Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:23

Бош прокуратура Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан жиноят иши очди


Комил Алламжонов.
Комил Алламжонов.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 26 октябрь куни Қибрай туманида юз берган ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.


“26 октябрь куни соат 01:40 ларда фуқаро С.С.нинг
бошқарувидаги “Range Rover” русумли автомашина Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланган вақтида 2 нафар номаълум шахслар мазкур автомашинага ўқотар қуролидан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинишган".

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, қуролли ҳужумга учраган автомобилда Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби ва президент администрацияси раҳбарининг собиқ ўринбосари Комил Алламжонов бўлган.

"Ушбу ҳолатда бирор-бир шахс тан жароҳати олмаган", дейилади баёнотда.

Бош прокуратура ҳодиса юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилгани ва ҳужумчиларни қўлга олиш, улар шахсини аниқлаш тадбири бошланганини билдирган.

Олдинроқ Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари маҳаллий вақт билан соат 1.40 лар атрофида икки номаълум шахс Алламжоновнинг Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйи яқинида у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узганини айтишганди.

Ҳодисада Алламжонов ва ҳайдовчиси зарар кўрмаган, ҳужум уюштирган шахслар воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган.

Қибрай кўчаларида фавқулодда ҳолат экани, ички ишлар ва бошқа хизматларнинг давлат рақамидаги машиналари кўплиги, айрим кўчалар ёпиб қўйилганини Озодликка ҳодиса юз берган ҳудудга яқин яшашини айтган қибрайлик тадбиркор ҳам тасдиқлади.

Кейинроқ тармоқларда Қибрай туманида йўллар ёпиб қўйилгани ҳақида постлар ҳам пайдо бўлди.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, муваффақиятсиз суиқасд уриниши пойтахт ва Тошкент вилоятида йирик хавфсизлик амалиётига сабаб бўлган.

Ҳозирча бирон гумондорнинг қўлга олингани маълум эмас, суиқасднинг эҳтимолий мотивлари борасида ҳеч қандай расмий фараз илгари сурилгани йўқ.

Озодлик манбаси Алламжонов ўтирган машинага "Макаров" пистолетидан беш марта ўқ узилганини айтган.

“Қоронғида йўл четида машинани кутиб турган мотоциклдаги икки шахс машинага “Макаров” пистолетидан беш марта ўқ узган ва қочиб кетишга муваффақ бўлган. Алламжонов ва ҳайдовчиси зарар кўрмаган, лекин машинада ўқ излари бор. Ҳозир камералар “кўтарилиб”, ҳужум қилганларнинг шахсини аниқлаш бўйича иш олиб бориляпти”, деган манба.

Президентнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева хориж сафарида эканини айтган ҳукуматдаги манба юқори раҳбарият ва шахсан президент Мирзиёевнинг ўзи ҳодисадан хабардор эканига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, Алламжонов, гарчи президент администрациясидан кетган бўлса ҳам президент Мирзиёев командасидаги ва унга яқин одам саналади.

“Бу сайлов олдидан президентга қарши саботаж ҳам бўлиши мумкин. Жуда жиддий, Ўзбекистоннинг яқин тарихида кўрилмаган воқеа”, деди манба.

Алламжонов пайдо бўлди ва "дезинформация"дан огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:08 0:00

Айни пайтда тармоқларда “суиқасд” ҳодисасига шубҳа билдирилган постлар ҳам кўпайди.

40 яшар Комил Алламжонов шу йилнинг 30 сентябрида Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари ва Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан истеъфо берган эди.

Унинг ўзи фаолиятини бизнесда давом эттиришини айтган, аммо истеъфоси тафсилотлари ҳамда кейинги режаларини очиқламаган.

Бунга қадар икки марта президент администрациядан кетган ва яна қайтиб келган Алламжоновнинг истеъфоси турли фаразларга сабаб бўлган.

Озодлик манбалари истеъфо президент Мирзиёев администрациясидаги “ички курашлар” билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган.

Шу йил ёзида Алламжоновнинг бир муддат жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлиши ортидан унинг лавозимдан бўшатилгани ва ҳатто “хорижга қочиб кетгани” ҳақида тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлган эди.

Кейинроқ Алламжонов яна администрацияда пайдо бўлди ва бу хабарларни билвосита рад этди.

Охирги истеъфосидан буён ўтган вақт мобайнида Алламжонов жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ, матбуотда ҳам пайдо бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг биринчи матбуот котиби ва кейинроқ АОКА ҳамда Масс-медиа фонди раҳбари бўлган Алламжонов Ўзбекистон сиёсати, айниқса, матбуотда катта таъсирга эга шахс сифатида кўрилади.

У манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ қатор маҳаллий ва халқаро журналистик суриштирувлар марказида бўлган.

Алламжоновнинг қайтиши: Матбуот эмас, 'мафкура котиби'
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00

Алламжоновнинг ўзи ўтган йили Озодликка берган интервъюсида ҳукуматдаги мавқеъидан ўзининг бизнес манфаатларини илгари суришда фойдаланганини рад этган.

Алламжонов ва яқин-яқиннгача у билан тандемда ишлаб келган президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ўзларини матбуот эркинлиги ва очиқлик тарафдори сифатида тақдим қилиб келишган, аммо сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи ёмонлашган охирги икки йилда уларнинг бу борадаги чиқишлари камайгани кузатилганди.

Форум

XS
SM
MD
LG