Саакашвили прокуратурада кўрсатма беришдан бош тортди

Грузия собиқ президенти, Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили.

Украина мухолифати лидери Михаил Саакашвили 18 декабрда ўз ихтиёри билан бош прокуратурага борди, лекин терговчиларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортрди.

Украина ҳукумати Саакашвилини 2014 йилда ҳокимиятдан қувилган президент Виктор Янукович томонидан гўёки бошқарилаётган қандайдир “жиноий ташкилот”га аъзоликда айбламоқда. Украин ҳукумати фикрича, Саакашвили тарафдорлари томонидан уюштирилаётган кўп минг кишилик норозилик намойишлари “Россия томонидан Украинага қарши уюштирилган фитнанинг таркибий қисмидир”.

Саакашвили бу айбловларнинг барчасини инкор этиб келмоқда.

-Мени Украина миллий хавфсизлигига алоқадор нарсаларда айблашмоқда. Шунинг учун ҳам прокуратура билан бир -биримизга муқом қилишимиз ҳеч қандай эътиборга арзимайди. Мен Украина миллий хавфсизлик хизматидан чақирув кутаман ва ўша ерда зарур бўлган кўрсатмаларни бераман, -деди Саакашвили.

Айни пайтда ғарб сиёсатчилари Саакашвили тарафдорлари 17 декабрдаги митингда Киевдаги Октябрь концерт залини босиб олишга ҳаракат қилганларидан ташвиш билдирди. Норозилар бу зални президент Порошенко истеъфосини талаб қилаётган норозилар штабига айлантиришни мақсад қилган эди.

Октябрь концерт залини босиб олишга ҳаракат қилинган пайтда полиция билан тўқнашувлар юз берган ва 32 полициячи жароҳатиланган эди. Намойишчиларга нисбатан эса кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилган.