Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:39

ДХХ АҚШдан қайтган Зокир Алиевнинг собиқ ЎИҲ аъзоси сифатида ҳибсга олинганини билдирди


"Ўзбекистон исломий ҳаракати"нинг бошқа аъзолари берган кўрсатмалар асосида Зокир Алиев 2005 йилда қидирувга берилган.
"Ўзбекистон исломий ҳаракати"нинг бошқа аъзолари берган кўрсатмалар асосида Зокир Алиев 2005 йилда қидирувга берилган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматининг миллий агентликка билдиришича¸ 2014 йили АҚШ фуқаролигини олган асли қашқадарëлик Зокир Алиев дунëнинг аксар давлатлари¸ хусусан¸ АҚШда халқаро террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га аъзолик айби билан 16 июнь куни қўлга олинган.

46 яшар чироқчилик Зокир Алиев мазкур гуруҳ фаолиятига алоқадорликда гумонланиб¸ 2000 йиллар бошидан Ўзбекистонда қидирувда бўлган.

ДХХнинг ЎзАга билдиришича¸ Алиев “қўлга олиш жараëнида ноқонуний фаолиятига иқрор бўлган”.

Миллий агентлик чоп этган расмий баëнотга кўра¸ Алиев 2000 йили ЎИҲга байъат келтирган¸ Афғонистонда ҳарбий тайëргарликдан ўтиб¸ ҳукумат ва халқаро коалиция қўшинларига қарши жангларда қатнашган.

ЎИҲнинг бошқа аъзолари берган кўрсатмалар асосида Ўзбекистон ДХХси (собиқ МХХ) 2005 йили Алиевга нисбатан Жиноят Кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш)¸ 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 2442 ( Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби билан 646-сонли жиноий иш қўзғатган.

АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан берилган виза билан Ўзбекистонга қайтган Алиев устидан бундан 13 йил аввал очилган жиноий ишнинг бундан сўнг давом этиш-этмаслигига оид расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистонда расман қидирувда бўлган шахснинг Вашингтонданги ўзбек элчихонасидан қандай қилиб ўзбек визаси олгани тафсилотлари ҳам ҳозирча очиқланмади.

АҚШ ватандоши Зокир Алиев Қашқадарёда милиция томонидан қўлга олингани тўғрисида 17 июнь куни “Ўтюраклар клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти маълум қилди.

Хабарда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг чақириғидан илҳомланиб, Қашқадарёдаги яқинларининг уйига меҳмонга борган АҚШ ватандоши Зокир Алиев 16 июнь куни Қарши шаҳар ИИБ томонидан ҳибсга олинган.

“Зокир Алиевга Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги яқинлари таклифнома юборган, ОВИР тасдиқлаган ва Ташқи Ишлар вазирлиги виза рухсати чиқарган. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Алиев паспортига 90 кунга виза қўйган. Зокир Алиев ота-онасининг уйига қадар эсон-омон етиб борган. Яқинлари билан кўришгандан кейин бир соат ўтиб, Қарши шаҳридан келган ички ишлар ходимлари олиб кетишган", дейилади ташкилот томонидан тарқатилган хабарда.

“Ўтюраклар клуби”нинг билдиришича, Зокир Алиев АҚШда хусусий солиқ компаниясининг раҳбари ҳамда тадбиркордир.

Ташкилот¸ Зокир Алиевни озод қилиш чақириғи билан президент девони, Ташқи ишлар ва Ички ишлар вазирликларига мурожаат жўнатган.

Зокир Алиев аъзоси бўлганликда айбланаëтган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" Каримов ҳукумати томонидан миллий хавфсизликка асосий таҳдидлардан бири сифатида кўрилган.

МХХ Ўзбекистон ҳудудида 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошида содир этилган қатор террор хуружлари учун ЎИҲни айблаган.

1992 йили асли наманганлик Тоҳир Йўлдош томонидан Тожикистонда таъсис этилган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" ўз фаолиятини Тожикистондаги фуқаролар уруши тугаганидан сўнг толиблар ҳомийлигида Афғонистон ва Покистон ҳудудларида давом эттирди.

2009 йили Тоҳир Йўлдош Вазиристонда ўлдирилганидан сўнг парчаланиб кетган бу ҳаракатнинг бир қисмига унинг куëви Усмон Ғозий етакчилик қилди.

2015 йилда Усмон Ғозий ҳаракатнинг тугатилиб¸ "Ислом давлати" экстремистик гуруҳи сафига қўшилганини эълон қилди. 2015 йил декабрида Толибон етакчилари Усмон Ғозийнинг ўлдирилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG