Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:29

“Режаларим барбод, орзуларим чилпарчин бўлди” – кобуллик журналист аёл ўз ишидаги ўзгаришлар ҳақида


Толиблар аёлларга хавфсизлик учун “ҳозирча” уйда қолишни амр қилган эди, шундай бўлса-да, айрим аёллар ишга боришга журъат топа олмоқда. Аммо, рост, улар сони жуда кам. Озодлик радиоси афғон пойтахтидаги тартибсизлик шароитида шунча хавф-хатарга қарамай, ишини давом эттираётган ёш журналист аёл билан суҳбатлашди.

Роҳила Елена – Афғонистон пойтахти толиблар томонидан босиб олинганидан кейин ишга қатнашда давом этаётган кобуллик кам сонли журналист аёллардан биридир. Толибон ўз жангариларини аёллар билан тўғри муомала қилишга “ўргатиш”га ваъда берган ва ўшангача ишли аёлларга уйда қолишни буюрган эди.

Маҳаллий ОАВларда мухбир бўлиб ишлаётган бу аёл Озодлик радиосига берган интервьюсида режалари нега барбод бўлгани ва қандай “янги воқелик” билан тўқнаш келгани ҳақида сўзлаб берди.

Эслатма: Суҳбатдошимиз ўз хавфсизлигини ўйлаб, тахаллусдан фойдаланган.

Озодлик: Шунча таҳдид мавжудлигига қарамай ишга қайтишга қарор қилибсиз. Нега?

Роҳила Елена: 15 август куни, Толибон Кобулга кирганини эшитганимизда ишхонада мажлис бўлаётган эди. Ҳамма дарҳол таҳририятни тарк этиб, эшиклар ташқаридан қулфланди. Бир неча кун ўтиб иш берувчиларимдан барча ходимлар ишга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарнома олдим ва биринчилар қаторида офисга етиб келдим.

Қайтишим сабаблари бир нечта.

Энг аввало мен мустақил шахслигимни ва ҳеч бир ҳукумат ёки ҳокимият менинг ўрнимга, менинг ҳаётимга тааллуқли шахсий қарорлар қабул қилишга ҳақли эмаслигини ўйладим. Бу қарорим қандай оқибатларга олиб келишини билмайман, лекин лоақал бир кун келиб ўзимга ўзим, шунча хавф-хатарга қарамай тўғри деб топганим ишни қилдим, деб айтишим мумкин бўлади.

Иккинчи сабаб шуки, менинг таълим олишимга афғон ҳукумати маблағ сарфлаган, шунинг учун ҳам мен ишлаб, жамият олдидаги қарзимни узишим керак.

Яна, мен кўчага чиқиш ва юз бераётган воқеаларни ёритиш – журналист сифатида бурчим эканини ҳис қилдим. Журналистнинг бурчи инсонлар ва жамият муаммоларидан, ҳукуматнинг ишларидан оммани воқиф этишдир. Мен одамларнинг муаммоларини ҳал қила олмайман, бу менинг вазифам эмас, аммо уларга овоз бўлиб, дардларини жамоатчиликка етказа оламан.

Ишга қайтишимнинг молиявий сабаби ҳам бор. Оилада тўнғич фарзандман, тирикчилигимиз менинг ойлигимга қараб қолган.

Озодлик: Толиблар Кобулда иқтидорга келганидан сўнг ишда қандай ўзгаришларга дуч келдингиз?

Роҳила Елена: Бизда сўз эркинлиги бор эди, мен мавзуни эркин танлай олар, ҳукуматни ва бошқаларни эркин танқид қила олардим, репортажларим цензура қилинмасди. Ҳозир бари бошқача.

Афғонистонда ҳокимият бўшлиғи юзага келди, аввалги эркинликларимиз қайтариладими, йўқми – ҳозирча номаълум. Репортажлар тайёрлашда эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиляпмиз, ўзимизни ўзимиз цензура қилишимизга тўғри келяпти.

Масалан, икки кун олдин янги ҳукумат тузилиши ва одамларнинг шу билан боғлиқ қайғулари ҳақида материал тайёрлагандим. Керагидан ортиқ эҳтиёткор бўлдим, матнни ёзишда ўзимни хўп цензура қилдим, деб ўйловдим. Аммо муҳарририм мақолани таҳрир қилиб, кўп фикрларни “бошимиз балога қолади” деб ўчириб ташлабди. Бу мен билан қайғу-ташвишларини бўлишган одамларнинг гап-сўзлари эди холос.

Ўзимга ўзим дедимки, мана мен учун ишдаги янги воқелик: бундан кейин хоҳлаганимни гапира олмайдиган, ёза олмайдиган бўлдим.

