Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:19

Нақшинкор дарвозали контейнер: Наманганда ҳокимлар учун контейнер уйлар қурилмоқда


Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб қурилаётган контейнер уй - 23 февраль, 2021
Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб қурилаётган контейнер уй - 23 февраль, 2021

Президент Мирзиёев Наманганга сафари давомида, 19 февраль куни "кутилмаганда" борган “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов учун контейнер уй қурилмоқда.

Наманган вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Вилоят ҳокими уйи” деб ном берилган қурилма бир неча контейнердан иборат бўлади ва унинг ичида яшаш учун барча шароит муҳайё қилинади.

Президент ташрифидан бир кун ўтиб, ҳокимнинг ўзи "Бунёдкор" маҳалласи аҳолси билан учрашган ва маҳаллага кўчиб келиб, контейнерда яшашини айтган эди.

Ҳокимлик расмийси контейнер уй шаҳарнинг бирин-кетин обод қилинадиган маҳаллаларида ҳоким билан бирга кўчиб юришга мосланаётганини айтди.

"Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини фаолига кўра, президент кетганининг эртасигаёқ давлат ташкилотлари, куч ишлатар тузилмалар ва ҳарбийлардан иборат 1000 кишилик "армия" 12 минг аҳоли яшайдиган қишлоққа ташланган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Наманган шаҳар бўлимидан олинган маълумотга кўра, ҳашарчилар қўлига курак, кетмон олиб, қишлоқ кўчаларидан тортиб аҳоли томорқаларигача “обод қилмоқда”.


Шу кунларда “Бунёдкор” маҳалласидаги “ободончилик ҳашари”да қатнашаётган маҳалла фуқаролар йиғини (МФЙ) фаолига кўра, кечасию кундузи иш тўхтамаяпти.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган фаол Озодлик билан суҳбатда бюджет ташкилотлари, куч ишлатар тузилмалар ходимлари ва ҳарбийлардан иборат 1000 кишилик ҳашарчи маҳаллада ишлаётганини айтди.

Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласида ободончилик ҳашари
Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласида ободончилик ҳашари

“Кўчалар тозаланяпти, асфальт босишяпти, йўл чеккаларига гул экиладиган майдончалар қилишяпти. Деворлар оқланяпти, одамларнинг томорқаларигача кўчатлар ҳам экиляпти. Борингки, роса катта ободончилик ишлари кетяпти. Бизга йиллардан буён ичадиган сув келмаган, одамлар ариқдан сув ичишган. Табиий газ умуман йўқ эди. Ҳозир мана сув тортишяпти, газ ҳам келади, дейишяпти”, - деди наманганлик фаол.

Унинг айтишича, қишлоқнинг марказида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб контейнер уй қуриляпти:

“Адашмасам, учта контейнерни бирлаштириб, уй қилиняпти. Биттасида ётоқхонаси, биттасида ишлайдиган хонаси, яна бирида душ, ҳожатхонаси бўладиган қилиб қуриляпти. Бу уй кўчиб юраркан, вилоят ҳокими билан бирга. Бизнинг маҳалла битгандан кейин, яна бошқа, ночорроқ маҳаллага ўтишаркан”.

Озодлик мобил мухбири 23 февраль куни “Бунёдкор” МФЙда бўлди ва вилоят ҳокимига атаб қурилаётган контейнер уйни бориб кўрди.

Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб, контейнерлардан уй қурилмоқда.
Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб, контейнерлардан уй қурилмоқда.

Озодликка йўлланган суратда, дарча ўрнатилаётган контейнерга битмасиданоқ нақшинкор дарвоза тиркалганини кўриш мумкин. Дарвозага туташган деворга эса, “Наманган вилоят ҳокими уйи” деб ёзилган тахтача илинган.

Озодликка йўлланган видеоларда “Бунёдкор” маҳалласи бош кўчаларида ишлаётган оддий одамлар ва формадаги ҳарбийларни кўриш мумкин. Ҳарбийлар қўлларига кетмон ва курак олиб, катта йўллар ёқасини тозаламоқда.

Наманган вилояти ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, “Бунёдкор” МФЙдаги манзара ҳозирданоқ бутун вилоятга кўча бошлаган.

“Вилоятдаги 11 та туман ва шаҳар ҳокимида ҳам контейнер уй бўлади, уларга ҳам шунақа уйлар қилиняпти. Ичида ҳамма шароити бўлади. Ҳокимлар шунақа ночор маҳаллаларни бирма-бир юриб, бошида туриб обод қилади. Вилоят ҳокимининг контейнери ҳали битмади, тез кунда битиб қолади”, - деди вилоят ҳокимлиги расмийси.

Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласига электр тортилмоқда
Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласига электр тортилмоқда

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий мулозимнинг сўзларига кўра, маҳаллалар ҳашар йўли билан обод қилинмоқда, яъни давлат ташкилот ва корхоналари ободончилик ишларига ҳашарчи ўлароқ чақирилган.

“У ерда штаб ташкил қилинган. Ҳоким ҳар куни ўша ерда, Ободончилик бошқармаси, Маҳалла, Молия бошқармалари - ҳамма бошқармаларнинг раҳбарлари ўша ерда. Бошқа туманларда ҳам шунақа маҳаллалар танланган, уларда ҳам ободончилик ишлари бошланган”,- деди ҳокимлик расмийси.

Наманган вилояти ҳокимлиги эълон қилган расмий рақамларга кўра, “Бунёдкор” МФЙ да 17 миллиард сўмлик кичик саноат зонаси қурилиши ҳам бошланган.

Аммо наманганлик журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, ҳокимлик "ҳашар" деб тақдим қилаётган тадбирнинг сарф-ҳаражатлари, одатдагидек, унга жалб қилинган ташкилотлар зиммасига юкланади:

Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласига сув қувури тортилмоқда
Наманган шаҳри “Бунёдкор” маҳалласига сув қувури тортилмоқда

"Масалан, транспорт корхоналари ёки "Сувсоз" деган ташкилотлар, бошқа бюджет ёки жамоат ташкилотлари, "Бунёдкор"да нима қилса, ўзининг ҳисобидан қилади. Ишчилари шу қишлоқда бепул ишлаб беради, балки ойлигини олишар, лекин катта эҳтимол билан олишмайди. Ташкилотлар бўлса, масалан сув қувурини тортиб келишса, ўзининг "ички маблағлари" ҳисобидан тортади. Асфальт ётқизганиям ўзининг ҳисобидан ётқизади. Шунақа қилиб, турли ташкилотларга сочиб ташланади. Ҳар доимги практика-ку бу".

18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига қилган сафари давомида президент Шавкат Мирзиёев, "кутилмаганда" Наманган шаҳри марказидан 8 километр наридаги “Бунёдкор” МФЙга борди.

Президент матбуот хизмати ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тарқатган видеоларда Мирзиёев маҳалла аҳли билан учрашгани, мулозимлар ҳамроҳлигида ўнқир-чўнқир кўчалардан юриб ўтгани кўрилади. Президент йиллар давомида электр, табиий газ ва тоза ичимлик суви билан таъминланмаган қишлоқдаги аҳвол учун вилоят расмийларига танбеҳ берди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Наманган вилояти бошқармаси вакилининг Озодликка айтишича, президентнинг айнан шу қишлоққа бориши, улар учун ҳақиқатан ҳам кутилмаган эди:

“Наманганда 775 та маҳалла бор, ҳаммасига айтилганди аслида. Айтмасдан бораман, деганлари. Лекин асосан, шаҳардаги маҳаллаларда тайёргарлик кўрилганди. “Бунёдкор” шаҳар марказидан 8-10 километр нарида бўлгани учун, ўша қишлоққа боришини ҳеч ким кутмаганди, очиғи”, - деди бошқарма вакили.

Наманганда президент Шавкат Мирзиёев ўтиши кутилаётган йўллар бир кечада асфальт қилингани тўғрисида 18 февралда Озодликка бир неча наманганлик бир-биридан мустақил равишда хабар қилганди.

Уларга кўра, деярли бутун вилоятдан техникалар, қурилиш ва йўл таъмирлашга алоқадор барча хизматлар ходимлари Наманган шаҳри ва атроф туманларига сафарбар этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Фарғона вилоятига қилган икки кунлик сафари давомида ҳам "кутилмаганда" “Шодиёна” маҳалласига борган. Президент маҳалла аҳли билан учрашиб, маҳалладаги муаммоларни сўраганди.

Сўнгра президент бундан буён вилоятларга сафар қилганида ўзи истаган маҳаллага, аввалдан айтмасдан кириб боришини айтди. Унинг бу баёнотидан сўнг бутун республика бўйлаб "қолоқ маҳаллалар"ни ёппасига обод қилиш ишлари бошланди.

Озодликка жойларда тадбиркорлар ободонлаштириш ишларига ҳомийлик қилишга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Президентнинг кутилмаган ташрифидан қўрққан мулозимлар “қолоқ маҳалла”ларни обод қилишни бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:14 0:00

XS
SM
MD
LG