Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:34

Россия ОТМлари анъанавий таълимга қайтди - ўзбекистонлик талабалар ўқишга қайтолмаяпти


8 февралдан Россия олий таълим муассасаларида дарс жараёни бошланди
8 февралдан Россия олий таълим муассасаларида дарс жараёни бошланди

2021 йилнинг 8 февралидан Россиядаги олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқиш жараёни бошланди. Россияга киролмаётган ўзбекистонлик талабалар дарслардан ортда қолаётганликларини айтишмоқда.

Россия Фан ва таълим вазирлиги вакили Озодлик сўровига хорижлик талабаларнинг Россияга киришига ҳозирча рухсат йўқлигини билдирди.

Санкт-Петербургдаги университетларидан бирида таҳсил олаётган ўзбекистонлик 20 яшар Шаҳбоз Россияда 8 февралдан кундузги бўлимларда дарс жараёни бошлангани, аммо ўзбекистонлик талабалар Россияга киролмаётгани ҳақида гапиради.

- 8 февралдан Россиядаги барча институтлар ўқиш бошлади. Биз яна қолиб кетдик. Ўқишимиз ўтган йилнинг октябридан онлайн эди. Мен биринчи курсни битиряпман - университетни ҳали кўрмаганман! Катта курслар 2020 йилнинг апрелида Россияда киритилган карантин пайтидан бери онлайнда эди, - дейди Шаҳбоз.

Россияда таҳсил олаётган талаба йигит эндиликда онлайн курслар ҳам якунланиб, улар мутлақо ўқиш жараёнидан ортда қолиши мумкинлигини билдирди.

Шаҳбознинг айтишича, пандемия туфайли ўқув йили бошидан бери онлайн ўқишга мажбур.

- Биласизми, университетим онлайн курсларни қилиб бермас экан. Ҳалиям курсдошларим билан яхши чиқишиб олдим ва уларни зарядкаси тугагунча кеча телефонларидан онлайн маъруза тингладим, улаб берганди. Университетимиз фақат вазифа бериш билан чекланяпти. Ваҳоланки, тўловларни ўз вақтида олишяпти. Яхшиям қишки сессияни аъло баҳога ёпганим учун 50 фоизга контракт тўловларни тушириб беришди, - дейди водийлик талаба.

У Россиядаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар номидан мазкур вазиятга Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Таълим вазирлиги мутасаддилари эътибор қаратишини сўради. У ўзбек томони Россиянинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда бу масалага ечим топишига умид қилмоқда.

2020 йил мартида Россия коронавирус инфекциясига қарши карантин чекловларини жорий қилган ва хорижликларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйган эди. Июль ойида бир нечта хорижликлар тоифасига киришга рухсат берилган. Жумладан, Россиядаги айрим агентликлар ва йирик компаниялар Ўзбекистондан олиб қираётган ишчи мигрантларга рухсат берилмоқда.

Январь охирларида Россия Федерацияси Таълим ва илм-фан вазирлиги 2021 йилнинг 8 февралидан олий ўқув муассасаларида ўқиш жараёни бошланишини эълон қилганди. Шу билан бирга таълим муассасаларида коронавирус билан боғлиқ санитария нормаларига риоя қилиш тартиби тўлиқ сақланиб қолиши, бу вирус билан касалланганлар сони ҳали ҳам кўплиги айтилди.

Хорижлик талабаларга қачондан бошлаб Россия олий ўқув юртларига ўқишга қатнашига рухсат берилади?

Озодлик бу саволни Россия Фан ва таълим вазирлигига узатиб, қуйидаги мазмунда жавоб олди:

- Анъанавий дарс ўтиш тартибида россиялик ва Россия билан чегаралари очиқ бўлган мамлакатлар талабаларига рухсат берилди, холос. Афсуски, Ўзбекистон билан чегаралар очилганича йўқ. Демак, Ўзбекистонда қолаётган хорижлик талабаларимиз масофавий таълимни давом эттираверади. Бундай ҳолат қачонгача давом этади, деган саволингизга ҳам жавоб беролмаймиз, чунки бу бизнинг ваколатимизда эмас: ҳукумат даражасида ҳал этиладиган масала. Тўғриси, бизнинг вазирлик ҳам қачон чегаралар очилиши ва нормал иш жараёни бошланишини интизорлик билан кутмоқда, - деди ўзини Анна деб таништирган Россия Фан ва таълим вазирлиги матбуот хизмати вакили.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбек талабалари Россияга қайтиб кириш учун турли ноқонуний йўлларга бош ураётгани, жумладан, Россия олий таълим муассасалари номидан ҳужжатларни сохталаштираётгани тўғрисида хабар қилганди.

Аммо ҳозирги вақтда Россия ОТМда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Россия Федерацияси ҳудудига тўсқинликларсиз кириш ҳуқуқига эга фуқаролар таснифига кирмайди. Шундай қилиб, Россия халқаро аэропортларига чартер рейслари билан келган Ўзбекистон фуқаролари чегарани кесиб ўтишда ва тасдиқловчи ҳужжатлар юзасидан муаммоларга дуч келишлари мумкин”, - дейилади Ўзбекистон элчихонаси расмий билдиришномасида.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги “ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни” сўраб, баёнот тарқатди.

Охирги йилларда Ўзбекистон Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчиликда ва йил сайин бу кўрсаткич ошиб бормоқда.

Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG