Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:42

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ўқ отилди. Можарога қўй-эчки сабаб бўлди


Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида 6 январь куни ўқ отилди. Икки давлат чегара расмийлари воқеадан сўнг зудликда музокаралар ўтказиб, ўзаро эътирозларга барҳам бериш масаласини муҳокама қилдилар.

Бу ҳақда Озодлик радиосига 7 январь куни маълум қилган Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, ўзбек чегарачилари қирғиз фуқароларини чегара бузилганидан огоҳлантириш мақсадида осмонга қарата ўқ узишга мажбур бўлган.

Гулмира Бўрубаевага кўра, 6 январь кунги воқеа Ўзбекистоннинг Наманган ҳамда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятлари ўртасидаги давлат чегарасининг хатланмаган участкасида содир бўлди.

“Қирғизистоннинг Олабуқа тумани Кўктош қишлоғи яқинида Қирғизистонликларнинг чорва моллари икки давлат ўртасидаги аниқланмаган ҳудудга ўтиб кетган. Молини излаб борган одамлар ҳам ўша хатланмаган ҳудудга кириб кетишган. Қирғизистонликларнинг қўй-эчкилари чегаранинг аниқланмаган участкасига ўтиб кетганидан сўнг ўзбек чегарачилари уларни Ўзбекистонга ҳайдаб кетган. Бунинг натижасида қирғиз фуқаролари ва ўзбек чегарачилари ўртасида жанжал чиққан”, - деди Гулмира Бўрубаева.

Маълум қилинишича, ўзбек чегарачилари ва қирғизистонликлар ўртасида даҳанаки жанжал кучайиб кетган. Шундан сўнг ўзбек чегарачилари осмонга қарата икки марта огоҳлантирувчи ўқ узган. Ҳеч ким жабрланмаган.

7 январь куни Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаеванинг Озодликка айтишича, бу воқеадан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара расмийлари ўртасида тезкор учрашув бўлиб ўтган. Учрашув натижасида Ўзбекистон чегарачилари чорва молларини эгаларига қайтарган.

- Учрашув натижаси бўйича, ўзбек томони 520 бош қўй ва эчкини қирғизистонликларга қайтариб берди. Қирғизистонликлар ўзбек чегарачиларига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдиришди. Ҳозир қирғиз -ўзбек чегарасидаги вазият барқарор, - деди чегара расмийси.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати воқеа юзасидан 7 январда қуйидаги баёнотни эълон қилди:

"6 январь, соат 13:30ларда Наманган вилоят, Поп туманидаги Оққурча деган жойда ўзбек чегарачилари давлат чегарасини бузган шахсларни пайқашган. Улар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан 1,5 км масофа ичкарига кириб келиб, 500тага яқин қўй-эчкини ўтлатиб юришган.

Ўзбекистон Республикаси чегарачиларининг чегара бузилган жойга етиб келгунига қадар, қирғиз чўпонлар поданинг катта қисмини Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Араб аҳоли пунктига олиб ўтишга улгурган. Поданинг қолган қисми кўрсатилган ҳудудда қолган.

Эришилган икки томонлама келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон чегарачилари чорвани ҳамда қўшни давлат фуқароларини Қирғизистон Республикаси ҳудудига чиқариб юборишди.

Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси чегара идоралари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, чегара ҳудуди аҳолиси билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда".

Жалолобод вилоятининг Олабуқа тумани ҳамда Ўзбекистоннинг Наманган вилояти чегарадош ҳудудда 19 минг гектардан ортиқ ер баҳсли деб ҳисобланади.

Сўнгги марта Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 2018 йилнинг 7 апрель куни ўқ отилган эди. Ўшанда Ўзбекистон чегарачиси отган ўқдан 34 яшар Қирғизистон ватандоши ҳалок бўлган.

Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил этади. Президент Мирзиёев давлат ташрфи билан 2017 йил 5 сентябрда Бишкекка борганида мазкур чегаранинг 1170 километри, яъни 85 фоизи аниқланиб бўлингани тўғрисидаги ҳужжат имзоланган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG