Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Тошкентдаги мактабда ўқитувчи "формасиз келган" ўқувчи юбкасини тушириб юборди


Тошкентнинг Учтепа туманидаги мактабда ўқувчи қизнинг дарсга замокли юбкада келгани синф раҳбари жаҳлини чиқарган.
Тошкентнинг Учтепа туманидаги мактабда ўқувчи қизнинг дарсга замокли юбкада келгани синф раҳбари жаҳлини чиқарган.

2 март куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи "формада келмаган" 6-синф ўқувчисига дакки бераётиб, синфдошлари олдида унинг юбкасини пастга тушириб юборди.

Ўқувчи қизнинг бу ҳақда Озодликка хабар қилган онасининг айтишича, қизи синфдошлари олдида изза бўлгани ортидан мактабга боришга қўрқиб қолган.

Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларни ҳукумат қарорида белгиланган ташқи қиëфада келишга мажбурлаш ​баъзида уларнинг синфдошлари олдида изза қилинишига сабаб бўлмоқда.

Бундан олдин Жиззахдаги мактабларда ички тартиб қоидаларини бузган ўқувчилар доскага чиқарилиб, сочи чизғич билан ўлчанаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлганди.

Тошкентнинг Учтепа туманидаги мактабда (қайси мактаблиги Озодликка маълум) 6-синф ўқувчиси "формада келмагани учун" синфдошлари олдида изза қилингани тўғрисида унинг онаси айтганларини қизнинг икки синфдоши тасдиқлади.

Синфдошларидан бирининг айтишича, ўқувчи қиз олд томонида белдан этаккача замок ўрнатилган юбкада келгани синф раҳбари жаҳлини чиқарган.

Учинчи соат инглиз тили дарси пайти синф раҳбаримиз дарсни бўлиб кирди. Формада келмаган қизларни доска олдига чиқарди. Жаҳл қилиб юбкаси замогини пастга тортиб очиб юборди.

- Учинчи соат инглиз тили дарси пайти синф раҳбаримиз дарсни бўлиб кирди. Формада келмаган қизларни доска олдига чиқарди. Жаҳл қилиб юбкаси замогини пастга тортиб очиб юборди. Кейин ҳамма болалар устидан кулди, - деди изза бўлган қизнинг синфдошларидан бири.

Онасининг Озодликка айтишича, қизи шокка тушган¸ синфдошлари олдида изза бўлганидан кейин мактабга боришга қўрқиб қолган.

- Муаллим юбкасининг замогини пастга тортиб, ечиб юборган пайт, ўғил болалар "анатингни кўриб олдик", деб устидан кулган. Ҳозир мактабга боришга қўрқиб қолган. Синф раҳбари дарс пайти, синфдошлари олдида шу ишни қилган экан-да, - деди қизнинг онаси.

Қизнинг синф раҳбари (исм-фамилияси Озодликка маълум) мактаб формасида келмаган ўқувчиларни доскага чиқариб, уларга дакки берганини Озодликка тасдиқлади.

Лекин, муаллим қизнинг юбкасини ечганини рад этди.

Бу қизники қора юбка, белдан пастигача замокли экан. Юбкангни алмаштир, дедим. Эртага бошқа юбка кийиб келасан, дедим. Хўп, деди.

- Форма масаласида гаплашдим. Битта-битта алоҳида доскага чиқариб, алоҳида айтдим. Бу қизники қора юбка, белдан пастигача замокли экан. Юбкангни алмаштир, дедим. Эртага бошқа юбка кийиб келасан, дедим. Хўп, деди. Лекин, юбкаси ечилиб кетди, деган нарса бўлмаган, - деди муаллим.

Синф раҳбари ўғил болалар қизнинг устидан кулганини истисно қилмади.

- Ёнида ўтирадиган тўполончи бола бор, яна икки бола бор, мен кетганимдан кейин устидан кулишибди. У кейин йиғлаган. Мен у болаларни ушлаб, гаплашдим, - деди муаллим.

"Қош қўяман деб, кўз чиқариш…​ми?"

Бундан олдин ўтган ҳафта Жиззахдаги мактабларда ички тартиб қоидаларини бузган ўқувчилар доскага чиқарилиб, сочи чизғич билан ўлчанаётгани акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлганди.

Жиззах шаҳридаги 24-мактаб телеграм каналида ўқитувчилар ўқувчиларнинг сочини чизғич билан ўлчашаётгани расмлари февраль ойи оҳирида эълон қилинди.
Жиззах шаҳридаги 24-мактаб телеграм каналида ўқитувчилар ўқувчиларнинг сочини чизғич билан ўлчашаётгани расмлари февраль ойи оҳирида эълон қилинди.

Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Жиззах мактабларида ўқувчиларнинг соч узунлиги ўлчанаётганига оид фотосуратларни изоҳлар экан буни "қош қўяман деб, кўз чиқариш…​" деб атаганди.

