Ўзбекистондаги ҳокимият учун курашда огоҳлантирувчи ўқ отилдими?

Комил Алламжонов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўнғич қизининг энг яқин иттифоқчиси бўлган Комил Алламжонов шу йил ёзида босим остида қолгандек эди.

Июль ойида маҳаллий ОАВ раҳбарлари ва журналистлар билан брифингда у мамлакат ахборот маконида "сохта хабарлар ва дезинформациялар кўпайиб бораётгани"ни қоралади.

Ушбу чиқишдан бир неча ҳафта олдин жамоатчилик кўзидан йўқолиб қолган Алламжонов тафсилотларга тўхталмади, аммо айнан шу пайтда унинг қаердалиги ва сиёсий келажаги ҳақидаги миш-мишлар кучайган эди.

Интернетда унинг мамлакатдан қочиб кетгани, тергов қилинаётгани ҳақида миш-мишлар урчиди.

Маълум бўлишича, Алламжонов сентябрь ойи охиригача Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимида ишлашда давом этган.

Ниҳоят, у ўз истеъфосини эълон қилди. Эълон қиларкан, яна видеода отаси администрациясининг ёрдамчиси бўлган Саида Мирзиёева билан бирга пайдо бўлди. Мирзиёева хусусий секторда фаолиятини давом эттиришини айтган Алламжоновни қўллаб-қувватлади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Парда ортидаги ўйинлар”. Кичик куёв, ДХХ, Саида ва Алламжонов

Президентнинг тўнғич қизи унга "президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган катта лойиҳаларни амалга оширдингиз, матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда ўз ҳиссангизни қўшдингиз", дея миннатдорчилик билдирди.

Бироқ, бир ойдан сўнг Алламжонов Ўзбекистон расмий идоралари томонидан суиқасд сифатида тергов қилинаётган ҳодиса нишонига айланди.

26 октябрь куни содир бўлган ҳужумдан 40 ёшли Алламжонов ҳам, у ўтирган Range Rover ҳайдовчиси ҳам омон қолди. Полициянинг айтишича, машинага бир неча марта ўқ узилган.

Ҳужум билан боғлиқ камида тўрт нафар гумонланувчи ҳибсга олинган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда машиналар ўққа тутилиши, айниқса, таниқли сиёсатчини олиб кетаётган машина бўлса, одатий ҳол эмас. Шу боис, бунинг ортида ким тургани ва бу Мирзиёевнинг оилавий бошқарувига асосланган режими учун нимани англатиши ҳақида кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда.

Давлат ичидаги давлат сценарийси

Бу ерда бир неча жиҳатни айтиб ўтиш жоиз.

Биринчидан, гап Ўзбекистон ҳақида кетмоқда. Ўзбекистонда сиз баъзи нарсаларни эшитишингиз, аммо ҳеч нарсага амин бўлмаслигингиз мумкин.

Иккинчидан, ҳодиса юзасидан расмий тергов қандай хулосани эълон қилмасин, аслида ундан кўпроқ ёки камроқ нарса бўлиши эҳтимоли катта.

Учинчидан, ойлар ва йиллар ўтиб ҳам, ҳеч нарсани аниқ билмаслигингиз мумкин.

Шундай экан, Алламжоновнинг душманлари борлигига ажабланмаса ҳам бўлади.

Мирзиёев ҳукмронлигининг дастлабки йилларида журналист ва блогерларга нисбатан юмшоқроқ сиёсат билан чамбарчас боғланган Алламжоновнинг ўзини фавқулодда эркин тутиши уни марҳум раҳбар Ислом Каримовнинг қаттиқ бошқарувидан ҳар қандай чекинишни кераксиз хавф деб билган хавфсизлик хизматларига қарама-қарши қўйди.

Сўнгги бир неча йил ичида оммавий ахборот воситаларида 2016 йилда бошланган илиқлик даври тугаб, яна "совуқ" тушаркан, Алламжоновнинг ҳокимиятдаги энг мустаҳкам алоқалари Саида Мирзиёева билан боғланганди.

Жорий йил кузида Президент Админстрациясидан кетгунига қадар Алламжонов Мирзиёева сиёсий фаолиятининг ҳар бир босқичида унга ҳамроҳлик қилди.

Бу ҳолат 2023 йилда ўзгарди. Мирзиёева президент ёрдамчиси этиб тайинланди. Бу лавозим яқинда тугатилган маъмурият раҳбари лавозимига ўхшаш бўлиб, Президент Админстрациясида отасидан кейин энг қудратли лавозим ҳисобланарди.

Мирзиёева Алламжоновнинг раҳбари бўлиб қолди ва 67 ёшли Мирзиёев ҳокимиятдан кетадиганга ўхшамаса ҳам, бу кўтарилиш Мирзиёеванинг юқори лавозимга тайёрланаётгани ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди. Шунга қарамай, Мирзиёев ва Алламжонов сиёсий ҳамкорлар сифатида кўринишда давом этди.

Бу Алламжоновга кўпроқ матбуот олдида кўриниш ва сиёсий вазн берди. Гарчи унинг ўсиб бораётган бизнес манфаатлари оммавий ахборот воситаларида кўплаб суриштирувлар ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги даъволар нишонига айланган бўлса ҳам.

Аммо Мирзиёевнинг яқин иттифоқчиси бўлиш унга куёв бўлиш билан баробар эмас.

