Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:59

Муборак ҳокими қўли остидаги амалдор ва фермерларни ёппасига онасидан сўкди (АУДИО)


Муборакликлар ҳоким Ғайрат Жавлиев қабулида. Ҳақоратли аудионинг бу қабулга алоқаси йўқ.
Муборакликлар ҳоким Ғайрат Жавлиев қабулида. Ҳақоратли аудионинг бу қабулга алоқаси йўқ.

8 июль куни Озодликка Ўзбекистондаги мулозимлардан яна бирининг қўли остидаги амалдор ва фермерларни таҳқирлаётгани, уларни бўралаб онасидан сўкаëтгани ёзилган аудио юборилди.

Бу овозли ëзувни Озодликка жўнатган маҳаллий фермернинг иддао қилишича¸ ҳақорат қилаëтган амалдор - Қашқадарё вилояти Муборак туман ҳокими Ғайрат Жавлиев ва аудио ўтган июнь ойи охирида ёзиб олинган.​

Озодлик билан исми очиқланмаслик шарти билан гаплашган мубораклик фермернинг айтишича, ҳоким Жавлиевнинг фермерларни таҳқирлаши ва уларга қўл кўтариши "одатий ҳолга айланган".

Аудиоëзув ва ҳокимнинг бошқарув услубига оид маҳаллий фермерлардан келган иддаоларга муносабат олиш мақсадида Муборак тумани ҳокими Ғайрат Жавлиев билан боғланиш уринишлари 9 июль куни натижасиз қолди.

Ғалла режаси ва уруғлик можароси

Аудиофайлни юборган фермернинг Озодликка айтишича, ҳокимнинг ҳақоратга тўла мажлиси июнь ойи охирида фермер хўжаликларидан бирида бўлиб ўтган.

Унда Муборак тумани ҳокими Ғайрат Жавлиевники дея иддао қилинган овоз эгаси фермерларни ёппасига онасидан сўкишни бошлайди.

Сўкинаëтган мулозим фермерларга буғдойга ажратилган уруғликнинг "бир килосини ҳам" бермаслик билан таҳдид қилади.

- Бир кило агар уруғликни олсанг, с...н ҳаммангни. Тушундингми, йўқми?! Донни каттаси қани?! Қани!! Энасини а...га кетдими?! А, энасини а...га кетдими?! ... Биттанг уруғлик десанг, с...н на х..! Тушундингми, на х...?! Ҳамманг ч..б юбординг, на х..! - дейди Ғайрат Жавлиевники экани айтилаëтган овоз.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:01 0:00
Бевосита линк

"Фермерчалар"

Афтидан¸ очиқ майдонда бўлаëтган бу ҳақоратлар асносида Жавлиевники экани ишонилган овоз буғдой ортиб кетаётган юк машинасини тўхтатишни буюради ва буғдой кимники эканини сўрайди.

Фермерлардан бири буғдой ўзиники экани, буғдой топшириш бўйича давлат режасини бажарганини айтади.

- Қарз бўлмагандан кейин нимага топшираман ҳозир бориб? – дея эътироз билдиргандай бўлади бу фермер.

- Пошёл на х..! Тушундингми?! Пошёл на х..!! Тушундингми?! Қ..мни қўйдим сенга ўхшаганлар фермерчаларга!! – дея ҳақорат қилади Ғайрат Жавлиевники экани ишонилган овоз.

Фермер эса “хўп, хўп” дея босимга бош эгади.

"Одатий ҳол"

Ушбу видеони Озодликка йўллаган фермернинг исми сир қолиш шарти билан айтишича, туман ҳокими Ғайрат Жавлиев маҳаллий аҳоли орасида ўта қўполлиги ва сўконғичлиги билан танилган.

"Ҳоким бобо, ўта қўполлиги ва сўконғичлиги билан танилган. Жаҳли чиқса гўрдаги энамизниям, хотинимизниям қўймайди. Унинг сўкишларига ўрганиб қолганмиз. Сўкиши одатий ҳолга айланган. Эътироз билдирсак, қаматиш билан қўрқитади. Ҳамманинг дами ичида," дейди мубораклик фермер.

