Халқаро хабарлар
Президент Трамп мудофаа вазири Марк Эсперни ишдан бўшатди
АҚШ президенти Дональд Трамп мудофаа вазири Марк Эсперни ишдан бўшатиш ҳақидаги фармонни имзолади. Қарор имзоланган ондан бошлаб кучга кирди.
Эспернинг ўрнига мудофаа вазири вазифасини бажарувчи этиб Террорчиликка қарши кураш бўйича миллий марказ директори лавозимида ишлаб келаётган Кристофер Миллер тайинланган. Бу ҳақда Трамп Твиттердаги ўз саҳифаси орқали билдирган.
Шу йил 3 ноябрида бўлиб ўтган сайлов натижаларини тан олишдан бош тортаётган президент Трамп Пентагон раҳбари нима сабабдан ишдан бўшатилгани ҳақида изоҳ берган эмас.
Кун янгиликлари
Россияда мигрантларга фуқаролик бериш тўхтатилиши мумкин
Жорий йилнинг 26 ноябрь куни уюшган тартибда ишга жалб қилинган меҳнат муҳожирларининг РФда яшаш рухсатномаси ёки фуқаролик олишини тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси Россия Давлат думасига кўриб чиқиш учун киритилади. Бу ҳақда давлатга қарашли “РИА Новости” агентлиги “Адолатли Россия — Ҳақиқат учун” (“Справедливая Россия — За правду”) фракцияси вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Фракция депутатлари бу каби мигрантларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг ҳам Россияга киришини тақиқлашни таклиф қилишмоқчи.
Бундан ташқари, лойиҳадан меҳнат муҳожирларининг Россияда бўлиши меҳнат шартномаси муддати билан чекланишига оид таклиф ҳам ўрин олган. Бу муддат тугаганидан кейин хорижлик ишчи РФ ҳудудини тарк этиши шарт бўлади.
Иш берувчиларга эса мигрантнинг уйга қайтиши билан боғлиқ харажатлар учун маблағ сақланажак махсус ҳисобрақами очиш мажбурияти юкланиши кўзланмоқда. Қонун лойиҳасида айтилишича, бундай ҳисобрақамнинг бўлиши меҳнат муҳожирининг Россия кириб келиши учун мажбурий шартга айланиши лозим.
Грузия президенти янги парламентнинг илк мажлисини бойкот қилди
Тбилисида 25 ноябрь куни бундан бир ой муқаддам сайланган парламентнинг илк мажлиси бўлиб ўтган. Мазкур сессияга мамлакат президенти Саломе Зурабишвили келмаган. У қонун чиқарувчи органнинг ҳозирги таркибини “конституцияга зид” ва “нолегитим” деб ҳисоблайди, чунки, Зурабишвили” фикрича, 26 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижалари “ёппасига сохталаштирилган”.
Мухолифат коалициялари лидерлари ҳам парламент мажлисини бойкот қилишган ва президент Зурабишвили бошчилигида “муқобил парламент” шакллантириш лозимлигини айтишмоқда.
Шунга қарамай, расмий маълумотларга мувофиқ, сайловчиларнинг 54 фоизи овозини олган “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясидан бўлган 89 нафар депутат парламентга сайланган 150 депутатнинг ваколатларини овоз бериш йўли билан тан олишган ва Шалва Папуашвилини спикерликка қайта сайлашган.
Мандат олганлар орасида “Грузия учун”, “Ўзгаришлар учун”, “Кучли Грузия” ва “Бирдамлик” мухолифат коалицияларидан сайланган 61 нафар депутат ҳам бор. Бироқ мухолифатчилар парламент йиғилишларида иштирок этмасликлари ва ҳатто депутатликдан воз кечишларини билдиришган. Улардан бири – Михаил Саакашвилининг “Бирдамлик” партиясини тамсил этувчи Гогита Вашадзе аллақачоноқ депутатлик ваколатларини топширган. Бошқа депутатлар ҳам яқинда унга эргашишлари кутилмоқда.
“Кучли Грузия” коалицияси асосчиси Мамука Хазарадзе таклифига кўра, мухолифатчилар мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгашини тузишмоқчи. Хазарадзе уни “муқобил парламент” деб атаган.
Президент Зурабишвили “Грузия орзуси” вакилларидан тузилган парламенти нолегитим деб ҳисоблайди, чунки у парламентнинг илк ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги фармонни имзоламаган, Конституцион суд эса президентнинг 26 октябрдаги сайловларни “бўлиб ўтмаган” деб тан олинишига оид даъво аризаси бўйича ҳали қарор қабул қилган эмас.
25 ноябрь куни эрталаб ҳукмрон партия асосчиси миллиардер Бидзина Иванишвили дохил “Грузия орзуси”нинг 89 нафар депутати ИИВ махсус топшириқлар бажарувчи қисмининг кучли қўриқлови остида парламент биносига кириб олишган. Мухолифатнинг минглаб фаоли, гарчи парламент биносини тўлиқ иҳота қилиб ололмаган бўлса-да, уни уч томондан ўраб олган ва депутатлар ортидан “руслар” ва “Путиннинг қуллари” деб қичқиришган. Бу ҳаракатлари билан улар мухолифат ҳаракатининг, шунингдек, амалдаги президент Зурабишвили ҳамда айни пайтда қамоқда бўлган учинчи президент Михаил Саакашвилининг 26 октябрдаги сайлов “Владимир Путин розилиги билан амалга оширилган Россиянинг махсус амалиёти” эканига оид асосий тезисини ёйинлашган.
Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги Грузия расмийларини сайлов якуни ва янги парламент шакллантирилгани билан табриклашга ҳозирча шошилмаяпти.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Словакия бош вазири Роберт Фицодан бошқа европалик бирор лидер Иванишвили ва унинг етовидаги “Грузия орзуси” билан бирга ишлашга тайёр эканини тасдиқлаган эмас, ваҳоланки Грузия ҳали ҳам расман ЕИга аъзоликка номзод мамлакат бўлиб ҳисобланади.
Бош вазир Ираклий Кобахидзе аввалроқ бир неча бор ўз мамлакати билан ғарб ўртасидаги муносабатлар президент Трамп инаугурацияси ва Украинада тинчлик ўрнатилганидан кейин нормаллашиши ҳақида гапирган. Парламент спикери Папуашвили эса декабрь ойида махсус коллегия Грузияга янги президент сайлашини маълум қилган. Бу лавозимга “Грузия орзуси”дан ким кўрсатилиши ҳозирча маълум эмас.
Россия: Мигрант болалари таълимига оид қонун лойиҳаси думага киритилди
Россия Давлат думасига хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар фарзандларининг Россия мактабларига қабул қилинишига оид қонун лойиҳаси киритилди. Унда мигрантларнинг фарзандлари мактабга киришда рус тилини “таълим олиш учун етарли даражада билиши”ни аниқлаш мақсадида тест топширишлари шартлиги белгилаб қўйилган. Мазкур тестдан ўтолмаган болалар мактабга олинмайди.
Қонун лойиҳасида тест жараёни бепул бўлиши, уни ўтказиш ва баҳолаш мезонлари эса эса Таълим вазирлиги ва “Рособрнадзор” ташкилоти томонидан алоҳида белгиланиши қайд этилган.
Режага мувофиқ, лойиҳа 10 декабрь куни биринчи ўқишда кўриб чиқилади. Ҳужжат батамом қабул қилинган тақдирда, мактабларга қабулнинг янги тартиби 2025 йил 1 апрелидан кучга киради.
Аввалроқ президент Путин “анъанавий қадриятлар”ни маъқул кўрган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Россияга кўчиб келишини осонлаштиришга оид фармонни имзолаган эди. Фармонда бу шахсларга “истисновий ҳолатларда” рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатсиз ҳам вақтинча яшаш учун изн берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Кремль вакиллари аввалроқ Россия “демографик вазиятнинг таранглиги манзарасида суръат билан ривожланиш учун” меҳнат мигрантлари оқимига муҳтож эканини билдирган эдилар.
Оқ уй Киевга Россия ичкарисига зарба учун изн берилганини расман тан олди
АҚШ президенти маъмурияти Украина учун Россия ҳудудига зарбалар беришда Американинг ATACMS баллистик ракеталаридан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланганини илк бор расман тасдиқлади. Бу ҳақда Оқ уйнинг Стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби 25 ноябрь куни ўтказилган брифингда билдирган.
“Ҳозирнинг ўзида уларда [украиналикларда – таҳр.] ўзларини мудофаа қилиш учун зарурат туғилган тақдирда ATACMSлардан фойдаланиш имконияти бор. Бу ҳозирнинг ўзида Курск вилояти яқинида содир бўлмоқда”, деган Кирби.
АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ракеталар билан зарба бериш учун тақиқни олиб ташлагани ҳақидаги хабарлар ОАВда 17 ноябрь куни пайдо бўлган эди – бу ҳақда The New York Times нашри ва Reuters агентлиги АҚШ ҳукуматидаги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда ёзиб чиқишган. Бироқ бу маълумот олдин омма олдида расман тасдиқланган эмасди.
Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Брянск вилоятидаги объектга олтита ATACMS ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган. Москва Оқ уйнинг қарорини Ғарб мамлакатлари билан бевосита уруш ўлароқ баҳолашини билдирган.
Исроиллик раввин ўлимида гумонланган ўзбекистонликлар қўлга олинди
Бирлашган Араб Амирликларида исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч нафар ўзбекистонлик қўлга олиган. Бу ҳақда Reuters агентлиги БАА Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
ИИВ баёнотига мувофиқ, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.
Вазирлик баёнотида Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари томонидан олиб борилаётган тергов давом этаётгани билдирилган, бироқ қўлга олинган шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб-қилинмагани очиқланган эмас.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси Reuters агентлигининг бу борадаги сўровини жавобсиз қолдирган.
Бирлашган Араб Амирликларида 24 ноябрь куни Исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
2020 йилдан буён БААда истиқомат қилаётган Исроил ва Молдова фуқароси Коган яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган.
Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Амирлик расмийлари раввиннинг ўлдирилиш сабабларига оид бирор маълумотни очиқлашмаган.
Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.
Исроиллик собиқ сиёсатчи Айюб Қара 24 ноябрь куни Дубайда қилган чиқишида раввинга қирилган суиқасдда Эронни айблаган. Эроннинг Абу Дабидаги элчихонаси бу айбловни рад қилган.
Аввалроқ раввин ўлимида ўзбекистонлик уч нафар фуқаро гумон қилинаётгани, улар якшанба куни БААдан Туркияга учиб кетишгани ҳақида хабар қилинган эди. БАА ИИВ раввиннинг ўлимида гумонланаётган ўзбекистонликлар қаерда ва қай тарзда қўлга олинганига аниқлик киритган эмас.
Коганнинг ўлими БААдаги бир неча минг кишилик яҳудий жамоатини шокка туширган. Исроил Миллий хавфсизлик агентлиги мамлакат фуқароларига БААга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган.
DHL юк учоғи Вильнюс аэропорти яқинидаги уй устига қулади
DHL ширкатига қарашли юк учоғи Вильнюс аэропорти яқинидаги икки қаватли тураржой устига қулаган, натижада кучли ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақда Reuters ва Delfi агентликлари аэропорт ва Литва полицияси вакилларидан олинган маълумотга таяниб хабар қилишди.
Учоқда тўрт киши – икки учувчи ва ширкатнинг икки ходими бўлган. Delfi учувчилардан бири қутқарилгани, унинг ҳуши жойида экани ҳақида ёзган.
Хабарларга кўра, жабрланганлардан икки нафари касалхонага етказилган, бир киши вафот этган.
Қутқарувчилар Delfi’га учоқ қулаган уй турғунлари орасида жабрланганларга оид маълумот ҳозирча йўқлигини билдиришган. Воқеа жойида аэропорт ўт ўчирувчилари ишламоқда.
Flightradar24 хизмати маълумотига кўра, бу ерда гап Лейпцигдан Вильнюсга учган Boeing 737 юк учоғи ҳақида бормоқда.
Ноябрь бошида The Wall Street Journal нашри ғарб разведкаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда июль ойида DHL юк етказиб бериш хизматининг Лейпциг ва Бирмингемдаги марказларида иккита посилка портлагани ҳақида хабар қилган эди. Тергов бомбалар электромассажёр шаклида бўлгани, уларнинг ичида электрон платалар ўрнида тез ёнувчи модда бўлганини аниқлаган.
Европа Иттифоқидаги бир неча мамлакат хавфсизлик хизматлари ходимлари логистика омборларидаги посилкалар портлаши АҚШдаги юк рейсларида Россия разведкаси томонидан портлаш уюштириш методи ишлови бўлганини иддао қилишган.
Ўтган ойда Польша расмийлари посилкадан ёнғин чиқиши сабабларини ўрганиш натижасида тўрт киши қўлга олинганини билдиришган. Ҳодиса АҚШ ва Канадага кетиши керак бўлган посилканинг Европага етказилиши чоғида содир бўлган. Польша прокуратураси баёнотига кўра, посилка ичидаги ашё қуруқлик ва ҳаво транспортировкаси чоғида ёниб ёки портлаб кетган.
