Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

"Буғдой қироли" деб танилган "Ўздонмаҳсулот" маслаҳатчиси Дилшод Сайфиддинов ҳибсга олинди


Дилшод Сайфиддинов
Дилшод Сайфиддинов

Ўзбек бизнес элитаси орасида "буғдой қироли" номи билан танилган Дилшод Сайфиддинов ўтган жума, 8 февраль куни Тошкентдаги уйида прокуратура ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка 14 февраль куни Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидаги бир-бир биридан мустақил иккита манба маълум қилди.

Дилшод Сайфиддиновга нисбатан ҳозирча Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-модда ("Пора олиш") ва 211-моддаси ("Пора бериш") бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бу маълумотни очиқлаш ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмагани учун исми сир қолишини сўраган Ички ишлар вазирлиги зобитига кўра, 48 яшар Дилшод Сайфиддинов унга қарши ДХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов кўрсатма бергани ортидан ҳибсга олинган.

46 яшар Жаҳонгир Эгамов эса¸ ҳукуматдаги манбалар таъкидича¸ президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни ДХХ ходимлари иштирокида ўтказган кенгайтирилган йиғилиш пайтида вазифасидан бўшатилган ва орадан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган.

"Буғдой қироли"

Дилшод Сайфиддинов Ўзбекистоннинг турли минтақаларида ўттизга яқин ун заводи шунингдек Тошкентдаги "Вернисаж" ва "Эфенди" каби ресторанлар соҳибидир. ​

​У узоқ йиллар давомида дон харид қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш соҳасида мамлакатдаги асосий ташкилот - "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компаниясида маслаҳатчи сифатида ишлаган.

Дилшод Сайфиддиновни яқиндан танувчи ўзбекистонлик йирик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, "Ўздонмаҳсулот"га келгач, Дилшод Сайфиддинов Самарқанд, Навоий ва кейинчалик Тошкент вилоятларидаги бир нечта дон маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини хусусийлаштириб олган.

"Дилшоднинг асосий бизнеси "Ўздонмаҳсулот"да эди. Бутун "Ўздонмаҳсулот"да уруғ нархи, ун нархини белгилашда ундан рухсат олишарди. У кўпчилик назарида халқни сифатсиз нон билан таъминлаган шахс сифатида қолди," дейди ўзбекистонлик тадбиркор.

ДХХдаги қама-қамалар...

Жорий йилнинг 10 январида жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев куч ишлатар тизимлар раҳбарларини "арқонни узун ташлаб қўйгани"дан огоҳлантирган, яқин кунларда "жиловни тортишини" айтган эди.

Озодлик билан ëзишган мулозим иддаосига кўра, 10 январдан то 11 февралга қадар Ўзбекистон ДХХнинг юзга яқин ходими устидан жиноят иши очилиб, эҳтиëт чораси сифатида қамоқ қўлланган.

ДХХ собиқ ходимларининг расман тасдиқланмаган иддаоларига кўра, ДХХ ходимларининг ҳибсга олинишига Шавкат Мирзиëев оила аъзоларининг телефон сўзлашмалари тинглангани ва назорат остига олингани сабаб бўлган.

Ҳукуматдаги манбалар Ўзбекистон ДХХга бир йил раислик қилган Ихтиëр Абдуллаевнинг 11 февраль куни ҳибсга олинганини хабар қилди.

Мамлакат Бош прокуратураси ҳозирча ДХХ раҳбарларининг ушлангани ва улар устидан жиноят иши қўғғатилганига оид маълумотларни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

XS
SM
MD
LG