Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:19

Швейцария прокуратураси Каримованинг 700 миллионини судсиз Тошкентга беришга шошилмоқда


Ўзбекистонга қайтариш сўралган пулларнинг каттагина қисми Гулнора Каримованинг хос котибаси (унинг ўнг томонидаги) Гаяне Авакян номига Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларида музлатиб қўйилган.
Ўзбекистонга қайтариш сўралган пулларнинг каттагина қисми Гулнора Каримованинг хос котибаси (унинг ўнг томонидаги) Гаяне Авакян номига Швейцария банкларида очилган ҳисоб рақамларида музлатиб қўйилган.

Озодлик Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцария банкида музлатилган 800 миллион Швейцария франкининг (шу кунда 810 миллион АҚШ долларига тенг – таҳр.) бир қисмини Тошкентга қайтариш масаласи принципда қарийб ижобий ҳал бўлгани ҳақида хабар тарқатганидан икки ҳафта ўтиб¸ Швейцария матбуотида бу хабарни тасдиқловчи маълумот пайдо бўлди.

Швейцария прокуратураси ордер берди...

Маҳаллий NZZ нашрида 16 июнь куни чоп этилган "Пул ювиш: Ўзбекистон учун миллионлар" сарлавҳали мақолада ëзишича¸ Швейцария прокуратураси 22 май куни чиқарган иккита ордерда мамлакат банкларида музлатилган Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкнинг 686.7 миллионини тезликда Тошкентга қайтариш сўралган.

NZZ нашри ўзи кўрганини иддао қилган "жазо чораларига оид ордер"ларда Гулнора Каримова тилга олинмаган. Нашрнинг ëзишича¸ бу ҳужжатларда Гулнора Каримованинг “собиқ эри ва яқин ҳамкасби”нинг Швейцария банкларидаги пулларини Ўзбекистонга қайтариш ҳақида гап боради.

Номлари келтирилмаган бу шахсларнинг¸ Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва унинг хос котибаси Гаяне Авакян эканини тахмин қилиш мумкин. Ўзбекистон маҳкамаси қарори билан Гулнора Каримова бизнес империясидаги энг муҳим саналган бу икки шахс ҳозирда 14 ва 13 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Швейцария прокуратураси 2012 йилда пул ювиш амалиëтларида гумонлаб жиноий ишга тортганлар рўйхатида бўлган Мадумаров ва Авакян¸ NZZ нашрининг ëзишича¸ Швейцарияда пул ювиш ва ҳужжатларни сохталаштирганликда айбланмоқда.

Ўзбек қамоғида ëзилган иқрор ва сўров

Швейцар прокуратураси ордерида¸ иккала айбланувчининг ўзига қўйилаëтган бу айбларга иқрор бўлгани айтилади. Ордерларда шунингдек¸ Ўзбекистон қамоғидаги Мадумаров ва Авакян¸ Швейцария банкларида ўз номига очилган ҳисоб рақамларидаги музлатилган пулларнинг мусодара қилинишига розилик берган ва бу пулларнинг улар ўғирланган мамлакат – Ўзбекистонга қайтаришни сўраган.

Айни ана шу иқрор ва сўровга асосланган Швейцария прокуратураси¸ бу иккала шахс номига Женева ва Цюрих банкларида очилган ҳисоблардаги 686.7 миллион франк (700 миллион АҚШ доллари) ни зудлик билан Ўзбекистонга қайтаришни сўраган.

Прокуратура ордерида¸ Швейцария Федерал кенгаши (Швейцария конфедерациясига кирувчи 7 ҳукумат раҳбарларидан тузилган олий федерал ижроия тизими -таҳр.) нинг 9 май куни бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида баëнот бергани айтилади.

Апрель ойида Гулнора Каримова билан кўришган адвокат эътирози

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Grégoire Mangeat¸ швейцар прокуратурасининг бундай ордерини процессуал нормаларни бузиш¸ деб атаган.

Каримованинг хориждаги адвокатига кўра¸ “бундай жазо чоралари адолатли маҳкама принципларига зид ва Гулнора Каримованинг фундаментал ҳақларини бузишдир.

Grégoire Mangeat¸ шунингдек¸ Мадумаров ва Авакянга ўзбек қамоқхонасида ëздирилган иқрорнинг ҳаққонийлигига ҳам шубҳа билдиради.

“Бундай иқрор Швейцария федерал прокуратурасини фактларни аниқлаштириш мажбуриятидан озод қилмайди”¸ деган NZZ нашри гаплашган Каримова адвокати.

Айни суҳбат давомида Grégoire Mangeat жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари Тошкентда Гулнора Каримова билан учрашгани ва у ўзига қўйилаëтган айбларни рад қилиб¸ уларнинг собиқ шерикларидан қийноқлар остида берилганини таъкидлаëтганини айтган.

Швейцариялик адворкати билан суҳбатда Каримова¸ Ғарб компанияларининг ўзига пора бергани ҳақидаги иқрорларини¸ АҚШ иқтисодий санкцияларига чап бериш йўли¸ сифатида баҳолаган.

Grégoire Mangeat¸ Швейцария прокуратураси тезроқ тугатишга уринаëтган жиноий иш доирасида қўйиладиган навбатдаги қадамларини муҳокама қилиш мақсадида Гулнора Каримова билан бир ой давомида бирга ишлаши лозимлигини таъкидлаган.

XS
SM
MD
LG