Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Ўзбекистондан ўғирланган 2600 йиллик ҳайкалча Шотландияда сотувга қўйилди


Самарқанддан ўғирлангани иддао қилинган ҳайкалча.
Самарқанддан ўғирлангани иддао қилинган ҳайкалча.

Жорий ҳафта бошида¸ мутахассислар ишончига кўра¸ Ўзбекистондан ноқонуний тарзда олиб чиқилган 2600 йиллик ҳайкалча Шотландиядаги аукционда пайдо бўлди.

Қадимий антиқа буюмлар савдоси билан шуғулланадиган rugrabbit.com порталида эрамиздан олдинги 6-асрга оид терракота ҳайкалча Озодлик суҳбатлашган айрим мутаxассислар иддаосига кўра¸ Самарқанд музейидан ўғирланган.

Ҳозирча Озодликда бу иддаони тасдиқловчи далиллар йўқ.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги расмийси¸ бу иддао юзасидан текширув бораëтганини билдирди.

Тақдим қилиш маълумотларида Шотландия хусусий коллекционерига оидлиги ëзилган бу ҳайкалча санъатшунос Абдумалик Турдиевга кўра¸ Сурхондарë вилоятидаги Далварзинтепадан 1962 йилги археологок қазишма пайтида топилиб¸ Самарқанд музейи экспозицияга қўйилган.

Ким ошди савдоси вакили Озодлик сўровига ëзма равишда жавоб бериб¸ асарнинг криминал ўтмиши йўқлиги ва қонуний асосда кўргазмага қўйилганинини билдирди.

“Маданий мерос” бошқармасининг Жиззах вилоят бўлими раҳбари Сундар Қорабоев Озодлик билан суҳбатда бу асарни виртуал кўргазмада кўриб ташвишга тушганини айтди.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича бу ҳайкалча қадим сўғд мифологиясида онахудо ва нанай каби илоҳлар сирасига киради:

- Бўйи 10¸ эни 5 сантиметр бўлган¸ сариқ терракота (лойдан ясалиб ҳумдонда пиширилган) бу ҳайкалча икки дарё оралиғидаги Сўғдиëна давлатининг қадимги урбанизациялашган маконида яратилган. Ҳайкалча ҳомиладорлик¸ насл-насаб ва серфарзандликни тамсил қилади. Бу ҳайкалча 1962 йилда Самарқанд музейи фондига кирим қилинган. 1991 йилги инвентаризация пайтида ҳайкалча мавжуд бўлган. Ҳайкалчанинг қандай қилиб Шотландиядаги коллекционер қўлига тушиб қолгани билан Ўзбекистон маданият вазирлиги қизиқиб кўриши лозим¸ деди суҳбатдош.

Панжикент ëдгорликлари бўйича мутахассис Сурайë Барноеванинг Озодликка айтишича¸ ҳайкалча “Зартепа¸ Қалали қир¸ Эски Термиз¸ Кампиртепа¸ Чопли тепа¸ Мирзабек қалъа ва Китоб яқинида ўтказилган қатор археологик қазишмалар даврида топилган ҳайкалчалардан бири бўлиши мумкин”.

- Ҳайкалчанинг Ўзбекистондан олиб кетилганига шубҳа йўқ. Лекин уни аниқ Самарқанддаги Икромов номли тарих музейидан ўғирланди¸ дейишга ҳам исботимиз йўқ. Шунга ўхшаш ҳайкалча Термиздаги археология музейи ва Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик музейи археологик коллекциясида ҳам мавжуд. Қазишмалар пайтида 1203 предмет топилган ва улар орасида ўнлаб ҳайкалчалар бор¸ дейди мутахасис.

Барноева бу иккала коллекциядаги ҳайкалчаларнинг шу кунларда бор-йўқлигини текшириш саволларга жавоб топишга ëрдам беришини айтади.

Суҳбатдошга кўра¸ кимдир Самарқанд ëки Сурхондарëда изнсиз қазишма олиб бориб¸ бу ҳайкалчани топиб Шотландияга етказган бўлиши мумкин:

- Аммо бу ҳам қонунга зид. Халқаро музейлар кенгаши ICOM (International Council of Museums) кодекси ва археология қоидаларига кўра¸ топилган осори-атиқалар топилган жойидаги музейга топширилиши керак. Бундан ташқари¸ 1998 йил 29 августдаги 678-I-сонли “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида” ги қонунининг 8-моддасида “Эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликлар ҳамда давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрига киритилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас”, деб кўрсатилган.

Озодлик Самарқанддаги Тарих музейидан қадимий ҳайкалчанинг ўғирлангани борасидаги эҳтимол борасида Ўзбекистон Маданият вазирлигига мурожаат қилди.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Озодликка айни ҳайкалчанинг Самарқанд музейи фондида бор-йўқлигини текшириш мақсадида Музейлар бошқармаси инвентаризация-тафтиш бошлаганини билдирди.

Шунингдек¸ вазирлик расмийсига кўра¸ Ўзбекистондаги бошқа музейларда ҳам ўғриликлар¸ санъат асарларини қалбакисига алмаштириш бўйича кенг кўламли текширув олиб борилмоқда.

“Санъат асарларини қайтариш борасидаги халқаро механизмлар ва тузилмалар асосида вазирлик Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган санъат асарлари реституциясини бошлаган”¸ деди Маданият вазирлиги мутасаддиси.

Вазирлик мулозимининг таъкидлашича¸ шу кунларда Ўзбекистон музейларида аниқланган ўғриликлар бўйича тергов-суриштирув жараëнлари ҳам бошланган.

- Музейлардан ўмарилган асарлар¸ чунончи¸ Фарғона Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб, Лондондаги МакДугаллс аукционига қўйилган Александр Волковнинг 1932 йилги “Жўхоризор шовқини” асари юзасидан жорий йилнинг февраль ойи охирида прокуратура жиноят иши очди ва тергов ишлари шу кунда давом этмоқда¸ дея билдирди вазирлик вакили.

Озодлик бу асар ўғирлангани ҳақида жорий йилнинг 18 февраль куни ëзган эди.

XS
SM
MD
LG