Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:42

OzodBlog: Ўзбек гўштхўрми ёки... гўсхўрми?


11 сентябрь куни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти бошқа барча қувончу ташвишни йиғиштириб қўйиб, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитовнинг “гўштини ейиш” билан овора.

Жаноб Ҳайитов “бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти” дедию балога қолди.

Бу гапдан кейин кечадан бери тармоқда аччиғу тирсиқ, кинояю истеҳзо...

Балки тармоқхонларнинг иддаою фироқ қилишга ҳақлари йўқдир? Балки чиндан ҳам ўзбек кўп еб қўяётгандир гўштни?

Бу саволни Гуглга бердик.

Гугл бироз эскироқ маълумотларни чиқариб берди:

2014 йили maxala.org эълон қилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистон гўшт истеъмол қилиш бўйича жаҳондаги 177 мамлакат орасида 120- ўринни эгаллаган. Ўшанда аҳоли жон бошига йилига 25,8 кг гўшт тўғри келган.

Nur.kz сайтига кўра, 2012 йилда ҳам ҳар бир ўзбекистонлик бир йилда 25,8 кг гўшт еган.

Яна maxala.org сайтининг 2014 йилги маълумотларига қайтамиз:

Ўша йили Қозоғистонда аҳоли жон бошига 67,2 кг гўшт тўғри келган;

Қирғизистонда – 35,2 кг;

Тожикистонда – 12,6 кг.

Такрор ёзаман: бу маълумотлар эскироқ, бир марта гугллатибоқ топганим маълумотлардир. Лекин кейинги 3-4 йил ичида минтақа мамлакатлари иқтисодиётида инқилобий ўзгариш содир бўлмаганидан келиб чиқсак, келтирганимиз маълумотлардаги тенденция сақланиб қолган бўлиши керак.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хайитов юқорида келтирганимиз сўзлари давомида мана бу гапни ҳам айтган:

“Буни (ортиқча гўшт ейишни – С.У.) “Америка касаллиги” дейишади, бу касаллик менда ҳам бор, ҳаммамизнинг танамизда ортиқча гўшт бор. Мен фақат гўштни айтмаяпман, овқатланиш маданиятимиз йўқ”.

Nur.kz сайти The Economist журнали маълумотларига таяниб, АҚШда аҳоли жон бошига бир йилда 125 кг гўшт тўғри келишини ёзган эди.

Демак, бундан 3-4 йил муқаддам бир ақшлик бир ўзбекистонликдан бир йилда 100 кг кўп гўшт еган.

Келтирганим маълумотлар эскироқлиги учун яна бир бор узр.

P.S.: Ҳар эҳтимолга қарши эслатиб ўтай: Изоҳли луғатнинг уқтиришича, "гўсхўр" тентак, анқов, бировга ем бўлувчи лақма, гўл одам деганидир.

XS
SM
MD
LG