Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Наманганда қабристон ҳудуди торайгани боис юзлаб киши норозилик намойишига чиқди (Видео)


Наманганда 8 август кунги намойиш пайти
Наманганда 8 август кунги намойиш пайти

8 август куни Наманган шаҳар, Гулобод маҳалласида уч юзга яқин одам қабристон учун ажратилган ер қарийб 4 марта торайиб кетганидан норозилик акцияси ўтказди.

Маҳалла вакилларининг айтишича, қабристон учун 1994 йили 8,5 гектар ажратилган эди. Бугунги кунда мозор майдони 2,5 гектардангина иборат бўлиб қолган.

2017 йилдан буён қабристонга ажратилган ернинг қолган 6 гектарига иссиқхоналар, товуқхоналар ва маъмурий бинолар қурилган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича¸ қабристон ҳудудидан ер участкалари тадбиркорларга қонуний асосда ажратилган.

Мулозимнинг айтишича, қабристон майдонини қайта кенгайтириш имкони мавжуд.

8 август куни воқеа жойига етиб борган Озодлик мобил мухбири норозилик намойишини видеотасвирга олди.

Наманганда қабристон ҳудуди торайгани боис 300 киши норозилик намойишига чиқди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00

Мобил мухбирнинг айтишича¸ тадбир қатнашчилари қабристон ҳудудида қурилаëтган маъмурий бино фундаментини бузиб ташлашга уринган, аммо зудлик билан етиб келган ИИБ ходимлари бунга тўсқинлик қилган:

- Воқеа жойига Наманган шаҳар ИИБ ва вилоят ДХХ раҳбари етиб келиб одамларни тинчлантирди. Одамлар учта маҳалла аҳолиси ўз ҳисобидан обод қилиб, атрофини девор билан ўраган қабристон ҳудудида теплица ва товуқхоналар қурилишидан норози. Қабристон ҳудудида ўтган ҳафта таги гараж усти маъмурий бино бўлган иншоотлар қурилишининг бошлангани одамлар ғазабини қўзғатган сўнгги томчи бўлди.

Унинг яна айтишича¸ норозилар билан учрашган шаҳар ИИБ бошлиғи, бошланган қурилишни тўхтатиб, масалани атрофлича ўрганишга ваъда берган.

"Ўлигимизни қаерга қўямиз?"

Қабристонга яқин Файзобод кўчада яшайдиган 67 яшар маҳалла фаоли Муҳаммадамин Ражаббоевнинг Озодликка айтишича¸ унинг қўлида қабристон учун 8,5 гектар ер майдони ажратилгани ҳақидаги агрофирма чиқарган қарор ва йиғилиш баëнномаси бор.

- 1994 йил, 6 мартда ”Ижодкор” агрофирмаси бизга мана шу қабристонни ажратиш учун қарор чиқарди. Мана ҳужжати қўлимда. Ўшанда биз ўз кучимиз билан бунинг атрофини бетон ва хом ғиштли девор билан айлантириб олган эдик. 2017 йил шаҳарга қўшилганимизда қабристон 2,5 гектарга айланиб қолди. Товуқ ферма¸ теплица¸ омборхона ва яна нималарнидир қуриб ташлашди. Кечадан олдинги кун битта тадбиркор фундамент қуриб бошлаганини кўрган одамлар кўчага чиқди¸ - деди Муҳаммадамин Ражаббоев.

Унинг айтишича¸ бу қабристон учта маҳалла ва микрорайон аҳолиси учун мўлжалланган:

- 30 мингга яқин аҳоли учун шу битта қабристон. Бу тўлса халқ ўлигини қаерга қўяди? Биздан 40 км нарида қабристон бор. Халқ шунча узоққа борсинми?

Норозилик иштирокчиларидан бири¸ Гулобод маҳалла фаоли Абдумалик Эргашевнинг Озодликкка айтишича¸ талаб битта:

- Қабристонимизни қайтиб берсин. Милиса бошлиғи келиб, тарқалинг, ижобий ҳал қилиб бераман, дейишдан нарига ўтмади. Қани ҳоким ëки унинг ўринбосари? Ота-боболаримиз қўним топган ерни сотган ҳоким​ халқ ғазабидан қўрқиб норозилар олдига чиқмай устимизга милиса юборди.

Ҳокимлик мулозими изоҳи

Ўзини "Наманган шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассиси" деб таништирган мулозимнинг Озодлика айтишича, “Гулобод маҳалласи шаҳарга қўшилган 2017 йилда қабристон ҳудуди кадастр ҳужжатларида 2,5 гектар қилиб берилган”.

Мулозимнинг айтишича¸ қабристон ҳудудидаги ер участкалари тадбиркорларга қонуний асосда ажратилган.

"Қабристон майдони яна кенгайиш эҳтимоли бор"

8 август куни воқеаларни кузатган Озодлик мобил мухбирига кўра¸ маҳаллий ҳокимлик халқ талабини қисман қондириб муаммоли вазиятдан чиқиш йўлини изламоқда:

- Янги фундаменти қурилган иншоотни бузиб ўрнини қайтаришни шаҳар ИИБ бошлиғи норозиларга ваъда қилди.

Шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мутахассисининг Озодликка айтишича, муқаддам қабристонга ажратилган ҳудудда қурилган баъзи иншоотларнинг мавжуд нормаларга зид эканлиги аниқланган, шу ҳолат аҳолининг қабристонни кенгайтириш талабини қондиришга имкон бериши мумкин:

- Қонунга кўра, қабристонга туташ қилиб бино қуриш мумкин эмас. 20 гектардан катта қабристон бўлса 500 метр ундан кичик бўлса 300 метр оралиқ масофа қолиши керак. Масалага шу тарафдан қараб халқнинг талабини қондириш мумкин.

Мулозим айтган нормалар 2011 йилнинг 4 апрелида қабул қилинган «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида акс этган.

Лекин шаҳар ҳокимлиги мулозими Озодликнинг нега бу қонун нормалари халқ намойишга чиққанидан кейин эсга тушди, деган саволига жавоб бермади.

8 август кунги норозилик тадбирида қатнашган Озодлик мобил мухбирини Наманган шаҳар ҳокими қабул қилди.

Мобил мухбирнинг айтишича¸ "ҳоким қабристон масаласини халқ талаби асосида “ижобий кўриб чиқишга ваъда берган”.

XS
SM
MD
LG