Қани энди, таълим сифатини яхшилаш ва ўз малакасини ошириш бўйича қарорларни шунчалик жон куйдириб ижро этишса жойларда…

"Қани энди, таълим сифатини яхшилаш ва ўз малакасини ошириш бўйича қарорларни шунчалик жон куйдириб ижро этишса жойларда…", - деб баёнот берганди Шерматов 29 февраль куни.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатда бўлган ота-оналар ўқувчиларни ягона форма кийиш ва одоб-аҳлоқ қоидаларига кўндириш дарсларнинг мунтазам бўлинишига сабаб бўлаётгани ва таълим сифатига ёмон таъсир қилаётганини айтишади.

- Инглиз тили дарси бўляпти. Синф раҳбари дарсни бўлиб кириб, ярим соат форма ҳақида гапиряпти. Шуни дарсдан ташқари пайтда, алоҳида кабинетда, бизнинг иштирокимиз билан муҳокама қилишса бўлади-ку, синфдошлари олдида қизни шок ҳолатига туширгандан кўра, - деди Тошкентнинг Учтепа туманидаги мактабда формада келмагани учун изза қилинган қизнинг онаси.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг матбуот котиби Анвар Умаров 3 март куни Озодлик билан суҳбатда ички одоб-интизом масалалари дарсга халақит қилинмаган холда муҳокама қилиниши кераклигини айтди.

- Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил, 14 август кунги 666- қарори бор. Шу ерда ўқувчининг ташқи кўриниши бўйича талаблар бор. Шу талабларнинг бажарилишини ота-оналар таъминлаши керак. Ота-онасини чақиради , тушунтириш ишларини олиб боради. Лекин, дарс пайти ўқитувчи дарсини ўтиши керак. Дарс муқаддас нарса, - деди Умаров.

Озодлик гаплашган ота-оналар эса, мактабларда ўқувчиларнинг ташқи кўринишини бир қолипга солиш жараëни зўравонликка айланиб кетаётганидан ташвишда эканликларини айтишади.

“Биз болаларимизни мактабга таълим олсин¸ ўқисин¸ деб юборамиз. Булар эса¸ таълим бериш у ëқда қолиб¸ сочинг узун¸ юбканг калта деган нарсалар билан вақт ўтказаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг қарори ўқитувчиларни илм бериш ўрнига¸ ахлоқ полициясига айлантириб қўймоқда”¸ дейди Озодлик гаплашган тошкентлик ота-оналардан яна бири.

Эътирозларга сабаб бўлаëтган 666-сонли қарор

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланади.

Ягона формага ўтишга оид икки банди ижроси кечиктирилган¸ аммо қолган бандлари кучда қолган қарорда¸ ўқувчиларнинг мактабга қандай ташқи қиëфада келиши майда тафсилотларгача белгилаб берилган.

Хусусан¸ унда ўқувчининг мактабга тор кийимда келиши тақиқланади¸ қизлар учун юбканинг узунлиги тиззадан 5 — 15 см пастда бўлиши; ўғил болалар учун шимнинг узунлиги оёқ тўпиғидан пастда бўлиши; оёқ кийимлар пошнасининг 3 сантиметрдан баланд бўлмаслиги; кўйлакнинг энг юқоридаги фақат битта тугмасидан ташқари бошқа тугмаларнинг қадалган бўлиши; кийимларнинг тоза ва дазмолланган бўлиши шарт" қилиб белгиланган.

Қарорда соч¸ тирноқ¸ макияж ва тақинчоқлар ҳақида ҳам алоҳида талаб белгиланган бўлиб¸ унга кўра:

ўғил бола ўқувчиларнинг сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига; қиз бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди”.

Ўқувчи¸ аниқроғи¸ ўсмир ëшидагиларнинг татуировка қилиши қандай тақиқланган бўлса¸ мактабга у ëки бу динга мансубликни кўрсатувчи кийимда¸ хусусан¸ рўмол ва ҳижобда келиши ҳам тақиқланган.

Айни пайтда¸ қарорда бундай талабларга бўйсунмаслик учун жавобгарлик ҳам белгиланган.

Унга кўра, мактаб формаси талабларига бўйсунмаган ўқувчиларга аввалига огоҳлантириш берилади¸ бу ҳолат ўқувчининг кундалик дафтарига қайд этилади¸ ота-онаси хабардор қилинади ва бу чоралар натижа бермаган тақдирда¸ мактаб ва маҳалла йиғилишларида ота-оналар иштирокида муҳокама қилинади.

Жорий ўқув йилидан Ўзбекистон бўйлаб мазкур қарор ижроси билан шуғулланиш қаттиқ топширилгани ортидан¸ Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ мактабга қарорда белгиланган ташқи қиëфада келмаган ўқувчиларни мактабга киритмаслик¸ уларни бутун мактаб олдида изза қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG