Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликлар ҳибсга олинади

АҚШ-Мексика чегараси.

Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилди, деб хабар берди Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

20 ноябрь куни эълон қилинган билдирувда айтилишича, эндиликда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринаётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмайди, балки улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунига қадар ҳибсда сақланади. АҚШ Ички хавфсизлик департаменти бу борада Давлат департаментини хабардор қилган.

Элчихона АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича расмий Тошкент билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

“Мамлакатдан чиқариб юбориш тижорат авиакомпаниялари ҳамда АҚШ Иммиграция ва божхона назорати билан тузилган чартер рейслари орқали амалга оширилмоқда”, дейилади билдирувда.

Элчихона Мексика орқали АҚШга ноқонуний ўтиш хавфли ва қиммат экани ҳақида ўзбекистонликларни огоҳлантирган.

Озодлик радиоси 18 октябрда АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Европа Иттифоқи ва ташкилотга аъзо айрим давлатлардан Ўзбекистон ва Тожикистондан Америкага бораётган йўловчиларга транзит визасини жорий этишни сўраётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Вашингтоннинг билдиришича, бу икки давлат фуқароларига нисбатан виза режимининг қатъийлаштирилишидан мақсад эҳтимолий террорчиларнинг АҚШга киришини олдини олишдир.

Хабарда айтилишича, қатор ўзбекистонликлар «ИШИД»га алоқадор контрабандачи воситасида АҚШга Мексика чегарасидан кириб келгани аниқланганидан сўнг, Вашингтон Европа Иттифоқига мана шундай илтимос билан мурожаат қилган.

Марказий Осиёлик мигрантларнинг кўпчилиги Европа Иттифоқи орқали Лотин Америкасига ўтиб, кейин Мексика чегарасидан АҚШга ўтишга уриниши айтилади.

Август ойининг охирида Озодлик Ўзбекистондан АҚШга одамларни ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган тармоқ фаолиятига чек қўйилгани тўғрисида хабар берганди. Қўшма Штатлар расмийларига кўра, тармоқнинг камида бир аъзоси хорижий террорчи гуруҳ билан алоқада бўлган.

АҚШ расмийсининг айтишича, ФҚБ контрабанда тармоғи орқали АҚШга кирган 120 га яқин ўзбек муҳожирларидан 15 га яқинини қидирмоқда.

13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.

Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.

Ўзбекистондан олдинги биринчи ўринда Туркия (30 830 киши), Мавритания (15 594) бормоқда. Ўзбекистондан кейинги ўринларда эса Миср ва Покистон кўрсатилган.

Озодлик радиоси августнинг охирларида“Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.