Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Гемодиализга муҳтож 160 дан ортиқ самарқандлик бошқа вилоятларда муолажа олишга мажбур бўлмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Самарқанд Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги давлатга қарашли ягона гемодиализ бўлимидаги носозликлар туфайли буйрак етишмовчилиги касалига чалинган 160 дан ортиқ бемор бошқа вилоятларга бориб даволанишга мажбур бўлмоқда.

Озодликка бу ҳақда хабар йўллаган беморлардан бирининг онаси хусусий гемодиализ марказида даволаниш жуда қиммат бўлганлиги сабабли, улар бошқа вилоятлардаги гемодиализ марказларига ҳафтасига икки-уч мартадан қатнашга мажбур бўлишаётганини айтди.

Ўзбекистонда буйрак етишмовчилигига чалинган беморларга нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш жуда ёмон даражада эканини президент Шавкат Мирзиёев ҳам тан олган ва 2018 йилнинг 12 июлида даволаш сифатини ошириш юзасидан махсус қарорни имзолаганди.

Қарорда "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш бўйича фаолияти қониқарсиз", деб топилсин деб таъкидланган.

Гемодиализга муҳтож 160 дан ортиқ самарқандлик бошқа вилоятларда муолажа олишга мажбур бўлмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00


Бемор онаси: "Гемодиализ аппаратлари бир ой ишласа, бир ой ишламай қолади"

Беморлардан бирининг онаси Самарқанддаги Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги гемодиализ бўлимида ўтган йилнинг октябридан бошлаб аппаратлар бир ой ишлаб, бир ой бузуқлигидан нолиди:

“Қизим ўтган йилнинг октябридан бери гемодиализ олади. Ҳар уч кунда бир марта бу жараёндан ўтиши керак. Бир -икки марта олганимиздан кейин гемодиализ аппаратларига сув етказиб берувчи фильтрлар ишдан чиқиб, бир ой ишламади. Ўшанда Чирчиққа бориб, бир ой ётиб гемодиализ олишимизга тўғри келди. Ноябрда Самарқанддаги аппаратлар яна ишлай бошлагани учун уйимизга қайтдик. Ўтган ҳафтанинг сешанба кунида аппаратлар яна ишдан чиқибди. Энди ҳафтасига икки кун Жиззахга қатнаяпмиз. Бемор қизимнинг аҳволи йўл азобидан янада ёмонлашиб қолди”

Бемор қизнинг онасига кўра, Самарқандда 160 нафардан ортиқ бемор учун фақат 4 та гемодиализ аппарати бор. Шунинг учун беморларнинг навбати ярим кечада етиб келади:

“Ўша тўртта аппаратнинг иккитаси ҳам жуда эски. Аппаратлар етишмаслиги ортидан бизнинг навбатимиз кўпинча соат тунги 11 ларга тўғри келади. Кейин муолажа учун камида 3,5 соат вақт кетади. Ўшанда тунги соат 2-3 ларда уйга қайтамиз. Беморлар учун бу жуда оғир”.

Шифокор: "Ускунани созлайдиган усталар бармоқ билан санарли, навбат кутамиз"

Мазкур хабар ортидан Озодлик мухбири Самарқанд Шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонасидаги гемодиализ бўлимига мурожаат қилди. Ўзини таништиришни истамаган шифокор аппаратлар тез-тез ишламай қолишини тасдиқлади.

Унга кўра, бунга аппаратларга сув етказиб берувчи станциянинг (гемодиализ аппаратининг таркибий қисми) мунтазам бузилиб қолиши сабаб бўлмоқда. Бу ускунани созлайдиган усталар эса бармоқ билан санарли бўлиб, улар бошқа вилоятлардаги ускуналарни таъмирдан чиқариб бўлгунига қадар навбат кутишга тўғри келади. Шифокор бундан бошқа тафсилотларни очиқлашни истамади.

Шифокор Самарқандда “Zartek” хусусий гемодиализ маркази ҳам борлигини, шунинг учун давлат шифохонасидаги аппаратлар ишламаган пайтда беморлар ўша марказдан муолажа олишлари мумкинлигини таъкидлади.

Бемор онаси: "Хусусий марказда муолажа учун ойига 700 доллар керак"

Бироқ беморлар “Zartek” хусусий гемодиализ марказида муолажа олиш ҳақи жуда қимматлигидан нолимоқдалар.

“У ерда бир марта муолажа олиш 796 минг сўм. Бир ҳафтада икки марта олсак деярли 1 миллион 600 минг сўм бўлади. Бир ойлигини ҳисобласак 700 долларга яқинлаб қолади. Беморлар, уларнинг оилалари бунча пулни қаердан олади? Ноилож қолганимизда бир-икки марта шу ерда ҳам муолажадан ўтдик”, деди беморлардан бирининг яқин қариндоши.

“Zartek” хусусий гемодиализ маркази масъуллари Озодлик мухбирининг нарх-наво қайси асослардан келиб чиқиб белгилангани тўғрисидаги саволарига жавоб беришдан бош тортди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, “Zartek” гемодиализ маркази Самарқанддаги “Zarmed” хусусий тиббий марказининг шўъба корхонасидир. У Самарқанддан ташқари Бухоро ва Қаршида ҳам ўз филиалларига эга.

Турк инвесторлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур марказ Самарқанд бўлимида 12 та, Бухоро бўлимида 8 та, Қарши бўлимида 10 та замонавий гемодиализ аппаратларига эга. 2019 йилнинг 4 декабрида иш бошлаган “Zartek”ка Туркиянинг Tek Group ширкати 500 минг доллар, “Zarmed” 500 минг доллар маблағ ётқизган.

Мутахассис: "Ўзбекистонда гемодиализга муҳтож 2600 бемор бор"

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ишловчи мулозимнинг Озодлик радиосига айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда гемодиализ муолажасидан ўтадиган 2600 бемор бор.

Президент қарори билан Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси негизида Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази буйрак етишмовчилигига чалинган беморлар муолажаси учун ихтисослашган энг йирик шифохона ҳисобланади.

“Бу ерда 170 та ўрин ташкил этилган ва катталар учун 30 та, болалар учун 10 та замонавий гемодиализ аппааратлари мавжуд. Қолган вилоятларда эса ҳалигача гемодиализ аппаратлари етарли эмас. Масалан, Жиззахда 10 гемодиализ аппарати бор, яъни ҳар 10 беморга 1 та гемодиализ аппарати тўғри келади. Бу чидаса бўладиган ҳолат, аммо Самарқандда ҳақиқатан ҳам гемодиализ аппаратлари эски. Эҳтиёт қисмларни чет элдан сотиб олишга тўғри келади, бунинг устига, таъмирдан чиқарилганидан кейин ҳам, гемодиализ аппаратларига келадиган сув учун махсус фильтрларни бошқарадиган малакали инженерлар етишмайди”, деди мутахассис.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йилнинг августида Германиянинг «VAMs GmbH» ширкати билан аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдам соҳасида янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги келишувни имзолаган эди.

Келишувга асосан гемодиализ хизматини кўрсатувчи 20 га яқин янги тиббий клиникалар ташкил этилиши керак эди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ишловчи мутахассиснинг айтишича, шу кунгача Жиззах шаҳрида туманлараро гемодиализ марказини очиш лойиҳаси амалга оширилган.

Мазкур лойиҳани 2022 йилгача якунлаш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 27 миллион долларни ташкил этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига мазкур муаммо юзасидан Озодлик йўллаган саволларга ҳозирча жавоб келмади.

Президент қарори ва кўрсатмаси

Ўзбекистонда буйрак етишмовчилигига чалинган беморларга нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш жуда ёмон даражада эканини президент Шавкат Мирзиёев ҳам тан олган. Президент 2018 йилнинг 12 июлида имзолаган қарорида "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш бўйича фаолияти қониқарсиз", деб топилсин деб таъкидланган.

“Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида: “тиббиёт муассасаларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг умумий сони реал эҳтиёждан бир неча баравар кам, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашган, кўпгина гемодиализ машиналарининг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетган”, деб билдирилган.

Бундай ҳолатга барҳам бериш мақсадида президент “гемодиализ аппаратлари ва сарфлаш материаллари етказиб беришга зарур рухсатномалар беришнинг, хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан гемодиализ хизматлари кўрсатишнинг амалдаги тизимини тубдан соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўриш”га ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб магистратура ва клиник ординатуранинг “нефрология” ва “болалар нефрологияси” мутахассисликлари бўйича янги йўналишларини очишга кўрсатма берганди.

Буйрак етишмовчилиги ва гемодиализ нима?

Тиббиёт соҳасига бағишланган сайтларда бу икки атамага қуйидагича таъриф берилган:

Буйрак етишмовчилигибуйрак фаолиятининг пасайиши синдроми. Тўсатдан (ўткир) ёки секин-аста (сурункали) рўй беради.

Ўткир буйрак етишмовчилигида буйрак фаолияти, хусусан, азот, сув-туз ва бошқа(лар) моддалар алмашинуви издан чиқади, бунда сийдик кам ажралади, оғир ҳолларда бутунлай ажралмай қолади (анурия, уремия). Қонда сийдикчил (мочевина) миқдори кўпаяди, организмнинг сийдикдан заҳарланиши кузатилади; тери ости, қорин ва кўкрак қафасида суюқлик тўпланади («сувдан семириш»).

Ташналик, оғиз қуриши, тери қуруқшаб қичишиши, қусиш, камқонлик; нафас аъзолари, юрак-томирлар ва меъда-ичак фаолиятининг бузилиши аломатлари кузатилади. Сийдикнинг нисбий зичлиги камайиб, миқдори эса ортади.

Гемодиализқонни заҳарли моддалардан тозалаш, қон муҳити ва сув-минераллар алмашинувини мувозанатлаш усули. Гемодиализда вена ёки артерия қони махсус капиллярли диализатордан ўтказилиб, қон такибидан ортиқча сув, сийдикчил ва бошқа(лар) кераксиз моддалар сўриб олинади.

Буйрак етишмовчилигига чалинган беморлар ҳафтасига икки-уч мартадан мазкур муолажадан ўтишга мажбурлар. Ҳар бир муолажа 3-4 соат давом этади.

XS
SM
MD
LG