Одамлар Толибондан арз қилса ёки Толибон ҳақида салбий фикрлар билдирса, мен буни мақолаларимда эълон қила олмайман, чунки нафақат ўзимни, балки ҳамкасбларимни ҳам хатарга қўйишдан қўрқаман. Нашримизни ёпиб қўйишлари ҳеч гап эмас.

Озодлик: Аёл журналист сифатида, толиблар даврида Кобулдаги ўз келажагингизни қандай тасаввур қиласиз?

Роҳила Елена: Бу саволни сўнгги икки ҳафтадан бери ҳар куни ўзимга бераман, лекин ҳануз жавобим йўқ. Толиблар Кобулни босиб олишидан ақалли уч соат олдин шу саволни берганингизда эди, сизга ўз режаларимнинг бутун бошли рўйхатини кўрсатган бўлур эдим.

Биласизми, кейинги камида 30 йиллик ҳаётим учун барча икир-чикирларни ҳисобга олган ҳолда, асосий ва қўшимча режалар тузиб қўювдим. Ён дафтаримга турли шахсий лойиҳаларимни ва уларни амалга ошириш учун зарур бўладиган ишларни қайд қилиб борардим. 15 август куни офисдан чиқиб кетганимиздан сўнг бу ёғига нима бўлишини билмай ёндафтарчамни бошқа айрим ҳужжатлар билан бирга ёқиб юбордим.

Кўп орзуларим бор эди. Яқин икки йилда магистратурага ўқишга киришни мўлжаллаётгандим. Шунингдек, Американинг Фулбрайт стипендия дастури бўйича имтиҳонларга ҳозирлик кўриб юрардим.

Чет эл ахборот агентликларида стажёр сифатида ёки ўқув дастури доирасида ишлаб, ўрганганларимни ўз мамлакатимда қўллаш истаги бор эди. Қолаверса, вақти келиб хорижий мамлакатларда халқаро мухбир бўлиб ишлайман, деб юрардим. Энг асосийси – мен дунёга ўз юртим ҳақида сўзлаб беришни хоҳлардим.

Илгари мен ишга яёв қатнардим – гарчи Кобул аввалги ҳукумат даврида ёш аёллар ёлғиз сайр қиладиган қадар хавфсиз бўлмаган эса-да. Бироқ келажагим ҳақида ўй сурганча кўчаларни айланиш менга хуш ёқарди. Энди эса қўрқаманки, режаларим – барбод, орзуларим эса чилпарчин бўлди. Истиқболда мени нималар кутаётганини билмайман. Мен учун Толибон режа тузмоқда. Бу менга жуда алам қилади.

Ҳозир толиблар аёллар ўз ишларига қайтади, оммавий ахборот воситалари фаолиятини давом эттириши мумкин бўлади, деб айтишяпти. Улар ўз ваъдаларини бажарадими, йўқми – билмайман. Ишимни давом эттира оламанми ёки мени қамоққа олишадими ёки ўлдиришадими – буни ҳам айта олмайман.

Озодлик: Кобул ёшларининг кайфияти қандай?

Роҳила Елена: Одамлар секин-аста иш жойларига қайтмоқда. Кобул бир неча кун шарпалар шаҳрига ўхшаб қолди. Кўчалар ҳувиллаб ётарди. Ҳозирда хийла гавжумлашди, аммо шаҳримиз ҳаёт барқ урган аввалги тинч замонлардагидек эмас барибир.

Ҳар куни Кобулнинг энг гавжум мавзеларидан ўтарканман, пойтахтимиз эркаклар шаҳрига айланиб қолгандек туюлади. Кўчаларда, ишхоналарда аёллар жуда кам. Аксари қора ҳижоб ёки паранжи кийган. Эркакларнинг ҳам ташқи кўринишлари бошқача: энди улар толиблар маъқул топган анъанавий афғон либосларини кийиб юришади.

Эркинликларимиз чекланиши – муаммонинг бир қисми холос.

Ёшлар ҳам, кексалар ҳам иқтисодий вазиятдан қаттиқ ташвишга тушган. Одамлар қашшоқ, кўпчиликнинг тайинли иши йўқ. Аксари аҳоли мардикорлик орқасида амал-тақал қилиб яшайди, топгани бир кунлик овқатидан ортмайди. Эртаси куни бари қайтадан бошланади.

Афғонистон сўнгги 20 йил давомида чет давлатлар ёрдамига қарам бўлиб келди. Ёрдамнинг эса чек-чегараси бор. Агар ёрдам бериш тўхтатилса, ишлашимизга рухсат берилган тақдирда ҳам, бизга ҳақ тўлайдиларми, йўқми – билмаймиз. Одамлар очарчилик келиши мумкинлигидан қўрқувга тушмоқда.

XS
SM
MD
LG