Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:55

Мирзиёев бўлажак "рақиблари" билан учрашди. Президент сайловлари Кетмонов ва Абдусаломовсиз ўтади


Президентлик сайловидаги плакат
Президентлик сайловидаги плакат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 3 февраль кунги йиғилишида Марказий сайлов раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовни вазифасидан озод қилди. Бундан ташқари, МСКнинг 7 нафар аъзоси ваколатлари тугатилди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати хабар берди.

Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 2005 йил 7 майидан буён Марказий сайлов комиссиясининг раиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Сўнгги янгилик Ўзбекистонда жорий йилнинг октябрь ойи учинчи ҳафтасида ўтиши кутилаётган президент сайловларига ҳозирликларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

МСК таркибидаги ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарлари билан учрашувидан бир кун ўтиб юз берди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Экологик партия, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси раҳбарлари иштирок этган бу учрашув ҳақидаги расмий хабарда тадбирнинг сайлов билан алоқадорлиги ҳақида айтилмаган. Анқарада сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган таҳлилчи Фирдавс Аннагелдиевнинг Озодликка айтишича, «бу учрашув 8 ойдан кейин бўладиган президентлик сайловларидаги рақиблар билан сиëсий кўз уриштиришдир»

Аннагелдиевга кўра¸ кейинги беш кун ичидаги ҳукумат тадбирлари кетма- кетлиги президент сайловларига тайëргарликлар бошланиб кетганидан далолат.

«Бир қарашда, сайлов ҳақида ҳеч гап йўқдай кўринади. Тадбирлар кетма-кетлигига қарасангиз, жорий иқтидор келажак сайловлар ҳақида сайловчидан ҳам кўра жиддий ўйлаëтганига амин бўласиз. Жума куни (29 январь) Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловни декабрдан октябрга кўчириш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Ўша куннинг ўзида Марказий сайлов комиссияси Раиси Абдусаломов Халқаро сайлов тизимлари фондининг Европа ва Евроосиё бўйича раҳбари Энтони Бойер билан Ўзбекистондаги бўлажак сайлов ҳақида суҳбатлашди. 2 февраль куни эса, президент октябрда бўладиган сайловларда иштирок этадиган барча партия раҳбарлари билан учрашди. 3 февраль куни МСК раиси Абдусаломов ишдан олинди. Бунинг фонида эса, мустақил партия тузмоқчи бўлганлар тармоқда ëмонотлиқ қилинди».

"Янги Ўзбекистон"нинг Кетмоновсиз сайлови

Суҳбатдошга кўра, 3 февраль куни Ўзбекистоннинг барча элчихоналарига сайлов бўйича янги йўриқнома жўнатилган. Бу ҳужжатга кўра, чет элдаги элчихона ва консуллик биноларида ўтказиладиган президентлик сайловида консуллик ҳисобида бўлмаган ва паспортининг амал қилиш муддати ўтиб кетган Ўзбекистон ватандошлари ҳам сайловда қатнаша олади.

Элчихона мавжуд бўлмаган шаҳарларда ҳам сайлов участкалари ташкил қилиш кўзда тутилган.

Аннагелдиевнинг айтишича, бу йилги президентлик сайловларида Ҳатамжон Кетмонов номзоди қўйилмайди.

Озодлик Шарқий Европадаги "Ўзбек маданий марказлари" зиммасига "сайловни ташкил қилиш" юклатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган мулозим билан ҳам гаплашди.

Шундай партия бор

Кейинги икки кун ичида янги тузилаётган “Халқ манфаатлари" демократик партияси ташаббус гуруҳи фаолларини “фош” қилишга қаратилган “скрин” (ëзишмалар нусхаси) ва бошқа материаллар тармоққа сиздирилди. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова видеочиқиш қилиб, президентликка номзодимни қўяман, деб баëнот берган Жаҳонгир Отажоновни “Ҳаммомни орзу қилган туя”га ўхшатди. «Дизайн» кулги жамоаси вакиллари ҳам Жаҳонгир Отажоновнинг сиëсий амбицияларини масхаралаб чиқди.

Маҳмуджон Йўлдошев
Маҳмуджон Йўлдошев

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги ташаббусчилар гуруҳи “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси йиғилиши ўтказиладиган зал учун олдиндан пули тўланган бўлса ҳам, охирги дақиқада бино эгаси бундан бош тортди. Аллақулов ҳам, “Халқ манфаатлари" демократик партияси ташаббускори педагог олим Маҳмуджон Йўлдошев ҳам Озодлик билан суҳбатда “ëлланма тролларнинг мувофиқлаштирилган тизимли ҳужумига нишон бўлаëтганликлари"ни иддао қилишди.

Ҳали қурултой ўтказилмаган ва расман қайд қилинмаган “халқ манфаатлари демократик партияси” ташаббусчиси педагог олим Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда “мамлакатни яхши тарафга ўзгартирадиган ягона сиëсий партия бор. Бу “халқ манфаатлари демократик партияси” дея таъкидлади.

Яшин қайтаргич?

Тошкентлик сиëсий таҳлилчи Анвар Назир “Халқ манфаатлари" партиясини сайловни майнабозчиликка айлантириб, оммани чалғитиш мақсадида яратилган “яшин қайтаргич” деб атади.

“Оммани, ҳақиқий мухолиф доиралардан ўз томонига тортиш, ҳақиқий мухолиф қатламни парчалаш , сайловни ўйинга айлантириб, демократия, эркинлик тушунчаларини омма олдида обрўсизлантириш, жиддий муаммолар муҳокамасидан ясама мавзуга омманинг эътиборини тортиш учун атайлаб яратилган партия бу. Буюртмачининг режаси бўйича битта номзоддан бошқа ҳаммаси масхарабозларга ўхшаши таъминланади. Сайловчи эса, "барибир буларнинг ҳаммаси жиддий эмас, ҳа майли ўзи қолаверсин, чунки кўряпмиз танлов йўқ", деган фикрга келади. Бу масхарабозлик фонида ҳақиқий танқид, ҳақиқий мухолиф фикрлар омманинг эътиборисиз қолиб кетиши зарур - бу ҳам буюртмачининг мақсади”.

"Қўғирчоқ партия эмасмиз"

Озодлик билан суҳбатда “Халқ манфаатлари" демократик партияси ташаббускори, педагог олим Маҳмуджон Йўлдошев бу иддаоларни рад этди:

“Ундай бўлса, нега бизга тўсқинлик қилишмоқда?. Нега менга таҳдид қилиб, партия тузиш ғоясидан воз кеч, дейишди. Мантиққа тўғри келмайди-ку. Яна айтаман, бизнинг партия Ўзбекистонда қонунлар ишлашини таъминлашни мақсад қилган партия. У қўғирчоқ ëки чўнтак партияси деганлар қаттиқ янглишади”.

Йўлдошевга кўра¸ партия "сўл йўналиш"ни бошиданоқ рад қилган:

“Социал-демократик деган сўзни олиб ташладик. Демократик партия. Коммунизм ëки социализм ғоялари тарафдори эмасмиз. Гугурт бир тийин, газ текин, дея социализмни соғинганлар минбари эмасмиз. Шу билан бирга, биз дунëвий, секульяр давлат тарафдоримиз. Сиëсий палитранинг ўнг тарафида турадиган демократик партия".

Президентликка номзодни қурултой кўрсатади

Санъатдан кетганини айтган Жаҳонгир Отажонов навбатдаги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишини маълум қилгани ортидан “Халқ манфаатлари" демократик партияси ташаббускорлари даврасида пайдо бўлди. Агар бу партия Адлия вазирлиги тарафидан рўйхатга олинса, партия қурултойи Отажоновни президентликка номзод қилиб кўрсатадими?

Бу саволга жавоб берган партия ташаббусчиси Йўлдошев ”президентликка номзодни қурултой кўрсатади”, дея жавоб қайтарди.

Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, шу кунда қонунда белгилаб қўйилган талаб- камида 8 та вилоятдан 20 мингта имзо йиғиш устида иш кетяпти.

Жахонгир Отажонов
Жахонгир Отажонов

The Economist: Ўзбекистон авторитар давлатлигича қолмоқда

Айни пайтда Ўзбекистон Демократия индекси рейтингида яна авторитар режимдаги давлатлар қаторида қайд этилди.

Британиянинг The Economist нашри 2020 йил учун Демократия индекси рейтингини эълон қилди. Унда 165та давлат ва 2та маъмурий бирлик ҳақида сўз юритилган. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 155 поғонада қайд этилган бўлиб, 2019 йилга нисбатан мамлакат ўз позициясини 2 поғонага яхшилаган.

Ушбу индексга умумий 9,81 балл билан Норвегия бошчилик қилди. Марказий Осиё давлатларининг барчаси авторитар режимга мансуб экани кўрсатилган индексда фақат Қирғизистон аралаш режимдаги давлат экани тан олинган.

Ушбу индексни тузишда сайлов жараёнлари ва ҳурфикрлилик, ҳукуматнинг ишлаши, сиёсий иштирок ва маданият шаклланиши ҳамда жамият эркинлиги омиллари инобатга олинади.

XS
SM
MD
LG