиёсий тузум "асосан авторитарлигича” қолаётганини урғулаган.
“Кўплаб ислоҳот ваъдалари ҳануз бажарилмади. Минглаб одам, асосан мўътадил диндорлар, қамоқхоналарда сохта айбловлар билан сақланмоқда. МХХ (ҳозирда ДХХ - таҳр.) кескин танқидчиларни қўлга олишда ҳануз катта қудратга эга ва мамлакатда том маънодаги ҳурфикрлилик йўқ”, дейилган халқаро ташкилот ҳисоботида.
Ҳужжатга мувофиқ, 2019 - 2020 йил давомида ҳам мамлакат қамоқхоналарида маҳкумларга нисбатан қийноқ ва зўравонлик қўллангани, журналист ва фаоллар таъқибга олингани, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари расман рўйхатга олинмагани, мажбурий меҳнатга ҳам барҳам берилмаганига оид ҳолатлар қайд этилган.
HRW ҳисоботида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ равишда 2019 йилда ўтказилган парламент сайлови, сиёсий маҳбуслар ва реабилитация, жосуслик ишлари, қийноқлар масаласи, Covid-19 чекловлари, сўз ва матбуот эркинлиги, жинсий озчиликлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик ҳамда мажбурий меҳнат каби мавзуларга алоҳида тўхталинган.