Озодлик бу аудиозувдаги таҳқирлашларга Муборак туман ҳокимининг ўзидан ҳам муносабат олишга уринди.

Ўзини ҳоким ёрдамчиси деб таништирган ҳокимлик мулозими Ғайрат Жавлиевнинг "деҳқонлар даласида" эканини айтди.

Озодликнинг ҳокимнинг ўзи билан бевосита гаплашиш учун кун давомида қилган уринишлари натижа бермади.

2017 йил январь ойида Ғайрат Жавлиев Муборак туманини бир неча йил бошқариб келган Панжи Аллақулов ўрнига тумани ҳокими этиб тасдиқланган эди.

Йўқолмаётган иллат

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг ўзидан паст лавозимда бўлган хизматчиларни уриши¸ ҳақорат қилиши тез-тез кузатилади.

2017 йил 15 ноябрь куни ўтказилган ҳукумат мажлисида президент Мирзиёев амалдорларнинг муштумзўрлиги ва сўконғичлиги давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш деб баҳоланишини айтган эди.​

- Гуруч кўрмаксиз бўлмайди деганларидек¸ ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, мен раҳбарман¸ нима қилсам ҳам меники тўғри¸ деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ўз хизмат лавозимларини суитеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида бизга кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда. Бу бизга умуман номаъқул нарса. Бу иллатни йўқ қилиш керак, - деганди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муштумзўрлик давлат сиёсатига қарши экани, ўз ходимларига қўл кўтарадиган раҳбарлар жазосиз қолмаслиги ҳақида гапирган эса-да¸ Озодлик суриштирувлари сўконғичлиги ва уронғичлиги жамоатчиликка фош бўлган ҳоким ва раҳбарларнинг амалда ҳамон жазосиз қолаëтганини кўрсатмоқда.

Айрим кузатувчилар¸ бундай жазосизликка ҳам президент Мирзиëевнинг маҳаллий ҳокимларни ҳимоя қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларига берган огоҳлантируви асос бўлаëтганини таъкидламоқда.

2017 йил декабрида парламентда қилган чиқишида Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳокимларни "президент вакили" деб атаганди:

- Президент вакили обрўйини нолга тушириб қўйганмиз. Ўзимиз қилдик шуни. Ҳоким ҳеч киммас. Бир кичкинагина нарса бориб, унинг устидан шикоят қилади. Шунинг учун билиб қўйинглар, ҳамма бу ерда погонликлар ҳам ўтирибди, ғўддайганлар: халқ менга ишониб қўйдими, президент вакили - биринчи! Районда, шаҳарда, вилоятда у одамнинг айтганини хоҳласаларинг ҳам, хоҳламасаларинг ҳам, қилишларинг шарт! - дея огоҳлантирган эди Шавкат Мирзиёев.

Мирзиёев ҳокимлар ҳақида
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00
Бевосита линк

​Озодлик фермерларнинг режадан орттирган буғдойи тортиб олинаётгани ҳақида илгари ҳам хабар берган.

20 июнь куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидан Озодликка мурожаат қилган икки нафар фермер, ҳар гектар ердан топшириладиган буғдой центнери ҳокимнинг буйруғи билан 4-5 центнерга сунъий равишда оширилганидан шикоят қилган эди.

Жорий йилнинг 18 июнида Сурхондарёдан Озодликка боғланган фермерларга кўра, ғалла режасини бажармаган фермерлардан топширилмаган буғдойнинг ҳар килоси учун 1200 сўмдан пул талаб қилинган.

Фермерлар иддаосича, МИБ бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар ходимлари ғалла учун пул беришга қурби етмаган фермерларнинг чорва моллари тортиб олинган.

Фермерлар, кўп жойларда буғдой етиштириш ва уни давлатга сотиш жараёни Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан сўнг ҳам ўзгармай, зўравонлик билан амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG