Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

Буйрак кўчириш операцияси ўзбекистонликларга 40 минг долларга тушмоқда


Наманганда пахта ўрнига сабзавот эккан фермерларга жиноий иш очилди. Хонанда Усмоновани фирибгарлар чув туширди. Сурхондарёда газ баллон учун йиғилган катта миқдордаги маблағ еб юборилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Маҳалла оқсоқолларига талаб кучайтирилди”

Жорий йил ноябр-декабр ойларида Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари – оқсоқоллар ва маслаҳатчиларнинг навбатдаги сайлови бўлиб ўтади (“Ҳуррият”, 18 сентябр).

Республика бўйича 9756 нафар раис ва 97 минг нафардан зиёд маслаҳатчи сайланади. Олий Мажлис Сенати аъзоси Эркин Рўзметовга кўра, бу йил оқсоқол лавозимига номзодларга талаб кучайтирилган.

Эндиликда маҳалла раислигига номзод олий маълумотли бўлиши, сайловга қадар ўша ҳудудда камида беш йил доимий яшаётган бўлиши, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида, тадбиркорлик ёки бошқа хўжалик фаолиятида иш тажрибаси ҳамда аҳоли ўртасида обрўга эга бўлиши талаб этилади.

“Unitel” ширкати даъвоси рад этилди

Тошкент шаҳар хўжалик суди “Unitel” ширкати (Россиянинг “Vimpelcom” компанияси шўъбаси)нинг Ўзбекистон монополияга қарши курашиш идораси қароридан норози бўлиб берган даъвосини рад этди (“Новый век”, 19 сентябр).

Монополия идораси “Beeline” ва “Ucell” савдо белгиси остида фаолият юритаётган ширкатларни хизмат баҳосини келишган ҳолда оширишда айблаган ва уларга 30 миллион сўм миқдорида жарима белгилаганди. Жорий йил июлида Тошкент шаҳар хўжалик суди “Unitel” ширкатининг монополия идорасига қарши бошқа бир даъвосини ҳам қаноатлантирмаганди. Монополия идораси Россия уяли алоқа ширкатини монополия ширкатлари рўйхатига тиркаган ва “Unitel” бундан норози бўлганди. Пировардида, “Unitel” монополистлар рўйхатида қолдирилганди.

“Буйрак кўчириш операцияси 40 минг долларга тушмоқда”

Ўзбекистонда одам аъзолари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш (трансплантация) тўғрисида қонун қабул қилинмагани сабабли буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиёти амалга оширилмаётир (“Даракчи”, 19 сентябр).

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу масалада меъёрий ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган ва тегишли вазирлик ва идоралар билан келишув босқичида. Асосийси, бу борада мамлакат парламенти қонун қабул қилиши керак. Ҳозирги кунда мамлакат фуқаролари асосан АҚШ, Россия, Германия, Испания, Хитой, Покистон ва Ҳиндистонга бориб буйрак кўчириш операциясини ўтаб қайтмоқдалар. Мазкур операция ўртача 35 минг-40 минг АҚШ долларига тушмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу борада қонун қабул қилингунга қадар Ўзбекистон фуқаролари жойлардаги даволаш муассасаларида ташкил этилган сунъий буйрак аппаратлари ёрдамида гемодиализ муолажаларини олиб туришлари мумкин.

“Пахта ўрнига сабзавот эккан фермерларга жиноий иш очилди”

Наманган вилоятида пахта ўрнига бошқа экинларни эккан бир қатор фермерлар ўзбошимчаликда айбланиб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди (“Диёнат”, 19 сентябр).

Вилоят прокуратураси расмийси Дилмурод Собиржоновга кўра, Поп туманидаги “Озода Мадали” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Исмонов 2013 йил ҳосили режасига мувофиқ 108,9 гектар ернинг 43,3 гектарига пахта экиши лозим эди. Прокуратура фермер чигит экилиши керак бўлган ернинг 10,8 гектарига сабзавот, дуккакли ва полиз экинлари экканини аниқлаган.

Шу тумандаги “Чодак” фермер хўжалиги раҳбари Помир Нормуҳамедовга ҳам чигит экилиши кўзда тутилган 29,7 гектар ерга кашнич ва дуккакли экинлари эккани учун жиноий иш очилган. Прокуратура вакили фермерларни ердан ўзбошимчалик билан фойдаланмасликка чақирган, акс ҳолда, жазоланишдан огоҳлантирган.

“Газ баллони учун йиғилган катта миқдордаги маблағ еб юборилди”

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида аҳолидан газ баллони ва бошқа харажатлар учун йиғилган катта миқдордаги маблағни ўзлаштириш ҳолати аниқланди (“Истеъмолчи”, 19 сентябр).

70 дан ошиқ хонадондан газ баллони учун 45 минг сўмдан пул йиғилган. Лекин фуқароларга газ баллони олиб берилмаган. Мазкур маблағ эса “Жанубгазтаъминот” унитар корхонасининг Сариосиё тумани филиали раҳбари У.Турдиев, филиал ҳисобчиси У.Мирзаев, назоратчи Ш.Муродов ва Хуфор қишлоқ фуқаролари йиғини раиси А.Муҳамедов ўртасида бўлиб олинган.

Ички ишлар идораси ўрганишларига кўра, мазкур мутасадди шахслар ўтган йили ҳам айни шундай баҳона билан фуқаролардан пул йиғиб олиб, маблағларни ўзлаштирган. Мазкур ҳолат бўйича суриштирув олиб борилаётгани маълум қилинган.

“Кекса журналист арзимас гонорар деб пенсиясидан айрилди”

Тошкентлик нафақадаги журналист газеталарга мақола ёзиб, арзимас миқдорда гонорар олгани сабабли пенсиясининг ярмидан мосуво бўлди. Бу ҳақда “Новый век” газетаси маълум қилди.

Исми ва қаерда яшаши ошкор этилмаган кекса журналист йил давомида 3 марта – 37 минг, 15 минг ва минг сўмдан қалам ҳақи олган. Йил якунида эса ижтимоий таъминот идораси уни чақириб, пенсияда бўла туриб даромад олгани учун, давлатга пенсиясининг ярмини – икки миллион сўмни қайтариши лозимлигини айтган.

Газетага кўра, бир марталик гонорарнинг доимий асосдаги иш сифатида талқин этилиши қонунчиликка тўғри келмайди. “Бундан кейин нафақат журналистлар, кинорежиссёрлар, шоир ва ёзувчилар, бастакорлар, рассомлар асар яратишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришларига тўғри келади: пенсиядан воз кечган маъқулми ёки гонорардан?” деб ёзади нашр.

“Хусусий фирма телефон тармоғига уланишни бир ой кутди”

Фарғона шаҳридаги “Cигма фарм” ва “ҚКМК-77” масъулияти чекланган жамиятлари телефон ва интернет тармоғига улаб беришни сўраб Фарғона шаҳар телекоммуникациялар боғланмасига мурожаат қилди (“Инсон ва қонун”, 17 сентябр).

Аммо телекоммуникация идораси раҳбариятини масъулиятсизлиги туфайли хусусий корхоналар телефонга уланишни бир ой кутишга мажбур бўлди. Фирма раҳбариятининг шикоятидан кейин, ушбу ҳолат бўйича телекоммуникация идораси бош муҳандиси Носир Жўрақулов жаримага тортилган.

“Алишер Навоий шеърлари поляк тилида чоп этилди”

Полшада улуғ мутафаккир Алишер Навоий шеърлар тўплами поляк тилида чоп этилди (“Ўзбекистон овози”, 19 сентябр). Мазкур китобнинг илк нусхаси таржимон Я.Кжижовскийнинг илтимосига кўра Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига юборилган.

Таниқли таржимон Я.Кжижовский Берлиндаги Гумболдт университетида докторлик ишини ҳимоя қилган. Айни пайтда у Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини поляк тилига таржима қилмоқда.

“Хонанда Усмонова фирибгарлар қурбони бўлди”

Юлдуз Усмонованинг қизи, ёш хонанда Нилуфар Усмонова фирибгарлар қурбони бўлди.

“Даракчи” нашри хабарига қараганда, айни пайтда қидирилаётган бир гуруҳ фирибгарлар Малайзияда Усмонова номидан ёлғон концерт уюштирган, томошабинларга чипта сотган.

Концерт дастури ҳақида эса на хонанданинг ўзи, на у ҳамкорлик қиладиган “Тарона рекордс” студияси хабар бўлган. Мазкур ёлғон концерт бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG