Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:50

Андижонлик фермерлар топширган ғалласи пулини ололмаяпти


Андижонда бу йилги ғалла ҳосили йиғиштирилиб, топширилганига бир ой бўлди, бироқ фермерларга пули ҳануз тўланмади.

Озодликка андижонлик фермерлардан келган бу хабарни ғаллани қабул қилиб олган корхона - “Андижондонмаҳсулот” вакили тасдиқлади.

Андижонлик фермерлар топширган ғалласи пулини ололмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:32 0:00
Бевосита линк

Бу йилги ғалла учун тўланиши лозим бўлган пул банкдаги ҳисобларига тушмаётгани тўғрисида, бир-биридан мустақил равишда, андижонлик икки фермердан мазмуни бир хил икки хабар келди.

Айбсиз айбдор банк

Фермерлардан бирининг Андижон туманидан эканлиги аниқ. Иккинчиси қайси туманданлигини ёзмаган. Лекин иккаласи ҳам топширган дони эвазига пул тушмаётгани учун “Агробанк”ни айблади.

Андижоннинг қайси туманидан эканлигини ёзмаган фермернинг хати мана бундай бошлнади:

“Мен Андижонданман, фермерман. Фермерлар томонидан давлатга сотилган буғдойнинг пуллари давлат томонидан вилоятдаги дон корхоналарига фермерларга бериш учун етказиб берилган, деб эшитдим. Лекин бу пуллар фермерларга берилмаяпти. Бунинг сабаби - “Агробанк” рухсат бермаяпти”.

Андижоннинг шу номдаги туманилик бошқа фермер ҳам ғалласи пулини ололмаётгани учун “Агробанк”ни айблади, ҳатто банкнинг ўзи яшайдиган туман филиалининг конкрет ходимлари исмларини, уларнинг телефонларини айтди.

Озодликнинг бу хабарлардан пайдо бўлган саволига “Агробанк”нинг Тошкентдаги марказий идораси мутасаддиси бундай жавоб берди:

“Агар фермерга дон учун пул тушмаётган бўлса, бунда бизнинг айбимиз йўқ. Пулини ғалласини сотиб олган ташкилотдан сўрашсин. Фермер ҳисоб рақамига келиб тушган пулни бошқа йўналишга чиқармоқчи бўлсаю шу ҳолатда муаммо пайдо бўлса, айб бизда бўлиб қолиши мумкин. Лекин Сиз айтаётган ҳолатда бизнинг айбимиз йўқ”.

(“Агробанк” билан бу тушунмовчиликни ушбу материалга киритмай қўйсак ҳам бўлаверарди, лекин фермерлар билан бугунги суҳбатлардан улар ўзлари имзолаган шартномани ким, қайси ташкилот билан тузганини ҳам яхши билавермасликлари маълум бўлди)

Пул тўланмаётгани тан олинди

Озодлик фермерларнинг ғалласи “пулини излаб” “Андижондонмаҳсулот” акциядорлик жамияти раҳбарияти билан боғланди. Корхонанинг ўзини таништирмаган вакили ғалла учун пул тўланмаётганини тан олди:

"Биз ўз маблағимиздан пул бера олмаймиз. Бизга ғалла учун пулни Молия вазирлиги беради. Заявкалар берганмиз пул учун. Молия вазирлиги бизга туширади. Шундан кейин пулни ўтказиб берамиз. Бизга ресурс келмаса, пул ўтказа олмаймиз".

“Андижондонмаҳсулот” расмий вакилининг айтишича, ғалла пулини Андижон тумани фермерларигина эмас, бутун вилоят фермерлари кутмоқда. Вакил шу кунгача пулнинг қанча қисми тўланганини, қарз неча пул эканлигини айтишдан бош тортди.

"Ишчиларга ҳақ тўла олмаяпман"

Андижон туманилик фермер Озодлик билан суҳбатда бу йил 35 гектар ерга дон сепганини, ҳар гектардан 40 центнердан ортиқ, ҳаммаси бўлиб 140 тонна буғдой топширганини айтди.

Шартномага биноан у топширган ҳар тонна буғдойи учун 1 млн 200 минг сўмдан пул олиши керак. Лекин пулдан дарак йўқ.

“Натижада ишчиларимга иш ҳақи тўлай олмаяпман. Улар бир неча ўн киши, ҳар бирининг 4-5 тадан боласи бор, ахир! Бундан ташқари ғалла етиштириш учун ишлатган техникамни капитал ремонт қилишим керак”, - деб зорланди фермер.

Кутилмаганда...

Мавзуни ўрганар экан, Озодлик андижонлик фермерлардан бири ва “Андижондонмаҳсулот” ўртасида тузилган шартномани ўрганди. Ҳужжатнинг 3.5 бандида бундай дейилган:

“Тайёрловчи (“Андижондонмаҳсулот”) маҳсулотни белгиланган тартибда қабул қилиб олган вақтдан бошлаб 60 кундан кечиктирмасдан Молия вазирлиги тасдиқлайдиган Нархнома асосида унинг ягона харид нархдаги ҳақини тўлиқ тўлаб беради”.

Фермер билан тузилган шартнома фрагменти
Фермер билан тузилган шартнома фрагменти

Демак, фермерларнинг “пул тушмаяпти” деб арз қилишига эрта эканда? Бу саволни ўрганганимиз шартномани имзолаган фермернинг ўзига бердик.

“Ие, 60 кун эканми, ўқимаган эканман, ҳар йили бир-икки ҳафтанинг ичидаёқ тушириб беришаётгандида пулни”, деди андижонлик фермер.

XS
SM
MD
LG