Ғарб ҳукуматлари ва Европадаги разведка хизматлари аввалроқ Москвани Европадаги Украина иттифоқчилари бўлган мамлакатларда беқарорлик келтириб чиқаришга қаратилган қатор ёнғин ва саботаж ҳодисалари манбаси ўлароқ кўрсатишган.
Москва бу баёнотлар юзасидан изоҳ берган эмас.
БАА: Исроиллик раввин ўлимида ўзбекистонликлар гумонланмоқда
Бирлашган Араб Амирликларида ўтган ҳафта йўқолиб қолган раввин Цви Коганнинг жасади топилган. Полиция тахминига кўра, у қотиллик қурбонига айланган. Коганда Исроил ва Молдова фуқаролиги бўлган.
Раввин Цви Коган 2020 йилдан буён БААда истиқомат қилиб, яҳудийларнинг “Хабад Любавич” ортодоксал диний ҳаракатини тамсил этиб келган. У 21 ноябрь куни йўқолиб қолган эди. Уни БАА полицияси ҳам, Исроил разведкаси ҳам қидирган. Улар одам ўғирлаш тахминини ҳам назардан соқит қилишмаган, муҳтамал буюртмачи ўлароқ эса Эрон махсус хизматлари кўрилган.
Аввалроқ Коганнинг автомобили Абу Дабидан 150 километр наридаги шосседа топилган. Раввиннинг ғойиб бўлишида махсус хизматлар ўзбекистонлик уч нафар фуқародан гумон қилишган, гумонланувчилар ўша куннинг ўзида БААдан Туркияга учиб кетишган. Қотилликда гумонланаётганлар шахсига оид маълумотлар очиқланган эмас.
Исроил бош вазири офиси ва Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида Коганнинг ўлими “мудҳиш антисемитча террор хуружи” деб аталган. Баёнотда айбдорлар қаерда бўлишларидан қатъи назар, Исроил уларни жавобгарликка тортиш учун барча имкониятларни ишга солиши ваъда қилинган.
Исроил Миллий хавфсизлик агентлиги мамлакат фуқароларига БААга сафар қилишдан вақтинча тийилишни тавсия қилган.
FT: Россия Украинага қарши урушга юзлаб яманликни ёллаган
Россия армияси Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Яманнинг юзлаб фуқаросини ёллаган. Бу ҳақда 24 ноябрь куни The Financial Times газетаси ёлланганларнинг айримларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Яманликларнинг айтишларича, уларга кўп пул тўланадиган иш ва ҳатто Россия фуқаролиги ваъда қилинган. Бироқ яманликлар ҳусийларга алоқадор ширкат орқали Россияга келганларидан кейин уларни мажбуран Россия Қуролли кучлари таркибига киритишиб, олд жабҳага йўллашган.
FT тахминига кўра, яманликларни ёллаш ишлари жорий йилнинг июль ойида бошланган. Яманликларнинг Украинадаги фронтда пайдо бўлишини нашр одам савдоси бўйича яширин амалиёт натижаси, деб атаган. Мақолада бу ҳолат Москва билан Ямандаги Эрон дастаклаётган исёнчи ҳусийлар гуруҳи ўртасидаги алоқалар кучайиб бораётганидан далолат экани айтилган.
Яманлик ёлланмаларнинг Украинага йўлланиши талафотлар ортиб бораётгани туфайли урушга тобора кўпроқ чет элликлар жалб қилинаётгани, Кремль эса тўлақонли ҳарбий сафарбарликка йўл қўймасликка интилаётганидан даракдир, дея қайд этилган The Financial Times материалида. Газетанинг қўшимча қилишича, Россия томонидан урушга жалб қилинаётган хорижликлар ичига Ҳиндистон, Непал фуқаролари ҳамда Шимолий Корея мунтазам армиясининг 12 мингга яқин жангчиси ҳам киради.
Яманлик фуқароларнинг Украинага қарши урушга ёлланаётганига оид мақолада Москванинг бунга нисбатан муносабати келтирилган эмас.
Туркия: Анталия аэропортига қўнган Россия учоғида ёнғин чиқди
Туркияда 24 ноябрь оқшомида Россиянинг “Азимут” авиаширкатига қарашли Sukhoi Superjet 100 йўловчи учоғида Анталия аэропортига қўнганидан кейин ёнғин чиқди. Учоқ Россиянинг Сочи шаҳридан учиб келган, унинг бортида 95 киши бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабр кўрган эмас. Ёнғин ўчирилган.
