Украина суди мухолифат лидери Михаил Саакашвилини ҳибсдан озод этди. 11 декабрда ўтган суд жараёнида прокурорлар Саакашвилига уй қамоғи эҳтиёт чораси белгиланишини илтимос қилди, бироқ суд бу илтимосни қаноатлантирмади.
Суд залидан озод қилинган Саакашвили бундан кейин ҳам сиёсий курашни давом эттиришини айтди:
-Мен ҳар доим қилиб келган ишимни, яъни бошқа сиёсий кучлар билан бирлашиш ҳаракатини давом эттирмоқчиман. Мен вазият кескинлашувини истамайман, бизга қарама-қаршилик керак эмас ва биз ҳеч кимга ҳужум қилмаймиз, албатта. Биз уларни Украинада ҳокимиятни конституциявий, тинч йўл билан топшириш учун зарур бўлган қонунларни қабул қилишга мажбур этамиз. Ҳокимият алмашинуви Украина учун ўта муҳим ва зарурдир. Фақат шу холос, -деди Саакашвили.
Михаил Саакашвили 8 декабрь куни кечқурун ҳибсга олинган эди. 8 декабрь оқшомида Саакашвили муддатсиз очлик эълон қилди.
Саакашвили "жиноий ташкилот билан ҳамкорлик қилишда" айбланмоқда. Украина полициясининг Саакашвилини 5 декабр куни ҳибсга олишга уриниши натижасиз якун топганди.
Ўша куни полиция Михаил Саакашвилини қўлга олган эди, лекин фаоллар билан тўқнашув, йўлларнинг баррикадалар билан тўсиб қўйилиши, айримлар эса сиёсатчи олиб кетилаётган автомобилларининг шиналарини тешиб ташлашгани сабаб уни Тергов изоляторига олиб кетишнинг имкони бўлмаганди.