Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:39

Мирзиёевнинг 5 ташаббуси учун 4-асрга оид археологик ёдгорлик вайрон қилинди


Президент қизи очиб берган ташаббус маркази икки йил ўтиб, вайронага айланди
Президент қизи очиб берган ташаббус маркази икки йил ўтиб, вайронага айланди

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Тошкент вилоятининг Бўка туманида президентнинг беш ташаббусини тақдим қилганидан икки йил ўтиб, бу ердаги 4-асрга оид археологик ёдгорлик устига қурилган ёшлар мажмуаси вайронага айланди.

Ўнлаб бино ва фитнес клубдан иборат мажмуа қурилиши, энг камтар ҳисоб-китобларга кўра, давлат бюджетига 2 миллиард сўмга тушган.

Замонавий бинолар жойлашган тепалик қаърида 4-асрдаги шаҳар — археологик ёдгорлик жойлашган. Бу тепалик ичига кўмилган қадимий “Самсарак” шаҳрини ким бунëд қилгани борасида аниқ фактлар сақланмаган.

Аҳоли орасида Мухтепа ëки Аждартепа деб ҳам номланадиган бу қадимий шаҳарни 2019 йилда ким вайрон қилганлигини Бўка тумани суд ва прокуратура ходимлари билишади.

Жиноий ишлар бўйича Бўка туман суди қарорига кўра¸ мулозимлар қадимий шаҳарга 239 млрд сўмлик зарар етказган.

“Маданий мерос” департаментининг Озодликка маълум қилишича¸ қадимий ëдгорликка етказилган зарар 2020 йил 16 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўка туман суди томонидан кўриб чиқилган ва мансабдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилган.

Департамент вакилига кўра¸ Самсарак шаҳар харобаси бир томони автомашина чиқиши учун йўл қилиб ўйилган ва зинапоялар ўрнатилган. Умумий зарар етган майдон 12646 м3ни ташкил қилади.

Тошкент вилоят прокуратураси «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунлар ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар ижроси назоратига оид тақдимнома киритгани ортидан Бўка туманидаги 4-асрга тааллуқли «Самсарак шаҳри харобаси» ёдгорлигига шикаст етказилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Маданий мерос рўйхатига киритилган тепалик устида давлат маблағига бино қурган мансабдор шахслар суд тарафидан жавобгарликка тортилди. Аммо суд қарорига кўра, жаримани Бўка туман ҳокимлиги тўлаши лозим.

Ҳокимлик энди 239 млрд сўмлик зарарни қоплаши керак. “Маданий мерос” департаментига кўра¸ “Бўка тумани ҳокимлиги 239 миллиард сўм жаримага тортилди, аммо туманда бунча пул йўқ”

Шундоқ ҳам дотацияда ўтирган Бўка тумани ҳокимлиги қадимий тепалик устига қурган замонавий иншоотлар суд қарори билан “Маданий мерос” департаменти балансига ўтган.

Давлат ҳимоясига олинганига қарамай, давлат мулозимлари вайрон қилган «Самсарак шаҳри харобаси» ёдгорлигига масъул бўлган “Маданий мерос” департаменти қадимий тепа устига янгидан қурилган иморатлардан қандай қутулишни билмаяпти.

Амалдаги қонунчиликка кўра¸ тепалик устига экскаватор ëки бошқа қурилиш техникалари чиқиши мумкин эмас.

Тарих тақозоси билан Бўкада 4-асрга оид қадимий ëдгорлик устида 21-асрга оид хароба пайдо бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон президенти ташаббуси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги патронажи асосида яратилган бу вайрона қўй-эчки ва дайди итларга маскан бўлган.

Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева Бўка туманида - 20 апрель, 2019 йил.
Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева Бўка туманида - 20 апрель, 2019 йил.

Меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев бундан 1600 йил муқаддам барпо этилган шаҳарни ўзи ичига яширган тепалик дунë археологларининг мунтазам тадқиқотларига мавзу бўлганини айтади:

“Қадимий “Самсарак” шаҳри ҳақида “Бобурнома”да ҳам сўз юритилади. Шаҳар мамлакат қадим тарихининг зардуштийлик даврида гуркираб ривожланган. Тепалик ичига кўмилган бу шаҳар харобаларига зарар бермаслик учун совет давридаëқ давлат муҳофазасига олинган.”