Туркия авиация расмийларига кўра, учоқда 89 нафар нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган. Росавиация иддаосича, уларнинг барчаси эвакуация қилинган ва қурбонлар бўлмаган.
Mash ва Baza телеграм-каналларининг йўловчилар маълумотига таянган ҳолда хабар қилишларича, учоқ иниш чоғида қўниш йўлагига қаттиқ урилган, шундан сўнг ундан ёқилғи оқиб кетган. Авиаширкат вакиллари ТАСС агентлигига кучли шамол туфайли “қаттиқ қўниш” бўлганини тасдиқлашган.
Гувоҳлар даставвал учоқнинг двигатели ёна бошлагани, кейин эса аланга бошқа жойларга ўтганини айтишган. Турк матбуотига кўра, воқеа жойига қутқарув хизматлари етиб борган, ҳодиса бўйича текширув бошланган.
AirportHaber сайтига кўра, Анталия аэропорти вақтинча рейсларни қабул қилмай қўйган. Учиш-қўниш йўлаги авария туфайли ёпилган.
Октябрь ойида Минеральние водидан Ивановога қатновни амалга ошираётган Superjet ёниб кетгани ортидан Москвадаги Внуково аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширганди. Қўниш пайтида учоқнинг пастки қисмида учқунлар чақнаши кузатилган, дейилган Росавиация ҳисоботида. Ўшанда учоқ бортида 98 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган, ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланмаган.
2019 йили Москвадаги Шереметьево аэропортида “Аэрофлот” авиаширкатига тегишли Sukhoi Superjet 100 учоғи қўниш йўлагига урилгани ортидан ёниб кетган эди. Ўша пайтда учоқ бортида бўлган 78 кишидан 41 нафари ҳалок бўлган. Экипаж командири Денис Евдокимов 2023 йили олти йилга қамалган.
Евдокимовнинг адвокатлари фожиага шассининг ерга қаттиқ тегиши натижасида ёқилғи тўкилишига олиб келган учоқдаги конструктив камчиликлар сабаб бўлганини таъкидлаган: уларга кўра, шасси тиргаклари ерга урилиш чоғида ёқилғи бакларини тешиб қўйгани иддао қилинган.
Алсу Курмашевага матбуот эркинлиги учун мукофоти берилди
Озод Европа/Озодлик радиоси татар-бошқирд хизматининг журналисти Алсу Курмашевага Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг матбуот эркинлиги учун халқаро мукофоти тақдим этилди. Мукофотлаш маросими 21 ноябрь куни Нью-Йоркда ўтказилди.
“Бугун мен учун бу мукофотни олиш катта шараф. Мен уни Озод Европа/Озодлик радиосида ишлаган ва ҳозирда иккиси Беларусь (Игорь Лосик ва Андрей Кузнечик), бири Қрим (Владислав Есипенко), яна бири Озарбайжон (Фарид Меҳрализода) қамоқхоналаридан бўлган ҳамкасбларим номидан қабул қиламан. Қамоқхонадаги журналистлар шунчаки статистика эмас, улар мен каби уйларида оиласи ва фарзандлари кутиб ўтирган одамлардир, улар озод қилиниши лозим”, дея билдирди Алсу Курмашева минбардан туриб.
У Россиядаги қамоқхоналарда айни пайтда 20 дан зиёд журналист сақланаётганини ҳам эслатди. Курмашева Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига ўзининг озод қилинишига сабаб бўлган барча саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Алсу Курмашева Россия қамоқхонасида 288 кун ўтказган. У Россия армияси тўғрисида фейк тарқатганликда айбланган.
Алсунинг таъқиб қилинишига Озодликнинг “Идель.Реалии” таҳририяти томонидан ёйинланган “Йўқолсин уруш. Украинага бостириб кирилишига қарши чиққан 40 нафар россияликнинг ҳикояси” (“Нет войне. 40 историй россиян, выступающих против вторжения в Украину”) китоби сабаб бўлган. 19 июль куни Татаристон Олий суди журналист аёлни 6,5 йилга озодликка маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Курмашева 1 август куни АҚШ ва Россия ўртасида маҳбус алмашиш доирасида озодликка чиққан эди.
Матбуот эркинлиги учун мукофотни Ғазо секторида фаолият юритувчи фаластинлик журналист, продюсер ва тадқиқотчи аёл Шрук ал-Айла, гватемалалик журналист аёл Кими де Леон, Нигердаги энг таниқли суриштирувчи журналист аёл Самир Сабуга ҳам берилган.
