Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

ОАВ: Маҳкумни калтаклаб, отхонасини тозалатган бой ундан узр сўради


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тоҳиржон Комилов жазони ўтаётган 48-манзил колонияга Жазони ижро этиш Бош бошқармасидан (ЖИЭББ) комиссия келиб, унинг CERAMICA PLUS заводи эгалари томонидан калтаклангани ва маҳкумларга қилинаётган муомала хусусида маҳкумлар билан суҳбат ўтказди. Ҳодиса юзасидан очиқ гувоҳлик сўралди. Шунингдек, Комиловнинг ўзи маҳкумлар орасидан ажратиб олинди ва якка суҳбат ўтказилди. Уни калтаклаган Миркомил Файзиев узр сўради. Бу ҳақда Sof.uz сайти 19 августда хабар қилди.

Айни пайтда Sof.uz 17 август кунги ҳодиса ортидан манзил-колонияга келган комиссия билан маҳкумлар ўртасидаги суҳбатнинг мазмуни номаълумлигини ҳам айтиб ўтган. Лекин суҳбат натижасида Комилов бошқалар билан урушиб зарб егани ва Файзиевга даъво қилмаслиги тўғрисида тушунтириш хати ёзиб бергани, воқеага гувоҳ маҳкумлардан ҳам бир иш чиқмагани тўғрисида хабар қилди.

Сайтнинг 17 август куни хабар қилишича, Олмазор туманидаги CERAMICA PLUS заводида 43- ва 48-манзил колония маҳкумлари шартнома асосида ишлатилади.

Завод таъсисчиси Ҳорун Файзиевнинг жияни Миркомил Файзиев корхонанинг ижрочи директори ҳисобланади.

Юнусобод туман ИИБ собиқ тезкор ходими Миркомил Файзиев маҳкумларга нисбатан қаттиққўллиги билан танилган.

У 2019 йилнинг 17 август куни ўз ишчилари бўлмиш 48-манзил муассаса маҳкумларини CERAMICA PLUS ҳудудидан қонунга хилоф равишда олиб чиқиб, ўзига тегишли отхонага олиб бориб ишлатган.

Отхонада Миркомил Файзиевнинг укаси Миролим Файзиев маҳкумларга қулларга қилгандек муомала қилган.

Унинг таҳқирловчи муомаласига чидай олмаган маҳкум Тоҳиржон Комилов эътироз билдирган.

Бу эътирозга нисбатан Миролим Файзиев Тоҳиржон Комиловни урган. Тоҳиржон ўзини ҳимоя қилган ва буни кўрган Миркомилбой югуриб келиб, Тоҳиржоннинг юзига резина қувур - шланг билан уриб йиқитган ва ака-ука маҳкумни ерга думалатиб аёвсиз тепкилаган.

Бу воқеага ўнлаб маҳкумлар бевосита гувоҳ бўлган ва деярли ҳеч ким Тоҳиржонга ёрдам беришга журъат қилмаган. У ерда манзил-муассаса ходими бўлмаган ва маҳкум ҳимоясиз қолган.

Сайтнинг 19 августда хабар қилишича, 17 август куни Комиловни уриш учун Миролим Файзиев арматура кўтариб келган, бироқ маҳкумларнинг бири уни тўхтатишга журъат топган. Эътиборлиси шуки, ЖИЭББ ходимлари Миркомил Файзиевнинг қилмишларини англаган ва Комилов даъво қилса, уни жазолашлари мумкинлигини баён қилган, бироқ Комилов “эркакча иш тутиб, бировнинг устидан ёзиб бермаган”.

Миркомил Файзиев воқеани Интернетга сиздирганларни қидиришга ҳаракат қиляпти.

Тоҳиржон Комилов 1991 йил Андижон вилоятида туғилган ва 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддалари билан айбланиб 6 йилга қамалган.

CERAMICA PLUS заводидан бозорга DELUXE бренди билан раковина, унитаз чиқади.

Ҳодисани ўрганган ВВС сайтининг Тоҳиржоннинг яқинларига таяниб ёзишича, уни 2016 йили ишлаб турган дўконидан махсус кучлар ўғирлаб кетган. Унинг дараги бир неча ой чиқмаган. Яқинлари Тоҳиржонга нисбатан айблар қийноқлар ва таҳдидлар ёрдами билан қўйилганини таъкидлашмоқда. Маҳкама Тоҳиржон Комиловнинг қийноққа тутилдим, деган гапларини эътиборсиз қолдирган.

Sof.uz Комиловнинг яқинлари билан боғланганини, улар ВВС ёзган маълумотни тасдиқлаганини, Тоҳиржоннинг оддий намозхон бўлганлигини, ҳеч қандай тақиқдаги гуруҳларга алоқаси бўлмаганлигини айтганини ёзди.

XS
SM
MD
LG