Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Мирзиёев коррупция можаросига аралашган Бош прокурорга коррупция бўйича "ташхис" қўйишни топширди


Таҳлилчиларга кўра, айнан коррупцияга қарши курашувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистонда энг кўп коррупцияга ботган идоралар сифатида билинади - Шавкат Мирзиёев, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев - коллаж
Таҳлилчиларга кўра, айнан коррупцияга қарши курашувчи ҳуқуқ-тартибот идоралари Ўзбекистонда энг кўп коррупцияга ботган идоралар сифатида билинади - Шавкат Мирзиёев, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев - коллаж

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат бош прокурорига барча ҳудудларга коррупция бўйича "ташхис" қўйиш ҳақида топшириқ берди.

27 январь кунги видеоселекторда Мирзиёев "ҳамма жойда коррупция, ҳамма жойда ўғрилик" дер экан, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевни коррупцияга қўл урган шахслар рўйхатини тузишни ҳам топширди.

"Қўлимизда аниқ ҳужжатлар бор. Йўл қурилишида коррупция, сувда, светда коррупция. Мактаб, коллежлар қурилишида ҳам. Ҳар бир туманга ташхис қўяди, нега касалланган, нега тузалмаяпти, ким қўллаб-қувватлаяпти уларни", – деди Мирзиёев.

"Янги Ўзбекистонни бундай ҳокимлар, бундай одамлар билан қуриб бўлмайди. Бу боғча эмас. 35 миллионлик аҳолимизни боқиш керак", – деди Ўзбекистон президенти.

Аммо Мирзиёев коррупция билан боғлиқ аниқ фактларни тилга олмади.

Президент Шавкат Мирзиёев коррупция мамлакатда кенг қулоч ёйгани ва унга қарши курашиш зарурлиги ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ.

Бундан тўрт йил аввал у судларнинг мустақиллигини таъминлаш ва коррупция учун жавобгарликнинг муқаррарлиги белгиланган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан ҳам эди.

Қонунда Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари "коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари" сифатида белгиланган.

Аммо бу идоралар коррупцияга қарши муросасиз курашлари билан танилмаган.

Таҳлилчиларга кўра, аксинча, коррупцияга қарши курашувчи бу идоралар Ўзбекистонда энг кўп коррупция ботқоғига ботган идоралардир.

Айнан шу жиҳатдан Мирзиёев бошқарувининг коррупцияга қарши курашиш услуби таҳлилчиларда саволларни уйғотмоқда.

"Спрут” мафиясини эслатувчи тизим

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, Тошкент вилояти прокурорининг собиқ ёрдамчиси Собит Алибоев устидан бораётган маҳкама жараёни ҳуқуқ тизимларида коррупция қанчалар илдиз отганига мисолдир.

"Италиядаги “Спрут” мафиясини эслатувчи воқеалар айнан Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида содир бўлган”, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Жабрланувчилар иддаосича, Тошкент вилояти прокурорининг собиқ ёрдамчиси Алибоев уларга 8 йиллик қамоқ ҳукмини бекор қилиб, оқлашга ваъда берган.

Шунингдек, “Дон-нон” МЧЖдаги улушларини тиклаб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари беришни сўраган.

Алибоев 2018 йил июнь ойида Тошкент шаҳар Яккасарой туманида собиқ МХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган рейдда қўлга олинган.

Сохта пуллар, сохта гувоҳлар

Жиноят иши материалларига кўра, МХХ ва прокуратуранинг махсус инспекцияси томонидан ўтказилган қўлга олиш тадбири давомида LF 90305370 G-рақамли 100 АҚШ доллари купюрали муляж (қалбаки) пуллардан фойдаланилган.

Тошкент вилояти прокурори собиқ ёрдамчиси Собит Алибоев устидан бораётган маҳкамага оид ҳужжатлар.
Тошкент вилояти прокурори собиқ ёрдамчиси Собит Алибоев устидан бораётган маҳкамага оид ҳужжатлар.

Ишда гувоҳ сифатида ўтган шахслар Ш.М. ва Г.З. лар Тошкент шаҳар ИИББ профилактика рўйхатида туради. Улар ишга ушлаш тадбири давомида сафарбар қилинган. Кейинчалик маълум бўлишича, холис гувоҳлар ўша куннинг ўзида бир қанча тутиш тадбирларида шоҳидлик беришган.

“Ўзбекистон овози” газетасида чоп қилинган мақолага кўра, она-бола Нуралиевалар илгари қайта ва қайта товламачилик, талончилик, ўзлаштириш, мансаб сохтакорлиги, пора олиш, қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш каби жиноятларни содир этгани учун судланган.

Сўнгги марта жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 22 декбарьдаги ҳукми билан тайинланган 8 йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўтаб чиқишган. Шу кунда она Муҳаррам Нуралиева оламдан ўтган. Жиноят судларида унинг қизи Шаҳноза Ҳожиакбарова прокурорлар қўлловида яқин ўтмишдаги даъволарини илгари сурмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашининг суд инспекцияси ходимлари мазкур ишларнинг айримларида иштирок этишмоқда.

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бошчилигидаги прокурорлар гуруҳи айбловнинг қатъийлиги, шов-шувга ҳожат йўқлиги борасидаги иддаоларда собит.

Ортиқовадан Озодлик мазкур масала юзасидан ҳозирча изоҳ ололмади.

Прокурор Собит Алибоев бу "тўр"га нима сабабдан тушди?

Жиноят иши фигурантлари иддаосига кўра, собиқ Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси Абдуллаев ўз қудаси экани айтилган Олий суд раиси ўринбосари Деҳқоновни "раислик рутбасига миндирмоқчи" бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, судлов тизимида коррупция илдиз отганини кўрсатиш мақсадида мулозимлар овини бошлайди. Прокурор, судьяларни қандай бўлмасин, қамоққа олишга кўрсатма беради ва терговчилар бу борада Нуралиевалардан фойдаланади.

Тошкент вилояти прокурори собиқ ёрдамчиси Собит Алибоев.
Тошкент вилояти прокурори собиқ ёрдамчиси Собит Алибоев.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг шахси сир қолишини сўраган манбаси юқоридаги иддаони инкор қилмади, аммо прокурор Алибоев ишида собиқ МХХ ташаббусларига шаъма қилди.

Тошкент вилоят прокурори ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган ­Собит Абиддинович Алибоев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25 ва 168-моддалари 4-қисми, “а” банди ва 28 ва 211-моддалари 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Прокуратурадаги коррупция

Бош прокуратура тизимининг ўзидаги коррупция президент Мирзиёев томонидан кўп марта танқид қилинган. Уч йил аввал ўз чиқишида Ўзбекистон раҳбари прокурорларни "эски ахлат тизими”дан қолган "энг катта ўғрилар" деб атаганди.

Ниғматулла Йўлдошев Шавкат Мирзиёев охирги 4 йилда лавозимга тайинлаган учинчи прокурордир. Унинг икки ўтмишдоши - Отабек Муродов ҳамда Рашиджон Қодировлар айнан коррупция билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, ишдан олинган ва маҳкум этилганди.

Коррупционерлар рўйхатини тузиш ва коррупцияга қарши курашиш топширилган Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзига нисбатан ҳам коррупция иддаолари илгари сурилди.

Ўтган ой Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов ўз раҳбарини коррупция ва “криминал гуруҳлар”ни қўллаб-қувватлашда айблаб чиқди.

Фозиловнинг 11 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеомурожаатида иддао қилишича, мамлакатнинг қонунчилик устидан олий назоратни амалга ошириш учун масъул идораси раҳбари прокуратура тизимидаги лавозимларни “савдо растасига қўйган каби” сотган.

Жасур Фозиловнинг мурожаатидан кейин унинг важларини “синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида” 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилган.

Аммо комиссия ўз хулосаларини ҳеч қаерда эълон қилмаган. Бош прокуратура Фозиловга нисбатан хизмат текшируви олиб боргани ва унинг 19 декабрь куни лавозимга тиклангани ҳақида хабар берган.

Кейинроқ Ж.Фозиловга нисбатан унинг ўзи коррупцияда айблаган Бош прокурорнинг 2020 йил 21 декабридаги буйруғи билан “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилгани маълум қилинган.

Президент Мирзиёев катта шов-шувга сабаб бўлган Бош прокуратура тизимидаги коррупция можаросига ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Можарони “синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериши"ни айтган Президент Администрациясининг баҳоси ҳозиргача маълум эмас.

Айни пайтда Бош прокурорнинг президент томонидан коррупцияга қарши курашга вазифалантирилгани унга қарши коррупция иддаолари ўз исботини топмаганини англатадими, йўқми, маълум эмас.

Коррупцияга қарши курашувчи Transparency International халқаро нодавлат ташкилотининг 28 январь куни эълон қилган ҳисботида Ўзбекистон 2019 йилга нисбатан етти поғона юқорига кўтарилган, аммо ташкилот Ўзбекистон ҳануз энг коррупциялашган давлатлар қаторидан қолаётганини қайд этган.

Ҳисоботда айтилишича, коронавирус пандемиясига қарши кураш даврида Ўзбекистондаги коррупция ва шаффофлик етишмаслиги яққол кўриниб қолган.

XS
SM
MD
LG