Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:36

ИИВ йўл-патруль постлари қайта тикланаётганини криминоген вазият билан изоҳлади


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Нуфузли сиёсий ва байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида хавфсизликни таъминлашни самарали ташкил этиш мақсадида, айрим ҳудудларда вақтинчалик йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постлари ташкил этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг бу баёнотини ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Вазирликнинг бу баёноти Озодлик 2 декабрда эълон қилган "Мирзиёев олиб ташлаттирган йўл-патруль постлари қайта тикланмоқда" сарлавҳаси остидаги мақола ортидан пайдо бўлди.

Озодлик ўз мақоласида Фарғона-Водил, Фарғона-Аввал йўлларида аввал мавжуд бўлиб, кейинчалик президентнинг фармойиши билан олиб ташланган назорат постлари қайта тиклангани, бундай аҳвол мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам кузатилаётгани хабар қилган эди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовга кўра, "юзага келган тезкор ва криминоген вазиятни инобатга олган ҳолда, ўрнатилган тартибда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан йўл-патруль ва патруль-пост хизмати постларини вақтинча ташкил этиш ва тугатиш тартиби мавжуд".

Вазирлик расмий вакилининг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 377-сон қарорига мувофиқ, республика ҳудудида мавжуд бўлган 133 та йўл-патруль хизмати стационар постлари ва патруль-пост хизмати постларидан 74 тасининг фаолияти тугатилиб, бугунги кунда улардан 59 таси ўз ишини давом эттирмоқда.

  • Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида (2017 йил, 22 декабрь) беҳисоб йўл-патрул постлари туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани ва оддий одамларни қийнаб юбораётгани ҳақида гапирган эди:
  • "Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади" деган эди Шавкат Мирзиёев .
XS
SM
MD
LG