Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:26

OzodTa'sir: Сурхондарёдаги йўл-патруль постлари олиб ташланди


Қайта иш бошлаган Қизириқ туманидаги пост ҳам олиб ташланди.
Қайта иш бошлаган Қизириқ туманидаги пост ҳам олиб ташланди.

Сурхондарё вилоятида президент Шавкат Мирзиёев танқидидан сўнг ўтган йил декабрь ойида олиб ташланиб, жорий йилнинг 20 сентябрида қайта тикланган йўл-патруль постлари, Озодлик мақоласидан сўнг, 2 октябрь куни яна олиб ташланди.

Бу ҳақдаги норасмий хабарни вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси тасдиқлади.

Озодликнинг 27 сентябрдаги "Сурхондарëда Мирзиёев танқидидан сўнг олиб ташланган постлар қайта тикланди" сарлавҳали мақоласида ҳайдовчилар вилоят бўйича ўндан ортиқ пост қайта тиклангани, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг бўлар-бўлмасга машиналарни тўхтатиб текшираётгани, йўқ жойдан айб ахтариб, ҳайдовчиларнинг асабларига тегаётгани ҳақида шикоят қилган эди:

“Мен ҳозиргина Термиздан қайтдим. Яна ҳамма нарса бир йил аввалгидек. Барча постлар қайта ишлаяпти. ГАИлар мошиналари билан турибди. Деновга етиб келгунимча уч жойда тўхтатиб, ҳужжат текширишди. Машина багажини очиб кўришди. Ҳайдовчиларнинг яна кайфиятлари бузилган. Президентимиз гапининг таъсири бир йилга ҳам бормади”, деган эди деновлик ҳайдовчи Қаҳрамон Очилдиев.

5 октябрь куни Озодлик билан боғланган бу ҳайдовчи, мақоладан сўнг, барча постлар яна олиб ташланганини айтди:

"Худога шукр, постларда ГАИлар энди турмаяпти. Бўлмаса, Деновдан Термизга боргунча тўрт-беш жойда тўхтатиб, текширишарди. Таниш инспекторларимдан бирининг айтишича, мақола чиққандан сўнг, вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатов вилоят ИИБ ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғини чақириб, қаттиқ уришибди. Ўша шлагбаумни бир жойларингга тиқиб оламан, дебди. Шундан сўнг бир кунда постлар йўқолди", деди Қаҳрамон Очилдиев.

Сурхондарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам барча постлар олиб ташланганини Озодликка айтди:

"Уч кун бўлди, бирорта ҳам пост қолмади. Ҳаммаси олиб ташланди", деди мулозим.

27 сентябрь куни вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими постларнинг пахта терими пайтида хавфсизликни ошириш ва пахта ҳосилининг талон-тарож бўлмаслиги мақсадида вақтинча қайта тикланганини билдирган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида, беҳисоб йўл-патрул постлари туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани ва оддий одамларни қийнаб юбораётгани ҳақида гапирган эди:

"Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади", деган эди Шавкат Мирзиёев .

Мирзиёев текшириш назорат пунктлари тугатилишини буюрди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:42 0:00

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими 25 декабрь куни Озодликка берган интервьюсида вилоят бўйича 15 дан ортиқ постдан 6 та пост қолганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG