Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Fox News эълон қилган статистик маълумотларда қайд этилди.
Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Унга АҚШ ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайдиган давлатлар ҳам киритилган.
Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.
Ўзбекистондан олдинги биринчи ўринда Туркия (30 830 киши), Мавритания (15 594) бормоқда. Ўзбекистондан кейинги ўринларда эса Миср ва Покистон кўрсатилган.
Озодлик радиоси августнинг охирларида“Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.
30 августда АҚШ президенти Жо Байден Ўзбекистондан Америкага мигрантларни ноқонуний ўтказиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилганини билдирган эди.