Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:25

"Фитналар" китоби: Қора байроқни кўрсангиз, ерингиздан қимирламанг!


Ижтимоий тармоқларда 8-асрларда яшаб ўтган фиқҳшунос олим Нуайм ибн Ҳаммод ал-Марвазийнинг "Фитналар" китоби баҳс бўлмоқда. Ушбу китобда "қора байроқ тутган" ва "давлатмандлигини иддао қилган заиф бир гуруҳ"нинг фитнаси ҳақидаги бир банд бугунги "Исломий давлат" гуруҳига қиёс қилинмоқда. Муҳими, айни манба Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси томонидан ИДга қарши берилган мақолада асосий ҳужжат сифатида келтирилди.

12 аср олдин "қора байроқлилар" ҳақида

Туркманистоннинг ҳозирги Мари, ўтмишда эса Марв, деб номланган қадимий шаҳрида яшаб ўтган буюк муҳаддис ва фиқхшунос олим Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазий “ал-Фитан" (Фитналар) номли китобида бугунги "Исломий давлат"га аниқ ишорат берилган, дея шарҳланмоқда.

Миср олимларига таяниб, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов номидан "ИШИД - ислом душмани" сарловҳали мақолада келтирилган маълумотлар шу кунда Интернет сайтларида кўчириб босилмоқда.

Жумладан, Muslim.uz сайтида чоп этилган мақоладан парча қуйида ўзгаришсиз келтирилади:

"Ҳазрат Алининг айтган сўзларини Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазий “ал-Фитан (Фитналар)” номли китобида қуйи­дагича келтиради:

“Қачон қора байроқларни кўрсангиз, ерни лозим тутинг. Қўлларингиз ва оёқларингизни қимирлатманг. Сўнг заиф бир қавм зоҳир бўлур. Улар эътиборга сазовор эмаслар. Уларнинг қалб­лари темирнинг зангига ўхшайди. Улар мол-мулк соҳибларидир. Аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар. Ҳаққа чақирурлар, лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар. Исмлари лақабдир. Нисбатлари эса қиш­лоқ-шаҳарларигадир. Сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради. Улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар...”, дея келтирилади мақолада.

Сўнгра диний идора раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов бу матнни қуйидагича шарҳлайди:

"Ҳазрати Алининг ушбу гаплари ИШИДга нисбатан айтилгандек. Чунки бундан қуйидагиларни фаҳмласа бўлади:

– “қачон қора байроқларни кўрсангиз”, яъни ИШИДнинг байроғи қора;

– “ерни лозим тутинг”, яъни маконингизда туринг, уларга эргашманг;

– “уларнинг қалблари темирнинг зангига ўхшайди”, яъни улар одамларни оммавий қатл қилдилар, шафқатсиз азоб бердилар;

– “аҳдга ҳам, ваъдага ҳам вафо қилмаслар”, ИШИД аҳдга вафо қилмай, элчи қилиб юборилганлар ва матбуот ходимларига берилган аҳдни бузди;

– “ҳаққа чақирурлар”, ИШИД ҳам ўзини Исломга чақираётган қилиб кўрсатади;

– “лекин ўзлари ҳақ аҳлидан эмаслар”, аҳли ҳақ бўлиш учун танланган йўл ҳар жиҳатдан тўғри бўлиши керак;

– “исмлари лақабдир” (куня), ИШИД раҳбари – “Абу Бакр” деб аталмоқда;

–“нисбатлари қишлоқ-шаҳарларигадир”, масалан: Бағдодий каби;

– “сочлари аёлларнинг сочига ўхшаб осилиб туради”, яъни жангариларнинг сочлари ана шундай, осилиб тушган;

– “улар охири бориб ўзаро ихтилоф қиладилар”, келгусида ИШИД ичида ўзаро ихтилофлар чиқиб, бўлиниб, йўқ бўлиб кетишига ишорадир", дея Марвазийнинг "Фитналар" китобида берилган "қора байроқлилар" ҳақидаги бандни шарҳлайди дин пешвоси.

Уламолар Марвазийнинг "Фитналар" китоби ҳақида

Туркияда танилган имом - Жуббали Аҳмат бугунги "Исломий давлат", собиқ "Ироқ ва Шом ислом давлати" халифалик эълон қилишидан бир неча кун ўтибоқ Марвазийнинг китобини тилга олган эди.

Туркиядаги қатор телевидение, жумладан, CNNTurk каналида ҳам чиқиш қилиб турадиган 50 яшар имом "Фитналар" китобидаги маълумотларнинг ҳадисларга асосланганини урғулайди:

- Энди ёзиляпти: "Бу қора байроқларнинг кўрсангиз, жойингиздан қимирламанг", деяпти. Яъни, жойингиздан қимирламанг, Ироққа борай, ким экан булар, нима экан булар деманг, деяпти. "Қўл-оëқларингизни қимирлатманг. Кейин заиф бир қавм чиқади. Улар ҳеч эътиборга лойиқ эмас", деяпти. "Уларнинг темир каби қотиб кетган юраклари бор. Булар давлат эълон қилади. Ваъдага вафо қилишмайди. Кимга қандай ваъда берган бўлса, ваъдасида турмайди" дейиляпти. Буларнинг ҳаммаси ҳадис, - дейди туркиялик 50 яшар имом Жуббали Аҳмат.

У дунё мусулмонларини ИД(ИШИД)га қўшилишдан қайтарган туркиялик илк имомлардан биридир:

- Қиёматга яқин шайтон инсон суратида минбарга чиқиб, имомлик қилиши ҳақида ҳадислар бор. "Огоҳ бўлинг, қиёматга яқин Жомеда нотаниш имом кўрсангиз, асли-наслини, шажарасини сўранг, кимлигини суриштирмасдан, билмасдан унга иқтидо қилманг", деб огоҳлантирмоқда пайғамбаримиз с.а.в. Ҳой мусулмонлар, имомлик рутбасида турган одамга кўр-кўрона эргашиладими? Интернетдан на исми, на жисми таниш бўлган одамнинг гапига ишониб, жон гаровга қўйиладими? Кейин Ироққа бориб, "Ла илаҳа, иллаллоҳ" деган одамнинг бўғзига пичоқ тортишаяптику?! Оллоҳ ҳаммамизни бундай кўргуликдан сақласин! - дея маъруза қилади Жуббали Аҳмат.

Марвазийнинг ёзганлари саҳиҳми?

Қарийб 1 минг 200 йил олдин китоб ёзиб, бугунги "Исломий давлат" отлиқ фитнадан умматни хабардор қилди, дея номи тилга олинаётган марказий осиёлик фиқхшунос ва муҳаддис олим Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазий қайси ҳужжатга таянган, унинг ёзганлари саҳиҳми, деган савол туғилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда у кишининг ҳазрати Алига таяниб ёзганлари ҳадис эмас, дегувчилар ҳам бўлмоқда. Аммо, ҳазрати Али ўз вақтида бу каби мавзуларда фақатгина Ислом пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга таянган, деган мулоҳазалар ҳам тилга олинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси ўрниборсари Айдарбек Тулепов билан боғланишнинг имкони бўлмади. Аммо, шайх Абдулазиз Мансур бу борадаги саволларимизга жавоб берди:

Абдулазиз Мансур билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00
Бевосита линк

Ислом оламидаги икки буюк муҳаддиснинг бири - Имом ал-Бухорийга ҳам устоз, ҳам замондош саналган Нуайм Ибн Ҳаммод ал-Марвазий ҳадис илми учун ўта муҳим бўлган 8-9-асрларда яшаб ўтган ҳофиз муҳаддислардан бири сифатида қадрланади.

У кишининг "Фитналар" номли икки томли китоби Мисрда кўп бор чоп этилган ҳамда шу кунларда дунёнинг аксар давлатларида мусулмон жамоалари орасида ўқилмоқда.

XS
SM
MD
LG