Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:40

Толибон янги дресс-код жорий қилди, университетларда йигит ва қиз талабаларни ажратишни буюрди


Кобулдаги хусусий университет талабалари - 6 сентябрь, 2021
Кобулдаги хусусий университет талабалари - 6 сентябрь, 2021

Толибон Афғонистондаги хусусий университет ва коллежларда янги кийиниш қоидаларини жорий қилиб, аёллар ва эркакларни ажратишни буюрди. Гуруҳнинг бу ҳақда чиқарган фармони нусхаси Озодликка келиб тушди.

Толибларнинг Таълим вазирлиги 5 сентябрда тарқатган кенг кўламли ҳужжатга кўра, барча талаба қизлар, ўқитувчилар ва ходимлар сочлари, танаси ва юзининг аксар қисмини ёпадиган исломий либос ва ниқоб кийишлари шарт. Шунингдек, кийимлар ранги қора бўлиши, аёллар қўлларини яшириш учун қўлқоп кийишлари керак.

Синфлар эса талабалар жинсига қараб бўлиниши, ёки ҳеч бўлмаганда, ўғил болалар қизлардан парда билан ажратилиши керак. Бундан ташқари, қизларга муаллималар дарс бериши керак. Агар аёл ўқитувчи бўлмаса, уларнинг ўрнини «яхши хулқли кекса домлалар» эгаллаши мумкин.

Ўтган ой халқаро миқёсда тан олинган ҳукумат қулаганидан кейин ҳокимиятни қўлга олган Толибон «аёллар ва қизларнинг барча ҳуқуқлари ислом доирасида ҳимояланишини» айтиб келади.

Толибон ўзини мўътадил қилиб кўрсатишга ҳамда афғонларни ва бутун дунёни ўзгарганига ишонтиришга уринмоқда. Жангари гуруҳ 1996–2001 йиллардаги ҳукмронлиги даврида хотин-қизларга зулм ўтказиб, қизларнинг таълим олишини кескин чеклаганди.

Толибоннинг 6 сентябрь куни кучга кирган янги қоидалари мамлакатда аёллар тақдири яна ўзгаришидан далолат беради.

«Репрессиянинг яққол белгиси»

«Мактаблар ва университетларда жинсларни ажратиш каби янги ўзгаришлар қўрқувга сабаб бўлмоқда ҳамда аёллар ва қизларга нисбатан камситиш маданиятини келтириб чиқармоқда», дейди Толибон таҳдиди туфайли Афғонистондан қочиб кетган ҳуқуқ фаоли Самира Ҳамидий.

«Қора ниқоб кийган аёллар афғон маданиятига мос тушмайди», дея қўшимча қилди у.

«Бу аёллар ва қизлар ҳаётидаги репрессиянинг яққол белгисидир».

Толибон ҳокимиятга қайтишидан олдинги 20 йил давомида Афғонистонда аёллар эркаклар билан бирга таҳсил ола бошлаган, уларга эркак ўқитувчилар сабоқ бера бошлаган эди. Аёлларни ёпинишга мажбурлайдиган тартиб ҳам йўқ эди.

Аммо аёллар учун ҳаммаси ўзгармоқда.

Ижтимоий тармоқларда кенг улашилган фотосуратларда Кобулдаги хусусий Ибн Сино университетида эркаклар ва аёллар парда билан ажратилганини кўриш мумкин. Расмдаги кўплаб аёллар қора либос ва ҳижоб кийиб олган. Аммо уларнинг юзлари очиқ бўлиб, бу ҳолат янги кийиниш кодексига зиддир.

Толибон чиқарган фармонга кўра, аёллар бутун танани қоплаб турадиган абая ҳамда аёл чеҳрасининг кўздан бошқа барча қисмини ёпиб турадиган ниқоб кийиши керак.

