Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:25

OzodDayjest: Гўшт нархини сунъий туширишга уриниш тадбиркору фермерни хонавайрон қилиши мумкин


Гўшт нархи кескин кўтарилиши аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
Гўшт нархи кескин кўтарилиши аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири сиёсий эгоизмдан воз кечиш лозимлигини урғулади. Юзга яқин ўзбекистонликни чув туширган хорижлик жазосиз қолмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Абдулазиз Комилов: Халқаро майдонда ўйин қоидалари ўзгармоқда

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов коронавирус пандемияси ортидан дунё сиёсатида ўзгаришлар рўй бераётгани ҳақида гапирди (“Янги Ўзбекистон”, 23 октябрь).

Қайд этилишича, дунёда тубдан ўзгарган тартиб шаклланмоқда. “Буни, масалан, айрим давлатларнинг миллий эгоцентризм деб аталмиш хусусиятлари кучайишида, кўплаб ҳукуматларнинг, авваламбор, ўз мамлакатлари ёки ҳатто уларнинг алоҳида сиёсий доираларининг манфаатларини таъминлашга интилишида кўриш мумкин. Шундай ҳам ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий, гуманитар ривожланиш босқичи жиҳатидан сезиларли даражада фарқ қиладиган давлатларнинг тенгсизлиги тобора кучаймоқда. Айрим давлатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашиб, ахборот, технологик, санкциявий урушларнинг янада кескин босқичларига айланиб бормоқда” , - деган А.Комилов.

Вазирга кўра, бирон бир давлатни четлаб ўтмаган пандемия шароитида мавжуд кескинлик умумжаҳон муаммоларига ечим топиш, жумладан, қашшоқлик, очлик, хавфли касалликлар ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Таъкидланишича, халқаро майдондаги ўйин қоидалари янада қатъийлашиши кутимоқда. Ҳозирги вазиятда сиёсий эгоизмдан воз кечиб, дунёнинг барча етакчилари умумий муаммоларни ҳал қилишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириши мақсадга мувофиқдир.

Матбуот: Гўшт нархини сунъий туширишга уриниш тадбиркору фермерни хонавайрон қилиши мумкин

Гўшт нархи кескин кўтарилиши аҳолининг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда (“Маҳалла” газетаси, 29 октябрь).

Жорий йилнинг 9 ойи давомида гўшт баҳоси ўртача 14,8 фоизга ошди. Нарх кўтарилгач, маҳаллий раҳбарлар ишлаб чиқарувчиларга босим ўтказиб, маҳсулот қийматини сунъий пасайтиришга урина бошлади.

“Гўшт, умуман, ҳар қандай маҳсулот нархини ҳозир аксарият бозорларимизда қилинаётганидек, ишлаб чиқарувчига босим ўтказиш, белгиланган нархда сотишга мажбурлаш орқали пасайтиришнинг имкони йўқ. Бу, аввало, тадбиркор, фермер, деҳқоннинг синиши, хонавайрон бўлиши, ишлаб чиқаришнинг янада камайиб, нархлар баттар ошишига олиб келади, холос. Бундан ташқари, қассобу тадбиркорлар ҳам анойи эмас. “Гўшт 40 минг сўм” деб ёзиб қўйгани билан бу нархда ҳеч қачон сотмайди. Сотганида ҳам ё сифатсиз, ёки серсуяк маҳсулотни тортиб бериши тайин” , - деб ёзади газета.

Қайд этилишича, маҳсулот нархини тушириш учун муаммонинг туб илдизини бартараф қилиш, қолаверса, тизимда саноатлашувни жорий этиш керак.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга кўра, ем-хашак базаси учун хомашё захираларининг мавсумий камайиши, шунингдек, Қозоғистондан экспорт чеклови туфайли қорамол импорти қисқариши гўшт нархи ошишига сабаб бўлган омиллардан саналади.

Туркия фуқароси ўзбекистонликларни бир неча ўн миллиард сўмга чув туширди. ИИВ нега изоҳ бермаяпти?

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган “DOM TEHNIKI” МЧЖ юзга яқин фуқаронинг 50 миллиард сўмга яқин маблағини алдов йўли билан ўзлаштирди (www.kun.uz, 28 октябрь).

Масалан, фуқаро Баҳодир Қодиров 2019 йил май-август ойларида юк ортувчи машина, самосвал ва экскаватор учун мазкур фирмага 545 млн сўм тўлов қилган. Аммо бугунга қадар техникаларни олмаган. Фирма раҳбари бўлган Туркия фуқароси Хайретдин Кутукчу бугун-эрта топширамиз деб алдаб юрган, сўнг қочиб кетган.

“Шундан кейин барча пул тўлаган фуқаролар ташвишга тушиб, дастлаб 2-3 кун офис эшиги олдида тўпланиб турдик. Фойда бермагач, Яккасарой ИИБга ариза билан мурожат қилдик. Бу воқеага ҳам бир йилдан ошди, лекин ҳамон айбланувчини ушлаш ва ишни тегишли судга ошириш чоралари кўрилгани йўқ” ,- дейди жабрланувчи Б.Қодиров.

Таҳририятга кўра, ушбу ҳолат бўйича ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментидан маълумот олишга уринишлар самара бермаган.

XS
SM
MD
LG