WSJ: Курск вилоятида шимолий кореялик генерал яраланди
Россиянинг Курск вилоятида Шимолий Корея армиясининг генерали ярадор бўлган. Бир қисми Украина Қуролли кучлари томонидан назорат қилинаётган Курскда украиналикларга қарши курашаётган Россия қўшинлари таркибида шимолий кореялик аскар ва зобитлар жанг қилаётгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. КХДР генерали “яқинда” Украина қўшинлари томонидан Курскка берилган зарбалар чоғида жароҳат олгани тўғрисидаги хабарда ҳодисага оид бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Мазкур хабар даставвал The Wall Street Journal нашри томонидан ёйинланган.
Шу тариқа, Россия томонида туриб Украина Қуролли кучларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этаётган шимолий кореялик юқори лавозимли ҳарбий РФ ҳудудида яралангани ғарблик расмийлар томонидан илк бор тасдиқланган.
The Wall Street Journal бир кун аввал Курск вилоятида шимолий кореялик ҳарбийларга КХДР Бош штаби бошлиғининг ўринбосари генерал Ким Ён Бок қўмондонлик қилаётгани ҳақида хабар қилган эди. Қайд этилишича, генералга КХДР қўшинларини Россия армиясига интеграция қилиш ҳамда уруш олиб боришнинг замонавий методларини ўрганиш топширилган.
Ким Ён Бок аввалроқ КХДРнинг махсус топшириқлар бажарувчи кучларига раҳбарлик қилган ва узоқ вақтгача сояда юрган. У Россия ва Шимолий Корея ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган 2024 йил июнидан кейин икки мамлакатнинг ўзаро яқинлашуви манзарасида оммага таниқли шахсга айланган. Ўшандан буён генерал КХДР лидери Ким Чен Ин билан биргаликда расмий тадбирларда мунтазам равишда иштирок этиб келган, дейилган The Wall Street Journal мақоласида.
Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Шимолий Корея аскарлари эвазига Россиядан технологиялар олишни истаётгани ҳақида билдирган эди.
Разведкалар маълумотига кўра, Россияда айни пайтда КХДРдан келган бир неча минг ҳарбий юрибди. Пентагон ҳисоб-китобига кўра, улар сони 11 минг нафарга етади.
АҚШ Газпромбанк дохил Россия банкларига қарши санкция киритди
АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг Газпромбанк ва “ДОМ.рф” банкига қарши санкциялар жорий қилди. Бундан ташқари, Вашингтон яна ўнга яқин банкни санкция рўйхатига киритган.
Газпромбанкда Россиянинг хориждаги дипломатик муассасаларига банк иштирокида операциялар ўтказишга имкон берувчи асосий лицензия мавжуд.
Газпромбанкка қарши санкциялар унинг SWIFT тизимидан узиб қўйилишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, банкнинг хорижда ишлайдиган Union Pay карталари бор.
АҚШ Молия вазирлиги хабарномасида Россия мазкур банкдан Украинага қарши урушни давом эттириш учун ҳарбий анжомлар сотиб олиш ва россиялик ҳарбийларга пул ўтказиш учун фойдаланаётгани айтилган.
Газпромбанк ва “ДОМ.рф” ўз активлари ҳажмига кўра Россиянинг энг йирик кредит ташкилотлари ўнталигига киради.
Шунингдек, санкция рўйхатига Марказий банк раисининг биринчи ўринбосарлари Дмитрий Тулин ва Владимир Чистюхин, Марказий банк миллий тўлов тизими департаменти раҳбари Алла Бакина ва молиявий тизим барқарорлиги департаменти бошлиғи Елизавета Данилова ҳам киритилган.
Газпромбанк АҚШ ва Европа Иттифоқининг секторал чекловлари остида эди. Хусусан, банк хориждан узоқ муддатли молиялаштириш ололмайди.
Путин Украинага қарши янги ракета қўлланилганини очиқлади
Россия президенти Владимир Путин Украинага ўрта масофали “Орешник” янги баллистик ракетаси билан зарба берилганини эълон қилди. Унга кўра, бу зарба Киев томонидан “АҚШ ва Британиянинг узоқ масофали қуроли” қўлланилганига жавоб бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Путин 21 ноябрь оқшомида Кремль телеграм-канали орқали ёйинланган видеомурожаатида билдирди.
Путинга кўра, Россия Днепрдаги мудофаа-саноат мажмуасига ядровий каллаксиз баллистик ракета билан зарба берган.