Хўст шаҳридан Марям Озодлик радиоси афғон хизматига берган интервьюсида кўп аёллар бошини ёпадиган ҳижоб кийишга тайёр эканини айтди. Аммо у ниқоб ёки бурқа «афғон аёллари учун тўғри келмаслигини» қўшимча қилди.

«Хулқ-атвори яхши» кекса домлалар

Толибон 1990-йилларда ҳам бурқа кийишни мажбурий қилган эди.

Толибон фармонида эркаклар ва аёллар университет ва коллежларга алоҳида дарвозалардан кириб чиқиши шартлиги айтилади. .

«Университетлар аёл талабалар учун ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аёл ўқитувчиларни ёллашлари шарт», дейилади ҳужжатда.

Агар аёл ўқитувчиларни ишга олишнинг иложи бўлмаса, муассасалар «хулқ-атвори яхши» кекса ўқитувчиларни ёллашга ҳаракат қилиши керак.

Аёллар нафақат алоҳида таҳсил олиши, балки ташқарида эркаклар билан кўришмаслиги учун уларнинг дарслари беш дақиқа олдин якунланиши керак.

Ҳужжатларда, шунингдек, эркак синфдошлари бинодан чиқмагунча аёллар кутиш хоналарида қолишлари шартлиги таъкидланади.

18 ёшли Салги Барон янги чекловларга қарамай, Толибон аёлларга таълим олишга рухсат бераётгани ижобий ҳолат эканини айтди. Барон жорий йилда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган.

«Толибон ўз ваъдаларини бажариши керак. Университет профессорларини рағбатлантириш ва қадрлаш керак, биз келажакка умид билан қарашимиз керак», деди у Озодликка берган интервьюсида.

Аёллар ҳуқуқларининг бузилиши

Аммо бошқалар Толибон ўзгарганига ҳамда аёлларнинг таълим олиш ва ишлаш ҳуқуқини ҳимоя қилишига ишонишга ошиқмаяпти.

АҚШ бошчилигидаги коалиция Афғонистонга бостириб кирганидан кейин, мамлакатда талабалар сони кескин ошди, айниқса, аёллар орасида. Аёллар таълимидаги ютуқлар асосан шаҳарларда бўлса-да, ҳар хил ёшдаги миллионлаб қизлар мактабга қайтди.

Аёллар, шунингдек, вазир, парламент аъзоси ва вилоят амалдори сифатида жамоат ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади. Бундан ташқари, улар овоз бериш ва уйларидан ташқарида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Толибон 1996–2001 йилларда Афғонистони бошқарганида аёлларни бошдан-оёқ ёпинишга мажбурлаб, уларга уйдан ташқарида ишлашни ҳамда маҳрамсиз кўчага чиқишни тақиқлаган эди.

Толибон бугунга қадар бу каби репрессив қонун ва чекловларнинг аксарини қайта жорий қилди.

Толибон Кобулда аёлларга асосан уй ичида қолишни маслаҳат бермоқда. Жангарилар давлат телевидениесида ишлаётган аёл журналистларни ишдан бўшатди. Толибон, шунингдек, кўплаб собиқ аёл ҳукумат ишчисига ишга қайтмасликни буюрди. Бундан ташқари, пойтахтда кўплаб қизлар мактаблари ёпилди.

Сўнгги кунларда аёллар Кобул, Ҳирот ва Мозори Шариф шаҳарларида ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилиб намойишга чиқдилар.

Намойиш ташкилотчиларининг айтишича, 6 сентябрь куни Толибон жангарилари Мозори Шариф кўчаларига чиқиб, ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини талаб қилган кўплаб аёлларни зўравонлик билан тарқатиб юборган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган фотосуратларга кўра, аёллар «Аёллар ҳуқуқларининг бузилиши = Инсон ҳуқуқларининг бузилиши» ва «Биз барча табақада сиёсий иштирокни хоҳлаймиз» каби шиорлар ёзилган плакатлар билан намойишга чиққан.

XS
SM
MD
LG