Турдиев давлат ҳимоясига олинган бу масканнинг айнан давлат мулозимлари тарафидан вайрон қилинганидан тааассуф билдирди:

“2019 йили Ўзбекистон президенти Тошкент вилоятини ëшлар учун жозибадор масканга айлантириш мақсадида бу ҳудудга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовни масъул қилиб тайинлади. Содиқов қадимий шаҳар жойлашган тепа структурасини бузиб, у ерда “Ëшлар Иттифоқи”¸ “Хорижий тилларни ўрганиш маркази” ва ИТ- парк ва бошқа кўнгилочар бинолар қурилишига бош-қош бўлди. Бу ўша пайтда қадимий ëдгорликларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган Маданият вазирлигининг сукути фонида юз берди”.

Тошкент вилоятидаги қадимий тепалар археологлар учун жозиба маркази бўлиб қолмоқда
Тошкент вилоятидаги қадимий тепалар археологлар учун жозиба маркази бўлиб қолмоқда

Озодлик боғланган “Маданий мерос” департаменти матбуот хизмати тепалик устида бино ва иншоотлар қуриш мавжуд қонунчиликка зид экани борасидаги экспертиза хулосасини 2019 йил охирида прокуратурага тақдим этганликларини айтди:

“Бўка тумани прокуратурасининг 2019 йил 4 декабрдаги 10-76248-19-сонли хатига асосан ўрганилганда Самсарак шаҳар ҳаробаси (Аждар тепа). Бўка тумани, Ўзбекистон кўчаси марказида жойлашган, даври IV асрга тааллуқли археология ёдгорлигига жиддий зарар етказилганлиги аниқланган...

Етказилган зарар миқдори баҳолаш мезони бўйича

I. Археология ёдгорлиги – 8 балл

II. Объект даври IV аср асрлар – 40балл

III. Объект мураккаблик даражаси археология ёдгорликлари – 10 балл

IV. Объектнинг асл ҳолатини сақлаб қолганлик даражаси буткул йўқотилган – 2 балл

V. Қайта тиклаш имконияти археология ёдгорликлари – 5 балл

VI. Объектнинг тоифаси – 10 балл

VII. Объектдан фойдаланиш – 10 балл

М=85 балл * 12646 м3 * 223000 сум = 239 704 930 000 (Икки юз ўттиз туққиз миллиард етти юз тўрт миллион тўққиз юз ўттиз минг) сўм зарар етказилган.

...Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 августдаги ЎРҚ-560-сонли “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги (Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат томонидан 2019 йил 24 августда маъқулланган) қонуни доирасида чора кўрилиши бўйича туман прокуратурасига тақдим этилган.”

Департамент ходимлари тарихий ëдгорликлар вайрон қилинишидан олдин нега чора кўрилмагани ҳақидаги саволга аниқ жавоб бера олмади.

Ўзбекистон матбуоти Бўка туманидаги тарихий тепалик устида “Ëшларнинг беш ташаббус маркази” очилишини “оламшумул воқеа” деб талқин қилган. 2019 йилги тантаналарда қатор мулозимлар, шунингдек, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиëева ҳам иштирок этган эди.

Ўзбекистонда юзлаб тарихий ëдгорликлар мавжуд
Ўзбекистонда юзлаб тарихий ëдгорликлар мавжуд

Турдиевга кўра¸ мамлакат президентининг "оппортунистик ташаббуслари оқибатида" кўплаб ëдгорликлар хатар остида қолган:

“Самарқанддаги ЮНЕСКО ҳимояси остидаги ҳудудга кирган жойда Тиббиëт институти учун ëтоқхона қурилиши¸ Хивани шаҳар-музей қилиб турган асосий омил, яъни туб аҳолини шаҳар четига кўчириш ва Хива шаҳрининг қадимий “Қўй дарвозаси” ëнига замонавий вокзал қуриш ҳамда Тошкент шаҳрининг колониал тарихига оид бинолар, хусусан эски ТошМИ биносини бузиш ташаббуси мамлакатнинг жорий раҳбарига оид. Бу бинолар Ўзбекистон қонунлари билан ҳимоя қилинади. Қонунларда президент учун истисно йўқ”.

XS
SM
MD
LG