Ўзбекистоннинг мусулмон-роҳинжа қочқинлари учун инсонпарварлик ёрдами топширилди

Маълумотларга кўра, сўнгги кунларда мусулмон-роҳинжа қочқинларининг сони 400 минг нафардан ошди.

Ўзбекистоннинг мусулмон-роҳинжа қочқинлари учун аталган инсонпарварлик ёрдами топширилди.

Бу ҳақда хабар қилган “Жаҳон” ахборот агентлигига кўра, 18 сентябрда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фарҳод Арзиев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ажратган инсонпарварлик ёрдамни Бангладеш расмийлари, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Бангладеш Қизил Яримой жамиятига топширган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистондан келган инсонпарварлик ёрдами камида 8000 оилани ёки 50 мингга яқин қочқинларнинг эҳтиёжларини қондириши алоҳида қайд этилди.

“Жаҳон” ахборот агентлиги, Бангладеш Қизил ярим ой жамиятига таяниб, хабар қилишича,Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами мазкур жамиятнинг хорижий мамлакатлардан олган ёрдамининг энг салмоқлиси бўлган. Маълумотларга кўра, сўнгги кунларда мусулмон-роҳинжа қочқинларининг сони 400 минг нафардан ошди.