Ўзбекистонда "ИШИД фитнаси" номли китоб тақдим қилинди

"ИШИД фитнаси" китобининг тақдимоти

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов ёзган китобда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини эгаллаб олган "Исломий давлат" гуруҳи "террорчилар тўдаси" деб қораланди ва мусулмонлар бу тўданинг "кирдикорлари"дан огоҳлантирилди. Ҳужжатларга таянган муаллиф тез орада гуруҳнинг "залолат чўққисидан қулаши"ни башорат қилди.

Идора мулозими китоби тақдимоти 5 вилоятда бўлди

Идора мулозими, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг "ИШИД фитнаси" номли китоби тақдимот маросими 18 февраль куни Жиззах, Наманган, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида расман тақдим қилинди.

Тадбирга маҳаллий имомлар, маҳалла қўмиталари расмийлари ва фаоллар таклиф қилинди. Ташкилотчилар "ИШИД фитнаси" китоб мазмуни билан жамоатчиликни таништирар экан, бу китобни маҳаллий мусулмонлар орасида тарқатишни сўради.

Бу борада хабар берган, аммо исмини ошкор қилишни истамаган мулозимга кўра, шу кунда "ИШИД фитнаси" китоби республикада мавжуд 2 ярим мингга яқин масжиднинг имом хатиби ва имомларига тарқатилган.

Шахсан менда бу китобдан 25 бор. Тарқатиш учун берилди. Сотувда ҳам бор, аммо нархи неча сўм туришини ҳозирча билмайман”, деди китобнинг тақдимот маросимида иштирок этган манба.

"Ироқ ва Шомдаги ислом душмани"

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси расмий сайтида берилган хабарда китобнинг қисқа мундарижаси тақдим қилинди.

Ўта таъсирчан суратлар билан дизайн берилган китобда "Ироқ ва Шом ислом давлати" террорчилар тўдаси", "Ироқ ва Шомдаги ислом давлати" эмас, "Ироқ ва Шомдаги ислом душмани", "Бузғунчилар тўдасини "ислом давлати" деманг!" каби сарлавҳалар учрайди.

Китоб муаллифи имкон қадар китобхоннинг хотирасига мухрланадиган бу таҳлит сарлавҳа остида берилган бобларда бугунги "Исломий давлат"нинг Ислом динига мутлақо алоқаси йўқлигини ҳам тарихий, ҳам завонавий ҳужжатлар асосида шарҳлайди.

“Қачон қора байроқни кўрсангиз, уйингиздан жилманг!"

Китоб аввалида келтирилган тарихий ҳужжат Марказий осиёлик фиқхшунос, мухаддис Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазийнинг “Ал-Фитан (Фитналар)” номли китобида ҳазрати Алидан келтирган сўзлардир:

Қачон қора байроқларни кўрсангиз, уйингиздан жилманг. Қўлларингиз ва оёқларингизни қимирлатманг. Сўнг заиф бир қавм чиқади. Улар эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалб­лари темирнинг зангига ўхшайди. Улар мол-мулк соҳибларидир. Аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари лақаблардан иборат. Нисбатлари эса қиш­лоқ-шаҳарларигадир. Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар...”, дея келтирилади китобда.

Муқаддам диний идора раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов ёзган китобнинг айни шу боби алоҳида мақола ҳолида чоп этилган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Адашган фирқалар издоши - ИШИД

Шарҳларида диний идора мулозими ҳазрати Али сўзлари, дея тақдим қилинган бу тарихий башорат бугунги "Исломий давлат" ҳақида айтилган мазмунидаги хулосасини тақдим этади.

Айни пайтда Қуръони карим оятлари ва ҳадисларга бот-бот мурожаат қилган муаллиф "Исломий давлат"ни "адашган фирқалар издоши" деб таърифлайди ва бу "ботил ақидага таянган ҳалок бўлади" деб огоҳлантиради.

ИШИД содир этган жиноятлар

Шунингдек, муаллиф 2014 йилнинг июнь ойида халифалик эълон қилган бу террорчи гуруҳ жиноятларини ҳам санаб ўтади.

Бугунги "Исломий давлат" - собиқ "Ироқ ва Шом ислом давлати"нинг 2009 йилдан кейинги мудҳиш жиноятлари келтирилади.

Айни пайтда муаллиф ўзаро ихтилофлари кузатилаётган бу гуруҳнинг тез орада ўзи забт этган "залолат чўққисидан қулаши"ни башорат қилган.

ИД ортидаги "учинчи қўл" мақсади оламни Исломдан чўчитиш

Китобдаги муҳим бандлардан бири эса "Исломий давлат" ортида турган "учинчи қўл" ҳақидаги хулосадир.

"ИШИДнинг кўринмас мақсадлари ëхуд учинчи қўл кирдикорлари" деб номланган бу бандда террор гуруҳини ташкил қилувчиларнинг асл мақсади Ислом дини ва мусулмонларни дискредитация қилиш экани ҳақидаги хулосалар берилган:

"- Ислом маърифати тарқалишига тўсқинлик қилиш

- Бутун оламни Ислом динидан қўрқитиш ва чўчитиш

- Ислом динига нисбатан оммавий нафратни пайдо қилиш

- Ислом дини ва мўмин-мусулмонларни ëмонотлиқ қилиш

- ëшларни жиҳод шиори остида жувонмарг қилиш

- уламоларни кофирга чиқариш билан йўқ қилиш

- мусулмон ўлкаларида таҳликали фитналарни уюштириш ва низо чиқариш".

Китобнинг электрон форматда тақдим қилинган қисмида дунёни даҳшатга солаётган ИДнинг ортида турган "учинчи қўл" кимга оид экани ҳақида маълумот йўқ.

Озодлик бу саволларга жавоб олиш учун муаллиф Айдарбек Тулеповнинг ўзига мурожаат қилишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Бироқ Ўзбекистонда муаллифнинг китоби нашрга тайёрланаётгани ҳақида маълумот берган яна бир мулозим - Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг яна бир ўринбосари Абдулазиз Мансур ҳам "Шом диёридаги жиҳод - фитнадир" мазмунида баёнот берган эди.

Ўтган йили июлда бўлган Рамазон ойи муносабати билан Тошкент шаҳридаги йирик масжидларда маъруза қилган ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам "Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳи жанг ҳаракатларини "мусибат" деб қоралаган.

У киши Ислом уламолари халқаро иттифоқи Ироқ ва Сурияда эълон қилинган халифаликни тан олмаслигини айтган эди.