“Ракетачиларимиз уни “Орешник” деб номлашди. Синов муваффақиятли ўтди, отилган ракета нишонга теккан”, деган у. Путиннинг айтишича, ракета ҳадафи “Жанубий машинасозлик заводи” (Южмаш) бўлган.
Ракета тезлиги секундига 2,5-3 километрга етади. Путинга кўра, снарядни АҚШда яратилган ва Европада жойлаштирилган тизимлар дохил замонавий ҳаводан мудофаа воситалари билан уриб туширишнинг имкони йўқ.
Путин бу ҳужум 19 ва 21 ноябрь кунлари Украина Қуролли кучларининг Брянск ва Курск вилоятларидаги ҳадафларга берган зарбасига жавоб бўлиб ҳисобланади. Бу зарбаларни бериш учун, иддаога кўра, АҚШ ва Британияда ишлаб чиқарилган ATACMS ва Storm Shadow (SCALP) ракеталаридан фойдаланилган. Ҳужумлар натижасида, Путинга кўра, Курск вилоятида одамлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Брянск вилоятида эса қурбонлар қайд этилмаган.
“Орешник”нинг ишга солинишини Путин АҚШнинг ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ишлаб чиқариш ва жойлаштириш режалари билан боғлаган. Президент бу каби тизимлар синовдан ўтказилган тақдирда Россия тинч аҳолини аввалдан огоҳлантиришини қайд этган.
Ўз мурожаатида Путин Ғарб давлатларига таҳдид ҳам қилган.
“Биз объектларимизга қарши ўз қуролидан фойдаланишга имкон бераётган мамлакатларнинг ҳарбий объектларига қарши ўз қуролимизни қўллаш ҳуқуқига эгамиз, деб ҳисоблаймиз, тажовузкорона ҳаракатлар эскалациясида эса шу каби қатъий ва мутаносиб жавоб қиламиз”, дея билдирган у.
Кремль вакили Дмитрий Песков “Орешник” синови юзасидан изоҳ бераркан, Россия Ядровий хатарни камайтириш бўйича миллий марказ линияси орқали АҚШни автоматик тартибда ракета учирилишидан огоҳлантирганини билдирган.
“Икки мамлакат ўртасидаги келишувга мувофиқ қитъалараро ракеталар учирилгани ҳақида огоҳлантирилган эмас, чунки “Орешник” ўрта манзилли ракетадир”, дея аниқлик киритган Песков.
Пентагон вакиласи Сабрина Сингҳ “Орешник” учирилишидан сал олдинроқ Қўшма Штатлар Россиядан огоҳлантириш олганини тасдиқлаган. Сингҳ Россия томонидан гипертовушли ракета синовдан ўтказилганидан кейин ҳам ядровий ҳозирликка оид ёндошувини ўзгартирмаганини қўшимча қилган.
Ўз навбатида, Оқ уй вакиласи Карин Жан-Пьер, Россия хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, АҚШ Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этаверишини таъкидлаган.
“Бизни тўхтатолмайдилар. Биз украиналикларни уларга лозим бўлган барча нарсалар билан таъминлашда давом этамиз”, деган Жан-Пьер.
Эрон Ғарбга янги центрифугаларни ишга тушириш билан таҳдид қилди
Эронни қораловчи резолюция қабул қилинганидан кейин расмий Теҳрон замонавий центрифугалар ўрнатиш ва ишга тушириш, шу йўл билан бойитилган уран ишлаб чиқаришни сезиларли даражада ошириш билан жавоб қилишини очиқлади.
Ўттиз бешта мамлакат вакилларидан иборат Халқаро атом энергияси агентлиги Бошқарувчилар кенгаши 21 ноябрь куни Эронга БМТнинг атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни яхшилаш ҳамда баҳоргача Теҳрон ядровий дастурини ривожлантиришга оид “кенг қамровли” ҳисобот тақдим этиш мажбуриятини юкловчи резолюцияни қабул қилган эди.
Резолюция матнини таклиф қилган ғарб давлатлари Теҳрон ядровий дастурини ривожлантиришга янги чекловлар киритишга оид музокаралар бошлаш учун Эронга босим ўтказишга ҳаракат қилишмоқда.
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп январь ойида президентлик лавозимига киришганидан кейин бу музокараларни қўллаб-қўлламаслиги ҳақида шубҳалар бор, дея қайд этган Reuters агентлиги.
