Озодлик билан суҳбатда Тошкент мулозимларидан бири¸ чиқиш визаси тақдирини ҳал қилишда белгиловчи сўзни Ички ишлар вазирлиги ва МХХ айтажагини билдирди. Жараëнга алоқадор мулозимлар¸ бу икки идора учун аҳолини назорат қилишнинг қулай механизми баробарида яхшигина "кормушка"га айланган чиқиш визаси тизими бекор этилишидан айнан ИИВ ва ММХнинг манфаатдор эмаслигини таъкидлади.
“Фуқаролар ҳаракатини назорат қилишнинг янги механизми ишлаб чиқилгунча¸ чиқиш визаси бекор қилинмайди”
Бу гапни Озодликка ўзбекистонликларнинг хорижга чиқиши учун талаб этиладиган чиқиш визасини бекор қилиш бўйича давлат дастурига киритилган вазифа ижросини муҳокама қилишга алоқадор Тошкент мулозимларидан бири айтди.
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид ДАВЛАТ ДАСТУРИ” деб номланган кенг кўламли ҳужжатлар тўплами президент Шавкат Мирзиëев 7 февраль кунги фармони билан тасдиқланди.
Бу дастурнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари” деб номланган 2-бобининг
Бу моддада Ички ишлар вазирлиги¸ Ташқи ишлар вазирлиги¸ Миллий хавфсизлик хизмати¸ Давлат божхона қўмитаси¸ Бош прокуратура,
Олий суд, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги ва
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси зиммасига 2017 йилнинг биринчи уч чораги ичида “паспорт тизимини такомиллаштириш орқали хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш» деган вазифа юклатилган.
Бу вазифа устида ишлаëтган 9 давлат идорасидан бири мулозимининг Озодликка билдиришича¸ паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштиришнинг янги механизмини ишлаб чиқиш билан айни кунларда Ички ишлар вазирлиги шуғулланмоқда.
“Вазирлик бу вазифани қандай амалга ошириш лойиҳасини ишлаб чиқиб¸ уни қолган 8 идора муҳокамасига беради. Биз ИИВ таклифига ўз позициямизни ëзиб¸ уни Вазирлар Маҳкамасига тақдим қиламиз. Махсус комиссия (раиси Бош прокурор Ихтиëр Абдуллаев-таҳр.) 9 идоранинг таклиф ва муносабатини кўриб чиқиб¸ уни мувофиқлаштириб¸ янги механизмни тақдим этади. Қайси идора нимани таклиф этади¸ комиссия кимнинг позициясини асосли деб қабул қилади¸ кимники ўтмайди¸ буниси ҳозирча номаълум”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган бу мулозим.
Суҳбатдошга кўра¸ бу жараëн¸ дастурга амал қилинса¸ сентябрь ойи сўнггига қадар тугатилиб¸ октябрда Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги қарори жамоатчиликка эълон қилиниши керак.
“Чиқиш визаси бекор қилиниши ëқловчи идора деярли йўқ”
Мазкур жараëнга алоқадор бошқа бир мулозимнинг айтишича¸ номи тилга олинган 9 идора ичида чиқиш визасининг бекор қилинишидан кўра¸ унинг бекор қилинмаслиги тарафдорлари кўпроқ.
“Чиқиш визаси бекор қилиниши тарафдорлари деярли йўқ. Ташқи ишлар вазирлиги¸ чиқиш визаси тизимининг халқаро майдонда Ўзбекистон учун катта минус эканини билганидан¸ унга кўп ҳам тарафдор эмас. Қолаверса¸ “Ўзбектуризм”га ҳам бу виза ортиқча даҳмаза. Лекин бу жараëнда уларнинг позицияси муҳим эмас. Бу масалада охирги гапни ИИВ билан МХХ айтади. Бу икки тизим учун чиқиш визаси нафақат одамларни назорат қилиш механизми¸ балки яхшигина кормушка ҳам. Шунинг учун¸ улар “давлат хавфсизлиги ва тинчликка таҳдид” деган турли баҳоналар билан чиқиш визасини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилади”¸ деган бу мулозим¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийларининг 2 май кунги баëнотларини мисол ўлароқ келтирди.
