Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:35

"Қишлоқда ўртача уй қурса бўлади". Наманган вилояти ҳокимининг контейнер уйи қанчага тушди?


Наманган вилояти ҳокими учун махсус қурилган контейнер уй ҳовлисидаги шийпон. Усталар бу шийпон нархини 1500 - 2000 АҚШ долларига баҳолади.
Наманган вилояти ҳокими учун махсус қурилган контейнер уй ҳовлисидаги шийпон. Усталар бу шийпон нархини 1500 - 2000 АҚШ долларига баҳолади.

Наманган вилояти ҳокимлиги ҳоким учун махсус қурилган контейнер уйига "давлат ғазнасидан бир сўм пул сарфланмагани"ни билдирди.

Ҳокимнинг матбуот котиби Азиз Абдувалиевнинг Озодликка билдиришича, вақтинчалик мобил уй "эски контейнер ва қурилиш материалларидан" тикланган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларнинг бош мавзуларидан бирига айланган бу уйнинг бозордаги нархи камида 5000 АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Ҳокимнинг мобил резиденцияси, нақшинкор дарвоза ва шийпони билан бирга – шу кунда бундай уйларни ясаб, аҳолига сотаётган усталарга кўра, камида 7 ярим - 8 минг АҚШ долларига тенгдир.

Айни пайтда мамлакатда бундай мобил уйлар бозорининг "истиқболи порлоқ", дея баҳоланмоқда.


Расмий баёнот

Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби Азиз Абдувалиевга кўра, ҳоким Шавкат Абдураззоқов ташаббуси билан унинг учун махсус қурилган мобил – контейнер уйга ҳокимият бюджетидан пул сарфланмаган.

Ҳокимият вакили тақдим қилган маълумотга кўра, уйни маҳаллий қурувчилар вилоятдаги қурилишларда ишлатилган эски метал контейнер ва қурилишдан ошган бетон қоришмаларини аралаштириб, қуриб беришган.

26 февраль куни ҳокимлик Телеграм каналида ёйинланган 1 дақиқалик видеода вилоят ҳокимлиги котибият мудири Жобирхон Абдуллаев ҳам шуни таъкидлайди:

“Йиғма бетон девор ҳамда енгил конструкцияли контейнердан иборат. Буларни исталган вақтда бошқа ҳудудга кўчириб ўтиш мумкин. Бу уйнинг қурилиши учун давлат бюджетидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Ўзимизда қурилишда фойдаланилган енгил конструкцияли контейнердан фойдаланиб, уйга мослаштирилган, яшаш учун -12 метрли контейнер”.

Бу мулозим ҳам мобил уй учун маблағ қаердан олинганини очиқламаган.

Вилоят ҳокими матбуот котибига кўра, ҳозирча ҳокимликка текинга тушгани даъво қилинган бу мобил уй фақат вилоят ҳокимида бор. Бошқа ҳокимлар ҳам “зарурат туғилса”, шунақа уйлик бўлиши мумкин:

“Унақа қатъий кўрсатмалар, контейнер қурилади, ўша ерда яшайсан, деган нарсалар йўқ. Ўша нарсага зарурат туғилса, ўша жойда шунақа нарса пайдо бўлади. Яъни, зарурат туғилса, пайдо бўладиган нарсалар”. "Вилоятда 17 тами, шунақа шароити оғир маҳалла – шароити оғир ҳудудлар бор. Мана шу оғир ҳудудларда шундай зарурат туғилса, бу контейнер ўша ҳудудларга ўтиши табиий”.

Матбуот котибига кўра, ”Бунёдкор”даги ишларни тугатиш учун 3 ойдан 6 ойгача муддат қўйилган, кейин бу уй бошқа ҳудудга кўчиши мумкин ва ҳоким у ҳудудларда ҳам “ишни жойида ҳал қилиш”да давом этади.


Усталар қўйган нарх

Озодлик гаплашган тошкентлик иккита контейнерчи уста ҳокимга аталган 12 метрлик мобил уй нархини камида 5 ярим-6 минг АҚШ долларига баҳолади. Усталар метал конструкциянинг эскилиги ҳақидаги гапни умуман инобатга олмади.

Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.
Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.


“Мен Фейсбукда кўрдим, у ҳокимнинг уйини. Худди шунақа 12 метрлиги керак бўлса, худди шунақа конструкция билан, унда 5500 АҚШ долларига мўлжал олинг, камида. Тошкентдаги исталган манзилга олиб бориб, ўрнатиб берамиз. Бир киши бемалол кириб яшайверади. Метал контейнерни эски-янгиси учун алоҳида нарх, йўғ-эй ҳозир, металку бу”, -деди мижоз тариқасида боғланган мухбирга тошкентлик уста.

У метал контейнернинг ўзи Тошкентдаги бир омборхонада сақланаётгани, агар қуруқ темир қутининг ўзи керак бўлса, 1250 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган нархларга уни ҳам топиб беришни ваъда қилди.