Эрон дунёдаги етакчи ядровий давлатлар қаршилигига қарамай, ядровий технологияларни ривожлантираётган мамлакат раҳбариятига қарши қаратилмиш резолюцияларга тез-тез эътироз билдириб туради.
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер берди
Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳисобга олиш учун ордер берди. Улар Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.
Суд хабарномасида айтилишича, унинг судгача бўлган палатаси Нетаняҳу ва Галант Исроилнинг ҲАМАС радикал гуруҳига (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши амалиёти чоғида Ғазодаги тинч аҳолини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва тиббий анжомлар ҳамда ёқилғи ва электр энергияси каби тирик қолиш учун зарур бўлган ашёлардан атайлаб ва онгли равишда маҳрум қилишган дея тахмин қилиш учун мантиқий асослар бор, деган хулосага келган.
Суд хабарномасида БМТ ва инсонпарварлик ташкилотларининг кўплаб мурожаатларига қарамай, Исроил расмийлари Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишини чеклашган, бу эса судга улар очликдан уруш олиб боришда восита ўлароқ фойдаланган, дея гумон қилиш имконини берган. Шунингдек, судгача бўлган палата Ғазодаги тинч фуқароларга мақсадли ҳужум уюштирилганига оид камида иккита ҳолат бор, деб ҳисоблайди.
Аввалроқ ХЖС прокурори Карим Хон ҳам исроиллик юқори лавозимли мансабдорлар, ҳам ҲАМАС раҳбарларини ҳибсга олиш учун ордер берилишини сўраган эди. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 майида маълум бўлган. Ўша пайтда исмлари зикр этилган ҲАМАС лидерларининг уччаласи ҳам (Исмоил Ҳания, Муҳаммад Дейф ва Яҳё Синвар) ўтган ойлар ичида жанговар ҳаракатлар ёки Исроил амалиётлари чоғида ўлдирилган. Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш учун ордер бериш билан бир пайтда Ҳаага суди Дейфни ҳам ҳибсга олиш учун ордер берган, ваҳоланки унинг ўлимига оид тасдиқланган маълумотлар мавжуд.
ХЖС Нетаняҳу ва Галантни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорини Буюк Британиянинг илтимосига кўра бир муддатга кечиктирган, аммо бу илтимоснома лейбористик ҳукумат иқтидорга келганидан кейин қайтариб олинган.
Исроил Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди ва ХЖС юрисдикцисини тан олмайди. Аввалроқ Исроил суд прокурорининг ҳибсга олишга ордер бериш илтимоси билан қилинган мурожаатини кескин танқид қилган эди. Ҳаагадаги суд юрисдикциясини тан олмайдиган АҚШ ҳам Карим Хон мурожаатини танқид қилиб чиққан.
Ҳибсга олиш ҳақида ордер берилиши расман Исроил бош вазири ва у томонидан яқинда истеъфога чиқарилган Галант ХЖС ишида иштирок этувчи мамлакатлардан бирига борган тақдирда, ҳибсга олиниши кераклигини англатади. Масалан, улар Европа Иттифоқининг деярли барча мамлакатлари ёки Буюк Британияга келса, ҳибсга олинишлари лозим.
2023 йилда Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган. Суд уни уруш пайтида Украина ҳудудидан Россия назорати остида бўлган ҳудудга болаларни ёппасига олиб чиқиб кетганликда гумонлаган. Россия ҳам ХЖС юрисдикциясини тан олмайди. Ордер берилганидан буён Путин Рим статутини ратификация қилган битта мамлакат – Мўғулистонга борган, бироқ у ҳибсга олинган эмас.
Халқаро жиноят суди БМТнинг расмий суди бўлиб ҳисобланмайди, у иштирокчи мамлакатлар ўртасида тузилган шартнома (Рим статути) асосида тузилган. Мазкур шартномани дунёдаги кўплаб мамлакат ратификация қилишган, бироқ АҚШ, Россия ва Хитой дохил қатор йирик давлатлар унинг ишида иштирок этмайди ва ХЖС юрисдикциясини тан олмайди.
Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётини ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужуми ортидан бошлаган. ҲАМАС ҳужуми чоғида 1000 дан зиёд киши ўлдирилгани ва 200 дан зиёд одам гаровга олингани айтилган. Исроил ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқидан фойдаланаётганини билдирган.
Ғазодаги амалиёт чоғида, ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 40 мингдан зиёд одам ўлган. БМТга аъзо бўлган давлатларнинг аксарияти Исроилни ҳарбий жиноятларда ва ҳатто геноцидда айблаб, бу давлат хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқишган.