Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тармоқларда баҳс бўлаётган президент қарорига изоҳ берди.
20 июнь куни президентнинг "Кучайтирилган санитария-эпидемиологик хавфсизлик режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда туризм соҳасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эълон қилинганди.
Айни қарорда, агар чет эллик сайёҳ коронавирус инфекциясини юқтириб олса, унга 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация пули берилиши айтилган.
Бу эса ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсу мунозарага сабаб бўлди.
Бунинг ортидан Kun.uz мухбири саволларига жавоб берган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, президент қарори пандемия даврида сайёҳларни жалб қилиш учун қабул қилинган «PR юриш» эканини айтган:
"Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўлаб берилишига изоҳ беришдан олдин битта нарсани - туризм энг аввало PR эканини эслатиб ўтмоқчиман. Яъни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёда тарғибот қилишимиз керак. Шу маънода президент қарорида кўзда тутилган бу тадбир аслида ўзига хос "PR юриш" эди. Ҳозирги вақтда дунёда сайёҳларни жалб қилиш учун Ўзбекистон томонидан кўрилган ушбу чора жуда катта резонансга сабаб бўлмоқда, халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Демак, Ўзбекистонни PR қилиш учун қўйилган ушбу қадам ўзининг натижаларини бера бошлади".
Раиснинг таъкидлашича, мамлакатга сайёҳларни бундай йўл билан жалб қилиш ортида аҳоли даромадини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва оқибатда, давлат ғазнасига тушумни орттириш мақсади ётибди.
Шунингдек, раис нега айнан 3 минг долларлик қиймат танланганига ҳам изоҳ берган:
"Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинган бир нафар беморни даволаш учун давлат 32,3 млн, касаллиги оғир кечаётган ҳар бир бемор учун эса 64,4 млн сўм харажат қилинаётгани маълум қилганди. Ушбу харажатлар тўлиқ бюджетдан қопланмоқда. 32 млн сўмни долларга ўгирадиган бўлсак, 3000 доллардан ошади. Мана қаердан олинди бу миқдор!"
Айни пайтда, раис мамлакатга келган сайёҳлар"дуч келган жойга овқатланишга, тунашга олиб борилмаслиги"ни ҳам алоҳида таъкидлаган, мамлакатдаги блогер ва журналистлар, ОАВни "Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини кенг тарғиб қилиш"га чақирган.