“Омборларимиз бор, унисини сизга айтиб ўтирмайман. Сиз нима керак бўлса айтинг, ҳаммасидан топиб-тайёрлаб берамиз”, - деди уста комил ишонч билан.

Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.
Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.

Пойтахтдаги яна бир уста, контейнер уйнинг кичиккина ҳовлисидаги шийпон ва нақшинкор дарвозани ўртача 2 ярим минг АҚШ долларига баҳолади:

“Шийпон — тахминан 1500-2000 доллар. Дарвоза баҳоси 800-1000 атрофида. Контейнери билан қўшганда, 8 мингга чиқади-да. 8 мингга қишлоқда ўртача уй қурса бўлади ҳозир”.

Озодлик гаплашган яна бир манба ҳам ўртача 7-8 минг АҚШ доллари миқдоридаги баҳога тўхталди:

“Эшик-роми Akfa бўлсин, ванна-туалетини тозасидан бўлсин, мебели тузукроқ бўлсин, десангиз, нархи янаям ошиши мумкин. Талабга қараб-да. Ҳоким буваники унақа арзон бўлмаслиги керак, мен кўзим билан кўрмадимку. Лекин тўғрисини айтсам, бу ортиқча харажат. Қашшоқ қишлоқни ўртасига 8 минглик временка уйни қуриб олиб, шу уйдан туриб бошқармасам, қишлоғингиз обод бўлмайди, дейиш – билмасам, энди бу қанақа сохта сиёсат?!”

Интернет савдо

Усталарнинг айтишича, кейинги пайтларда контейнерлардан қилинган мобил уй, кичик офис ёки дўконларга эҳтиёж тобора ортмоқда, шу боис бунақа уйчаларнинг нархи ошиб бораётир.

Интернет тармоқларида эса, бу каби мобил уйларнинг бозори жуда чаққонлашганини кўриш мумкин.

Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.
Наманган ҳокимига тегишли мобил уйга нисбат бериб, тармоқларда тарқатилган контейнер уйнинг ички кўриниши.

Ўзбекистон ва дунёда оммалашган OLX онлайн олди-сотди дўконида жисмоний ва юридик шахслар томонидан жойланган ўнлаб эълонлар бор. Метал мобил уйлар нархи 1200 АҚШ долларидан 5 минггача.

Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқларида эса, контейнер уй ва кичик ўлчамдаги мобил офисларни сотаётган MobileHomeUz саҳифаси кўзга ташланади.

Хусусан, Фейсбук тармоғидаги эълонда, бу саҳифанинг LDM Service ширкатига тегишли экани ва жумладан, ширкат ишлаган метал офис Олмалиқ кон-металлургия комбинатига, кичиккина қаҳвахона эса, Тошкент кўчаларидан бирига ўрнатилгани тилга олинган.

Интернет тармоқларида ушбу ширкатга тегишли мобил уй, деб қўйилган контейнерларда Akfa ширкати чиқарган эшик-ром ва маҳаллий ишлаб чиқарувчига тегишли сантехник жиҳозларни кўриш мумкин.

Президент ташрифидан кейинги ташаббус

18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига қилган сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев "кутилмаганда" Наманган шаҳри марказидан 18 километр наридаги “Бунёдкор” МФЙга борди.

Нақшинкор дарвозали контейнер: Наманганда ҳокимлар учун контейнер уйлар қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:50 0:00

Президент матбуот хизмати ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарқатган видеоларда Мирзиёев маҳалла аҳли билан учрашгани, мулозимлар ҳамроҳлигида ўнқир-чўнқир кўчалардан юриб ўтгани кўрилади.

Президент йиллар давомида электр, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаган қишлоқдаги аҳвол учун вилоят расмийларига танбеҳ берди.

Наманганда президент Шавкат Мирзиёев ўтиши кутилаётган йўллар бир кечада асфальт қилингани тўғрисида 18 февралда Озодликка бир неча наманганлик бир-биридан мустақил равишда хабар қилганди.

Уларга кўра, деярли бутун вилоятдан техникалар, қурилиш ва йўл таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари Наманган шаҳри ва атроф туманларига сафарбар этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Фарғона вилоятига қилган икки кунлик сафари давомида ҳам "кутилмаганда" “Шодиёна” маҳалласига борган. Президент маҳалла аҳли билан учрашиб, маҳалладаги муаммоларни сўраганди.

Сўнгра президент бундан буён вилоятларга сафар қилганида ўзи истаган маҳаллага, аввалдан айтмасдан кириб боришини айтди. Унинг бу баёнотидан сўнг бутун республика бўйлаб "қолоқ маҳаллалар"ни ёппасига обод қилиш ишлари бошланди.

Озодликка жойларда тадбиркорлар ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

XS
SM
MD
LG