Мирзиёеванинг синглиси Шаҳнозанинг турмуш ўртоғи Отабек Умаров ана шундай мақомга эга.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Алламжонов билан Отабек Умаров ҳамда ДХХ ўртасида уруш кетяпти- манбалар

2016 йилда Мирзиёев президент хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаганидан бери, Умаров ижтимоий тармоқларда, айниқса, спорт ҳомийси сифатида қаҳрамон қиёфасини яратди. Унинг Instagram саҳифасида деярли 38 миллион кузатувчи бор ва у хорижлик юлдузлар билан билан тез-тез суратга тушади.

Шу билан бирга, "Озодлик" радиоси суриштирувлари 40 ёшли Умаров оилавий алоқалари орқали улкан бойлик тўплагани ва мамлакатнинг сиёсий ҳамда иқтисодий элитаси орасида саҳна ортидаги қудратли шахс сифатида кўрилишини ўртага чиқарган.

Сўнгги ойларда "Озодлик" радиосининг қатор юқори мартабали манбалари Умаров ва Алламжонов ўртасида танглик борлигини айтиб келганлар.

Манбалардан бирининг айтишича, уларнинг можароси Умаров Алламжоновни Тошкентда ишбилармонлар ва сиёсатчиларга босим ўтказиб келган махфий, норасмий ташкилот - "Офис" ишини тўхтатишга уринишда гумон қилганидан кейин кескинлашган.

Июль ойида "Озодлик" радиоси билан суҳбатлашган манбанинг айтишича, Алламжоновнинг аралашуви Умаров бошқариб келгани иддао қилинган "Офис"нинг текширилиши ва фаолиятининг бир муддат тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлган.

Бу давлат ичидаги давлатдек эшитилади.

"Озодлик" манбаларининг Алламжонов машинасига ўқ узилиши бўйича терговни ҳозирда Умаровнинг одамлари назорат қилаётгани ҳақидаги иддаолари ҳам шундай.

Айни пайтда, ушбу воқеанинг ўзбек Телеграм каналларида айланиб юрган энг оммабоп талқинига кўра, Алламжонов рақибларини шарманда қилиш учун ўзига қарши сохта суиқасд уюштирган.

27 октябрь куни Бош прокуратура ҳужум билан боғлиқ "тасдиқланмаган ва асоссиз" тахминлар урчиётганига эътибор қаратиб, , "аҳоли орасида сохта, нотўғри ва ваҳима уйғотувчи маълумотлар тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик" борлиги ҳақида огоҳлантирди. Аммо бу миш-мишлар оқимини деярли камайтирмади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Одат бузилди. Президентнинг оиласи билан фотоси чиқмади

Оилавий масала

Ҳозирча Умаров ёки Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа аъзоларини отишма билан боғловчи бирор аниқ, жамоатчиликка маълум далил йўқ.

Аммо ҳақиқат қандай бўлишидан қатъи назар, ҳокимият нуқтаи назаридан вазият яхши кўринмаяпти.

Отишма ҳукуматга содиқ қонун чиқарувчи органга сайловлардан бир кун олдин содир бўлди.

Гарчи бу ҳаммаси одатдагидек давом этаётганига ишорадек кўринса-да, Мирзиёев режимидаги асосий шахслар атрофида урчиётган гап-сўзлар вазият бунинг акси эканлигини кўрсатмоқда.

"Озодлик" радиосининг ижтимоий тармоқлардаги сўнгги видеоларидан бирида Мирзиёев оиласининг сайлов кунида тушган сурати олдинги сайловдаги суратлар билан таққосланди.

Президент маъмурияти томонидан тарқатилган суратда биринчи хоним Зироатхон Мирзиёеванинг икки томонида Мирзиёева ва Умаров тургани кўринса-да, Мирзиёевнинг ўзи йўқ эди.

Буюк Британиядаги таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, бу 67 яшар давлат раҳбари оиланинг айрим аъзоларидан норозилигини кўрсатаётган эди. Гарчи Зироатхон Мирзиёева "оилани бирлаштирувчи шахс" ролини ўйнаётган бўлса ҳам.

Ўзбекистонда президент қариндошлари ўз мавқеидан юқори кўтарилиши илгари ҳам кузатилган. Мирзиёев ҳукмрон оилани назоратда сақлаш қанчалик муҳимлигини кўпчиликдан кўра яхшироқ тушунади.

Каримов вафотигача ўн йилдан ортиқ бош вазирлик қилган Мирзиёевнинг ҳукумат раҳбарлиги Каримов қариндошларининг ўзбошимчаликлари авжига чиққан паллага тўғри келган.

Омма олдида чиройли қиёфада пайдо бўладиган ва сўзга чечан 39 ёшли Саида Мирзиёева, қайсидир маънода Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ўхшамайдиган йўсинда тарбияланган бўлса керак.

Каримованинг ўзбошимчаликлари ва айтилишича, коррупцияга мойиллиги мамлакат ичи ва ташқарисида муаммоларни келтириб чиқарган.

Гулнора можароси унинг отаси тириклигида қамоққа ташланиши билан тугади. Бунгача у Твиттерда онаси ва синглисини ноқонуний қилмишларда айблаб чиққан эди.

Гугуша номи билан ҳам танилган Каримова ҳамон ватанида қамоқ жазосини ўтаётган бўлса-да, халқаро жиноят терговлари марказида қолмоқда.

Шу маънода Каримова Мирзиёев режими учун ҳалигача давом этаётган бош оғриғига ўхшайди.

Бироқ ҳозирда Ўзбекистоннинг иккинчи президенти ундан ҳам катта ва ўткирроқ бош оғриғига дуч келмоқда.