Вазир Азизов чиқиш визасини бекор қилиш эмас¸ виза берувчиларни кўпайтириш ҳақида гапирди
2 май куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубда ўтказилган матбуот брифингида ўз вазирлиги фаолияти устидан келаётган ариза ва мурожаатларнинг қарийб 40 фоизи паспорт тизими билан боғлиқ эканини айтган Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов¸ бу тизимни такомиллаштириш устида иш бораëтганини айтди.
Чиқиш визасининг бекор бўлиш эҳтимолига умуман тўхталмаган вазир¸ бунинг ўрнига¸ рухсатнома бериш билан шуғулланувчи ички ишлар ходимлари сони “кескин кўпайтирилиши”¸ замонавий технологияларни жорий этиш орқали чиқиш визасини олишни такомиллаштириш¸ хусусан¸ электрон навбат тизими киритилишини билдирди.
Брифинг давомида вазир¸ паспорт тизимини такомиллаштириш учун вақт ва маблағ зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Озодлик суҳбатлашган ички ишлар тизими мулозимларидан бири¸ вазир тилга олган вақтнинг камида 2021 йилгача чўзилишини тахмин қилди.
“Чиқиш визасини бекор қилиш бўйича ИИВда ҳозирча конкрет таклиф йўқ. Бу борада ривожланган эмас¸ кўпроқ ривожланаëтган давлатлар тажрибаси ўрганилаяпти. Уларда ички ва ташқи паспорт бор. Загранпаспорт хорижга чиқишга рухсат¸ дегани. Ҳозирги биометрик паспорт ўзи халқаро стандартларга кўра¸ загранпаспорт. Бизда ҳам шунинг ўзи загранпаспорт¸ унга стикер қўйиш керак эмас¸ деб эълон қилса¸ бирданига назорат йўқолади. Булар бунга тайëр эмас. Биометрик паспортни ички паспорт дейман деса¸ миллионлаб одамга янги загранпаспорт бериш керак бўлади. Ўзи 2011 йилдан бери ҳали ҳаммага янги биометрик паспорт беролмай турган бир пайтда¸ бунақа режа қимматга тушади ва йилларга чўзилади. Шунинг учун¸ булар у-бу юзаки ўзгариш билан ҳозирги тизимни сақлаб қолади. Ички ва ташқи паспорт жорий этиш ва шундан кейин чиқиш визасини бекор қилиш¸ деган гаплар 2021 йилгача ҳал бўлмайди”¸ деди Озодлик суҳбатлашган ички ишлар тизимидаги мулозимлардан бири.
Ўзбекистон президентининг 2011 йил 5 январь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси паспорт тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатда биометрик паспортга ўтиш бошланган ва бу жараëннинг 2015 йил 31 декабрига қадар якунланиши кўзда тутилган эди.
Аммо 2015 йил охирига келиб ўзбекистонликларнинг 40 фоизга яқини ҳали ҳам биометрик паспорт олмагани боис¸ ҳукумат бу муддатни узайтиришга мажбур бўлган эди.
Ҳозирга қадар биометрик паспортга ўтиш жараëнининг тугаллангани¸ ўзбекистонликларнинг ҳаммаси янги нусхадаги паспорт билан таъминланганига оид расмий маълумот йўқлигидан¸ жараëннинг 2017 йил ўрталарига келиб ҳам¸ ҳамон давом этаëтгани англашилади.
Ўзбекистон¸ ўз фуқаролари шахсига оид кенг қамровли¸ хусусан¸ биометрик маълумотларни тўплагандан сўнг 10 йилга бериладиган биометрик паспорт устига хорижга чиқиш учун икки йиллик махсус рухсатнома жорий қилган саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.