Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:51

OzodDayjest: Бухородаги минг йиллик қабристонда 1700 та қабр эгаллаб олинган


Бухородаги қабристонлардан бири (иллюстратив сурат).
Бухородаги қабристонлардан бири (иллюстратив сурат).

Бухородаги Ҳазрати Имом қабристонида 18 мингга яқин қабр бўлиб, 1700 таси майитсиз эканлиги, яъни ўлимидан олдин “эгаллаб” олингани аниқланган.

Бу ҳақда Daryo.uz нашри Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бафо Нарзуллаев сўзларига таянган ҳолда хабар қилади.

- 17 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристони қабрлари хатловдан ўтказилди. 18 мингга яқин қабр борлиги, шундан 8-10 фоизи, аниқроғи, 1700 та қабр эса майитсиз эканлиги аниқланди. Тўғри, кейинги йилларда қабристон манзилида сизот сувлари баландлашмоқда. Бу ўз-ўзидан лаҳад қазишда қийинчилик туғдиради. Шу сабабли одамлар яқинлари кўмилган қабрлар ёнидан “эгасиз” сағаналар тайёрлаб қўя бошлаган. Қабр ери бепул берилган. Вафот этгандан кейингина гўрков учун хизмат ҳақи тўланади. Ўзбекча лаҳад қазиш учун 160 минг, ўрисча лаҳад учун 120 минг сўм ва болалар учун лаҳадга 20 минг сўм атрофида тўлов ундирилади, - дейди Бафо Нарзуллаев.

Daryo.uz мухбири Лайло Ҳайитова ушбу масала юзасидан қабристонда бўлиб, мавжуд ҳолат билан танишган.

Унга кўра, қабристонда 1700 га яқин майитсиз қабр 2 қаватли қилиб қуриб, “безатиб” қўйилган.

Исмини ошкор қилишни истамаган вакиллардан бирининг айтишича, бу майитсиз қабрлар вилоятнинг қатор собиқ маҳаллий раҳбарлари томонидан ҳали вафот этмаган қариндош-уруғлари учун олдиндан “эгаллаб” олинган.

- Майитсиз қабрларнинг эгасини аниқлаш бўйича Бухоро шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, - дейди жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Зокир Ҳидоятов.

Нашр мухбири тирик инсоннинг ўлимдан олдин қабрга эгалик қилиши ёки қабрни олдиндан сотиш амали нечоғли тўғри-нотўғрилиги ҳақида вилоят бош имом-хатиби Жобир Элов билан ҳам суҳбатлашган.

- Дастлаб қабристонга номлари қўйилган зот ҳақида икки оғиз. Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий халқ тилида Ҳожатбарор номи билан ҳам машҳур бўлган. Бухоро фақиҳларининг, Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳам. Ислом динимизда, урф-одатимиз, миллийлигимизда қабрни сотиш бирор жойда келтирилмаган. Қабр сотилишига ақл бовар қилмаган ҳатто. Шариатимизда осмондан ёғиладиган қор ёки ёмғир туфайли агар қабр устига биттагина майса униб, бир кун кўкариб турса ҳам, Оллоҳ таоло шу кўкарган майса туфайли ўша майитнинг гуноҳидан кечган экан. Лекин бугунги кунда кенг ва катта жойлар ҳали қавмларининг ўлимидан олдин “эгаллаб” олингани етмагандек, мавжуд қабрлар устига айвон қилингани жуда оғриқли ҳолат. Бунга фақат исрофгарчилик ва ҳатто ўлимдан кейин ҳам ҳашаматга берилишнинг ёмон иллати сифатида қараш мумкин.

Қабрлар устига қора мармар ва гранитларнинг қўйилиши билаъкс майитлар устига юк азобини ағдариш билан баробар. Атрофимизда ёрдамга муҳтож, уйининг томини ёпмаган, ҳовли-жойи таъмирталаб қанчадан қанча камомадли кимсалар бор. Қўлдан келгунча тирикларга ёрдам қилиш майит устига оғир тош ағдариб қўйишдан минг карра хайрлидир. Қабр кимлар учун олиб қўйилади? Ўлим тўшагида ётган кекса одам, ўлими яқин бўлган оғир бемор учун фақатгина битта жойни олиши мумкин. Икки-уч ёки ундан ортиқ эмас. Бу ўлимдан кейин ҳам ўзини ўзгалардан устун қўйиш ва манманликнинг ифодаси, холос, - дейди бош имом-хатиб.

Айни кунда Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида кенг миқёсда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. 1000 нафардан ошиқ меҳнат кучи жалб этилган. Қабрлар атрофига 1,5х2 метрдан зиёд қилиб ўрнатилган темир панжаралар 60 сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилмоқда.

Ҳазрати Имом қабристони 1000 йилдан ортиқ вақтдан бери фойдаланиб келинади.

XS
SM
MD
LG