Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Толиблар Усмон Ғозий ўлганини иддао қилмоқда


Собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг ўлгани иддао қилинган суратлар Толибларга тегишли ижтимоий тармоқларда тарқалди
Собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг ўлгани иддао қилинган суратлар Толибларга тегишли ижтимоий тармоқларда тарқалди

Толибларга оид Интернет тармоқларида собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Усмон Ғозийнинг ўлгани иддао қилинган суратлар тарқатилди. Суратларда Ғозийнинг жасади сочи қирқилган, соқоли эса қирилган ҳолда акс этган. Унинг жасади Зобулда топилганини даъво қилган Толиблар Ғозий икки ҳафтадан буён қочиб юргани, ҳатто аёл кийимида сақланганини ёзмоқда. Афғон расмийлари ҳозирча бу иддаоларни тасдиқламади.

"Ғозийнинг ўлиги топилди"

10 декабрь куни Толибларга оид ижтимоий тармоқларда Ғозийнинг "Исломий давлат" га байъат бергани акс этган эски видеосидан олинган бир сурат ва бунинг ёнида Ғозийга тегишли экани даъво қилинган жасаднинг қорга беланиб ётгани акс этган иккита сурат тарқатилди.

Озодликда бу суратлар ҳақиқатда ҳам Усмон Ғозийга тегишли эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ
Озодликда бу суратлар ҳақиқатда ҳам Усмон Ғозийга тегишли эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ

Толиблар матбуот хизматига тегишли эканини иддао қилинган Twitter саҳифасида суратларга мана бу жумлалар тиркалди: "Мужоҳидлар ДАЕШ лидери ("Исломий давлат" террор гуруҳи эски номи ИШИДнинг арабча қисқартмаси - таҳр.) Усмон Ғозийнинг ўлик ҳолда топди. У ўзи яшириниб ётган жойдан қочиш учун соқолини қирди".

"Ғозий жон сақлаш учун соқолини қирди"

Афғонистон толиблари матбуот хизматининг Facebook тармоғидаги русча саҳифаси, деб иддао қилинган сайтда ҳам 10 декабрь куни айни суратлар чоп этилди ва унга қуйидаги жумлалар битилди:

"Усмон Ғозий, ЎИҲнинг етакчиларидан бири, ИШИДга байъат берган етакчиси, мужоҳидлар томонидан ўлик ҳолда топилди. У соқолини қириб, яширинишга уринди".

Бу саҳифада Толибларга тегишли сайтдан олинди, дея рус тилида чоп этилган матнда Ғозий Зобул жангларда асир олингани иддао қилинди.

"Зобулда ЎИҲ тугатилган"

Толибларга тегишли кўрилган Интернет саҳифаларидан биридан олинган рус тилидаги матнда ўзбек жангарилари етакчиси Усмон Ғозий 60 жангчиси билан ноябрь бошида Зобулда асир олингани ва бу жангларда собиқ ЎИҲ тугатилгани иддао қилинган:

"Собиқ ЎИҲнинг битта гуруҳи Толибон мужоҳидлари томонидан Зобулда қамал қилинди. Амир Усмон Ғозий етакчилигидаги, тахминан 60 киши таслим бўлди, тахминан 50таси қаршилик кўрсатгани учун ўлдирилди. Асрлардан бир нечаси одам ўғирлагани, ўлдиргани, зўрлагани ва товламачилик қилгани исботлангач, шариат маҳкамаси асосида қатл қилинди. Шу тариқа, 20 йилча мавжуд бўлган жамоат тўлиқ йўқ қилинди" дейилади ушбу матнда.

Озодликда бу сурат ҳақиқатда ҳам Усмон Ғозийга тегишли эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ
Озодликда бу сурат ҳақиқатда ҳам Усмон Ғозийга тегишли эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ

Аммо, Толиблар томонидан асир олинган Ғозийнинг қандай қилиб қочгани, қандай ўлдирилгани ва унинг жасади Зобул кўчаларида қандай пайдо бўлиб қолгани ҳақида бирор маълумот берилмади.

Афғонистонлик журналистлар Ғозийнинг ўлганини иддао қилган ушбу манбалар Толибларга тегишли эканини тасдиқладилар. Аммо, афғон расмийлари бу иддаолар юзасидан ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.

Ғозийнинг ўлганига оид аввалги иддаолар

А​фғонистоннинг Зобул вилоятида 6-9 ноябрь кунлари Толиблар билан ўзаро жангларда собиқ ЎИҲ амири Усмон Ғозий асир олингани ва кейинчалик қатл қилинганига оид иддаолар 17-19 ноябрь кунлари пайдо бўлган эди.

Ўзбек жангарилари Зобулда Ахтар Мансурга қарши бўлган қўмондонлар - мулла Муҳаммад Расул ва мулла Додуллоҳлар билан бирга уруш қилгани Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан ҳам тасдиқланган.

Бундан ташқари, 14 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини собиқ ЎИҲнинг матбуот котиби, деб тақдим қилиб келган ва ҳаракатнинг расмий баёнотларини тарқатиш билан шуғулланган Нусратуллоҳ Мужоҳидга тегишли кўрилган видолашув тарқалган.

Ўтган ҳафтада эса афғон расмийлари ва маҳаллий оқсоқоллар 6-9 ноябрь кунлари Зобулда бўлган жангларда ўзбек жангарилари ҳимоясида юрган қўмондон мулла Додуллоҳ ўлдирилганини тасдиқлади.​

2 декабрь куни New York Times газетаси ҳам Додуллоҳга сўнг онларига қадар ўзбек жангарилари содиқ қолгани ҳақидаги мақолани чоп қилган ва уларнинг сонини бир неча ўн киши, деб келтирди.

Бу тафсилотлар собиқ ЎИҲ жангари гуруҳи ва унинг етакчиси Зобул жангларида ўлганига оид шу кунгача берилаётган иддаоли хабарларнинг қисман тасдиғи сифатида кўрилган эди.

ЎИҲнинг тугатилиши

Ўзбекистон Исломий ҳаракати 6 ой муқаддам "Исломий давлат" сафига ўтгани ва 1996 йилда тузилган ҳаракат тугатилиб, ИДнинг бир қисмига айланганини эълон қилган.

Ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг ҳалифа Бағдодийга байъат бергани акс этган видео тарқатилиб, унда Хуросон минтақаси халифалик тасарруфига ўтгани иддао қилинган.

Бундан ташқари, Усмон Ғозий мулла Умарнинг 14 йил муқаддам ўлганини даъво қилиб, Толибларнинг амалдаги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблаган, Покистон махсус хизматлари назоратига бўйсунган, деб қоралаган эди.

Толибларни "Исломий давлат"га қўшилишга чақирган Усмон Ғозий: "Хуросон минтақаси "Исломий давлат" тасарруфига ўтди", деб иддао қилган эди.

Усмон Ғозий ким?

Шу йилнинг май ойида Eurasianews.info нашрига интервью берган ва Ўзбекистон МХХ террорчи ўзбеклар ташкилотлари бўйича мутахассиси Виктор Михайлов, деб тақдим қилинган эксперт Ғозий шахси ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган эди:

​"ЎИҲнинг бошлиғи Усмон Ғозий 1970 йилда Тошкентдаги совет хизматчиси оиласида туғилган. 30 ёшлигида тенгдошлари таъсири остида Ўзбекистонни тарк этди ва қўшни Тожикистонга ўтди, у ерда эса ЎИҲ сафига қўшилиб, террорчилик фаолиятининг алифбосини ўрганди. Гуруҳнинг аввалги лидерларидан фарқли равишда Усмон Ғозийнинг диний илми ва нотиқлик қобилияти йўқ. У жангларда қатнашмаган. У саришта кўримли, яхши кийим кияди ва вақтида овқатланади. Зийнатларга ўч. Ҳар икки қўли бармоқларидаги йирик узуклари уни бошқа жангарилардан ажратиб туради", дея таъриф берган эди ЎИҲ ҳаракати етакчисига Ўзбекистон хавфсизлик хизмати эксперти.

ЎИҲ ҳақида

АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 1996 йилда тузилган.

Ҳаракат Ўзбекистонда экстремизм, радикализм ва терроризмга оид қатор айбловлар билан айбланган, 1993 йилда мамлакатдан қочиб чиққан наманганлик дин пешвоси Тоҳир Йўлдош томонидан тузилган.

Ҳаракат 1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида ўзининг илк қароргоҳини қурган ва ўша ердан туриб, Қирғизистоннинг Боткент вилоятига илк йирик ҳужумини уюштирган.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонда амирлик эълон қилган Толибларга қарши кураш бошлаган кезларда, ЎИҲ Толиблар сафига ўтди. Ўша кездаёқ Тоҳир Йўлдош Пентагон томонидан қидирувга берилди ва 2009 йилнинг 27 августида АҚШ дронидан отилган ракетадан яраланиб, ўлди.

Унинг ўлими 2010 йилда ҳаракат томонидан тасдиқланди ва ўша йили ҳаракатга куёви Усмон Одил раҳбар этиб тайинлангани эълон қилинди. 2012 йилда у ҳам ўлдирилди ва шундан буён ЎИҲга Усмон Ғозий раҳбарлик қилаётган эди.​

XS
SM
MD
LG