Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Мирзиёев 17 йил олдин қабул қилинмаган коррупцияга қарши қонунни имзолади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 январда имзолаган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги қонун 4 январда расмий матбуотда эълон қилинди ва шу куни кучга кирди.

Қонуннинг 1- моддасида айтилишича, уни қабул қилишдан мақсад“коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир”.

Масала тарихидан хабардор таҳлилчилар фикрича, коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон парламентда 2000 йили биринчи ўқишдан ўтибоқ, унутилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган, президент Мирзиёев 3 январда имзолаган қонун 6 боб ва 34 моддадан иборат бўлиб, унда “коррупция”, “коррупцион ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар можароси” каби тушунчаларга изоҳ берилган.

Коррупция нима?

Қонунда “коррупция” тушунчаси қуйидагича изоҳланган:

“Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”.

Қонунда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб қўйилган.

Коррупцияга қарши кураш вазифаси қайси идораларга юклатилди?

Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти – булар, қонунга биноан, коррупцияга қарши курашни бевосита амалга оширувчи давлат органларидир ва ҳужжатда ҳар бир идоранинг ваколатлари белгилаб қўйилган.

Қонунда, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашдаги иштирок этиши тартиби белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқий онг ва маданият – кураш гарови

Ҳужжатнинг алоҳида бир боби “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш”, деб аталган бўлиб, ундаги моддалардан бири “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш”, деб аталади.

Пора таклиф қилдими? Айт!

Қонун давлат органлари ходимларига коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида хабар қилиш мажбуриятини юклайди. Бу масалани қамраган 26- моддада бундай дейилган:

“Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт”.

Коррупция тўғрисида хабар қилган шахс давлат ҳимоясида бўлади

Қонуннинг 28-моддасида эса, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш назарда тутилган бўлиб, унда мана бундай дейилган:

“Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади”.

2000 йилда қабул қилинмай, қолиб кетган қонун

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон телевидениеси сиёсий шарҳловчиси Турсун Қоратоев айтиб берди.

- 2000 ёки, 2001 йилда худди шундай қонун Олий Мажлисда биринчи ўқишдан ўтган, лекин иккинчи ўқишга олиб чиқилмай қолиб кетган эди. Унда, масалан, харид учун сарфланадиган пулнинг минимал миқдори белгилаб қўйилган, ана ўша меъёрдан ошса, харид, масалан, уй-жой хариди тўғрисида нотариус керакли органларга хабар бериши лозим эди. Лекин қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга олиб чиқилмади ва қолиб кетди. Агар ўшанда қонун қабул қилинганида эди, мамлакат бугунги аҳволга тушмаган бўларди, деди Турсун Қоратоев.

Сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:47 0:00
Бевосита линк

Қонун коррупцияга барҳам бера оладими?

Озодликнинг бу саволига жавоб бераркан, ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов масалага фалсафий ёндошди:

- Қонун коррупцияни нисбатан чеклаши мумкин. Нисбатан. У коррупцияга мутлақ барҳам бера олмайди. Нисбатан прогрессга эришиш мумкин.

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:47 0:00
Бевосита линк

“Transparency International” ва Ўзбекистон

Дунё мамлакатларидаги коррупция муаммоларини ўрганадиган “Transparency International” нодавлат ташкилоти 1995 йилдан буён йиллик ҳисоботларини эълон қилиб келади.

Ҳисоботларда дунё давлатларидаги коррупция даражаси баҳоланади.

Скандинавия давлатлари ташкилот ҳар йили тузадиган рўйхатнинг бошида - коррупция даражаси энг паст давлатлар сафида келтирилади. Ўзбекистон эса, ҳар йили коррупция чуқур томир отган давлатлар сафидан ўрин олмоқда.

Ўзбекистонда коррупция муаммосининг жиддий эканлиги, коррупция ҳатто лицейлар даражасигача тушгани Шавкат Мирзиёев виртуал қабулхонага келаётган шикоятлардан ҳам билиниб қолди.

Турсун Қоратоев: Ўзбекистонда коррупция даражаси 10 балл

Ўзбекистон телевидениеси сиёсий шарҳловчиси Турсун Қоратоев Озодлик билан суҳбатда мамлакатдаги коррупция даражасини 10 баллик шкала бўйича 10 балл, деб баҳолади:

- Бемалол 10 балл билан баҳолаган бўлардим. Бу – халқнинг кўзига шундоқ кўриниб турган нарса.

XS
SM
MD
LG